Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Реал» ўз тарихида учинчи марта УЕФА Суперкубоги соҳиби бўлди!

Баҳо:
+ | -

Норвегиянинг Тронхейм шаҳрида УЕФА Суперкубоги учун баҳс - «Реал» - «Севилья» ўйини бўлиб ўтди. Учрашувда «Қироллик клуби» кичик ҳисобда ғалаба қозониб, ўз тарихида учинчи марта нуфузли соврин соҳибига айланди.

Ўйин куни Тронхеймда кучли жала ёғди ва футболчилар ноқулай об-ҳаво шароитида тўп суришга мажбур бўлишди.
Биринчи бўлимнинг дастлабки қисмида «Реал» бироз ташаббусга эга бўлди ва 21-дақиқада ҳисобни очди.
Асенсио чамаси 25 метр масофадан дарвоза томон зарба йўллаганида, тўп юқори бурчакка кириб кетди. Чиройли гол қаршисида дарвозабон ҳам ожиз эди.

Шундан сўнг «Севилья» уйғонди. Жамоа дадил ҳужумга ўта бошлади ва 41-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Вьетто ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига етказганида, Франко Васкес ҳимоячилар орасида турган ҳолда зарба йўллади. Натижада тўп дарвозанинг пастки узоқ бурчагига кириб кетди.

Иккинчи бўлимда ҳар иккала жамоа бош мураббийи майдонга етакчиларни туширди. Натижада ўйин ҳам бироз жонланди.

71-дақиқада баҳсли ҳолат юзага келди. Бош ҳакамнинг фикрига кўра, Серхио Рамос жарима майдони ичида Витолони оёғини босиб олди. Натижада пенальти белгиланди ва уни Коноплянка аниқ амалга ошириб, жамоасини олдинга олиб чиқди.

Ўйин якунига қадар «Реал» мағлубиятдан қутилиб қолиш учун харчанд уринмасин, «Севилья» ҳимояда хатога йўл қўймади ва ғалаба келтирувчи ҳисобни ушлаб қолиши мумкин эди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Рамос ўз хатосини тўғирлашга муваффақ бўлди.
Лукас Васкес ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига етказганида, ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Серхио Рамос боши билан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.

Қўшимча таймнинг бошида «Севилья» ҳимоячиси Колодзейчак иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди ва жамоасини қийин аҳволда қолдирди. Шундан сўнг ташаббус «Реал» томонга ўтди. «Севилья» катта куч билан ҳимояланиб, ўйинни пенальтилар сериясигача олиб бормоқчи эди. Бироқ Карвахаль сўнгги дақиқада уч ҳимоячини алдаб ўтиб, жарима майдонига кириб келди ва посбон билан юзма-юз вазиятда тўпни дарвозага йўллади.

Шу тариқа «Реал» ўз тарихида учинчи марта УЕФА суперкубоги соҳиби бўлди ва бу кўрсаткич бўйича «Ливерпуль» ва «Аякс» билан тенглашди. Олдинда фақат «Барселона» ва «Милан», улар 5 марта нуфузли совринни қўлга киритишган.

9 август. Тронхейм, «Леркендаль» стадиони

«Реал» (Мадрид, Испания) – «Севилья» (Испания) - 3:2 (қўшимча вақтдан сўнг)
Голлар: Асенсио (21), Рамос (90+3), Карвахаль (119) - Васкес (41), Коноплянка (72 пен)

Реал Мадрид – Касилья, Рамос, Варан, Карвахаль, Марсело, Иско (Модрич, 66), Ковачич (Хамес, 72), Асенсио, Каземиро, Васкес, Мората (Бензема, 62).

Севилья – Рико, Мариано, Колодзейчак, Пареха, Каррису (Рами, 51), Иборра (Краневиттер, 74), Кийотаке, Витоло, Нзонзи, Васкес, Вьетто (Коноплянка, 67).

Огоҳлантиришлар: Витоло (40), Карвахаль (84), Асенсио (86), Колодзейчак (90), Хамес (93).
Четлатиш: Колодзейчак (93).

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 02:24, 10.08.2016.
Ўқилди: 12631 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.