“Металлург” биринчи марта “Машъал”ни йирик ҳисобда енгди
Ўзбекистон миллий чемпионатининг навбатдаги турида Муборакнинг “Машъал” жамоасини қабул қилган “Металлург” футболчилари рақиблари дарвозасига жавобсиз олтита гол киритишди – 6:0! Бу бекободликларнинг “Машъал” устидан қозонилган биринчи йирик ҳисобдаги ғалабасидир.
Ўйин бекободликларнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. 10-дақиқада шундай ҳужумларнинг биридаЗоҳид Абдуллаев рақиб дарвозабони билан яккама якка чиқди. Жавоҳир Илёсов уни қўполлик билан тўхтатиб қолишдан бошқа чора тополмади. Учрашув ҳаками Вадим Агишев эса иккаланмасдан “Машъал” дарвозабонига қизил карточка кўрсатди. Бошқа чораси қолмаган Александр Хомяков ҳужумчи Ҳумоюн Муртозоев ўрнига заҳирадаги посбон Ботир Носировни туширди. Аммо у мезбонлар томонидан чиройли ташкил этилган комбинациядан сўнг тўпни қайтариб қололмади. Аюбхон Нўъмонов узатган тўпни Дилмурод Каримов тепмоқчи бўлиб, ўтказиб юборди. Ортидан келаётган Муроджон Тошматов эса кучли зарбаси билан ҳисобни очди – 1:0.
Навбатдаги голни мухлислар ярим соатча кутишди. Бу гал майдон эгаларининг марказ бўйлаб амалга оширган тезкор ҳужуми гол билан якунланди. “Металлург” тўпурари Зоҳид Абдуллаев рақиб ҳимоячиларининг пала партиш ўйинидан унумли фойдаланиб ўзининг чемпионатдаги 11-голини киритди – 2:0.
Биринчи таймнинг сўнгги сонияларида майдон эгалари ўнг қанотдан ажойиб комбинацияни ташкил этишди. Дилмурод Каримов жарима майдонига кирмасдан икки ҳимоячини ортда қолдириб, кучли зарба берди. Тўп дарвозанинг юқори бурчагига бориб тушди – 3:0.
Учрашувнинг иккинчи таймини ҳам мезбонлар тезкор ҳужум билан бошлашди ва Муроджон Тошматов аниқ зарбаси билан Ботир Носировни навбатдаги бор доғда қолдирди – 4:0.
Меҳмонлар иккинчи тайм ўрталарига келганда вазиятни бироз ўнглашди ва икки марта жавоб тўпи киритиш имкониятига эга бўлишди. Даставвал Аббос Шодмонов дарвозабон билан яккама якка чиқиб кетаётган бир пайтда тўпни ўзидан узоқлаштириб юборди ва Суҳроб Султонов уни эгаллаб олди. Бир дақиқа ўтар ўтмас Зоҳир Қўзибоевнинг кучли зарбасидан кейин Султонов тўпни қийинчилик билан тўхтатиб қолди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқалари яна бекободликларнинг ҳужумлари остида ўтди. Натижада улар яна икки марта муваффақият қозонишди. Чап қанотдан бошланган ҳужумни Эргаш Исмоилов давом эттирди ва майдон бурчагига бориб тўпни марказ бўйлаб ҳаракатланаётган Дониёр Одиловга узатди. “Металлург” ҳужумчиси нафақат мавсумдаги, балки миллий чемпионатимиздаги биринчи голини шу тариқа чиройли тарзда, рақиб дарвозасининг юқори бурчагига жойлаб қўйди. Меҳмонлар ўйинни марказдан бошлаб улгурмасидан бекободликлар сардори Ҳикмат Ҳошимов рақиблардан тўпни олиб қўйди ва узун тўп ошириши билан “Машъал” жарима майдони ичидаги Зоҳид Абдуллаевни топди. Зоҳид эса биргина уруниши билан ҳисобнинг янада йирик кўриниш олишини таъминлади – 6:0!
“Металлург” – “Машъал” – 5:0 (3:0). 8.08.2016 йил. 18:00. Бекобод. 2712 томошабин.
Ҳакамлар:Вадим Агишев – 8,5, Расулжон Фозилов– 8,3, Мўъминжон Мажидов– 8,2, Жасур Мухторов– 9.
Назоратчи ҳакам:Сардор Нажафалиев (Тошкент).
ЎзПФЛ вакили: Григорий Ртвеладзе.
Голлар:1:0 – Муроджон Тошматов (13), 2:0 – Зоҳид Абдуллаев (40), 3:0 – Дилмурод Каримов (45), 4:0 – Муроджон Тошматов (46), 5:0 – Дониёр Одилов (85, пас - Эргаш Исмоилов), 6:0 – Зоҳид Абдуллаев (88, пас Ҳикмат Ҳошимов).
“Металлург”:32. Суҳробжон Султонов, 4. (с) Ҳикмат Ҳошимов, 6. Дилмурод Каримов (11. Фаррух Шотурсунов, 60), 7. Дониёр Одилов 8. Аюбхон Нўъмонов, 14. Давронбек Каримқулов, 15. Зоҳид Абдуллаев, 22. Муроджон Тошматов (19. Эргаш Исмоилов, 65), 23. Шерзод Жалилов, 70. Жаҳонгир Абдумўминов (40. Исломжон Қобилов, 76), 77. Саиджон Абдужабборов.
Заҳира:91. Зафар Сафоев, 9. Фарҳод Намозов, 19. Эргаш Исмоилов, 27. Муҳаммадодил Қаҳрамонов, 40. Исломжон Қобилов.
“Машъал”:35. Жавоҳир Илёсов, 2. Искандар Шойқулов, 5. Ғиёсжон Комилов (22. Сирож Ҳамроев, 46), 6. Сардор Абдураимов, 7. Зоҳид Қўзибоев, 8. Мирзакамол Камолов, 9.Ҳумоюн Муртозоев (30. Ботир Носиров, 11), 10. Шамшод Ҳасанов, 13. Шаҳзод Шайманов, 18. Аббос Шодмонов, 55. Аваз Агалиев.
Заҳира: 17. Владислав Павленко, 19. Мирзоҳид Ғофуров, 22. Сирож Ҳамроев, 33. Андрей Деркач, 90. Зафар Тўраев.
Огоҳлантиришлар:Аваз Агалиев (28), Саиджон Абдужабборов (62).
Четлатиш:Жавоҳир Илёсов (11).
Манба: metallurg-pfc.uz
Киритилди: 09:22, 09.08.2016.
Ўқилди: 2993 марта.
Фикрлар: 1 та.