Таниқли сўз устаси Шукрулло Исроилов Рио—2016 Олимпиадасининг бокс мусобақаларини диққат билан кузатиб бормоқда — буни унинг ўзбек боксчиларига Instagram орқали қилаётган видеомурожаатларидан ҳам сезиш мумкин.
Дастлабки видеомурожаатида Шукрулло Исроилов асосан икки боксчига — Ўзбекистон олимпия делегацияси байроқдори Баҳодир Жалолов ва Фазлиддин Ғойибназаровга мурожаат қилган эди.
Кейинроқ унинг иккинчи видеомурожаати пайдо бўлди — у Шаҳобиддин Зоировнинг жангини томоша қилганини маълум қилиб, унинг ҳаракатларига «беш баҳо» қўйди.
Шукрулло Исроилов ўзининг учинчи видеомурожаатини эса финал жангида мағлуб бўлган ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсовга бағишлади: «Шу йигит олтин медални олиши керак эди, лекин кумуш ҳам ёмон эмас. Шаҳрам, кайфиятни туширма! Кейинги Олимпиадада албатта олтинни оласан. Мен ёнингдаман!».
Эътиборли томони, видеомурожаатлари ортидан Шукрулло Исроилов Instagram тармоғида ўзининг расмий — @shukurullo_isroilovoriginalсаҳифасини очди.
Маълумот учун, Ўзбекистон олимпия термаси байроқдори Баҳодир Жалолов бокс мусобақаларининг чорак финалида курашдан чиқди, Шаҳрам Ғиёсов эса финал жангида мағлуб бўлди. Фазлиддин Ғойибназаров ва Шаҳобиддин Зоиров эса 19 август куни ярим финал жангларини ўтказади.