Ўзбекистон бокс терма жамоасининг олтинчи аъзоси медаль соҳибига айланадиган бўлди. 56 кг. вазнда иштирок этаётган Муроджон Аҳмадалиев чорак финалда аргентиналик Алберто Эзекьел Мелианни мағлубиятга учратди.
Ҳамюртимиз биринчи раунднинг ўзида рақибини техник нокаутга учратди. Бўлимнинг сўнгги дақиқаси ўтиб бораётган пайтда аргентиналик боксчи Муроджоннинг жуда кучли зарбасини ўтказиб юборди. Натижада у ўзига кела олмади. Рефери иккинчи нокдаундан кейин жангни якунлашга қарор қилди.
Муроджон Аҳмадалиев ярим финалда кубалик Робейси Рамиресга қарши жанг олиб боради. Бу баҳс 18 август кунига белгиланган.
Юқорида айтганимиздек, ўзбекистонлик олтинчи боксчи камида ярим финалгача етиб келди. Чорак финал босқичида яна икки ўзбек боксчиси рингга чиқади. Бугун Баҳодир Жалолов, эртага эса Шаҳобиддин Зоировнинг жангларини томоша қиламиз.