Трансфер оламининг энг шов-шувли харидларидан бири, шак-шубҳасиз “Манчестер Юнайтед”нинг салкам 110 млн еврога Пол Погбани сотиб олгани бўлди. Шахсан Жозе Моуринюнинг ўзи “МЮ” раҳбарларига “Шу болани сотиб олинглар!” деб шарт қўйганидан кейин клуб раҳбарлари узоқ музокара олиб боришди ва якунда Погба учун белгиланган маблағни тўлашди. Бу эса Полни дунёнинг энг қиммат футболчисига айлантирди, у рекорд ўрнатди.
Аммо асосий гап рекордда эмас, гап ана шу “рекорд”нинг “МЮ”га фойда келтириш-келтирмаслигида. Хўш, Жозе Погбадан самарали фойдалана оладими?
ТЕСКАРИ ТАКТИКАЛАР
Пол Погбанинг ўйин услуби билан “Манчестер Юнайтед”нинг тактикаси бир-бирига тескари. Пол Погба дриблинг ва тартибга асосланган ўйин намойиш қилади. “МЮ”нинг ўйини эса тезкорликка асосланган. Умаман, Англия футболининг юраги тезкорлик. Хўш, Погба бу услубга мослаша олармикин?
Англия чемпионатининг иккинчи туридан ўйин олган ўйинда кўриндики, Погба “МЮ”га мослашиб кета олади. Жозе Моуриню Погбани майдонда шундай жойлаштирдики, у ҳам дриблинг кўрсатди, ҳам тезкор ўйин намойиш қилди. Бу эса мураббийнинг “сеҳргарлиги”, холос. Қолаверса, Погба илгари “МЮ” футболчиси эди, у машғулотларда қатнашарди, шу боис ушбу жамоага мослашиб кетиши қийин эмасдек туйилмоқда, аммо...
МАРКАЗИЙ ЎЙИНЛАР ҲАЛИ ОЛДИНДА
Погбанинг ўйнай олиши ёки олмаслиги марказий ўйинларда яққол намоён бўлади. “Манчестер Сити”, “Тоттенхем”, “Ливерпул” каби тезкор ўйин намойиш қиладиган клубларга қарши кечадиган матчларда Погба марказий чизиқда якка ҳукмронлик ўрнатиши талаб этилади. Бунинг учун эса у “МЮ”ҳужум уюштираётганда рақибларнинг тезкор футболчиларини доғда қолдириб, ҳужумчиларга тўп етказиб бера олиши, рақиб ҳужум уюштираётганда эса тезкор футболчиларга қарши тезкор ўйнаб, тўпни марказдаёқ олиб қўйишга интилиши керак. Бу, албатта, осон иш эмас. Айниқса, узоқ муддат Италия чемпионатида ўйнаб, италян футболига кўникиб қолган ўйинчи учун. Аммо Погба бу вазифани уддалаши шарт, чунки у учун анча-бунча пул сарфланган.
БОСИМ ЖУДА КАТТА
Погба Манчестерда жуда катта босим остида ҳаракат қилиши тайин. Чунки унга яхшигина пул сарфланди ва бундан норози бўлган мухлису мутахассислар ҳам талайгина. Агар Погба бирорта хатога йўл қўйса борми, тамом, бир зумда унинг учун тўланган пуллар йодга олинади ва “Айтмаганмидим, Погба ўзи учун тўланган фалон миллион еврога арзимайди”, қабилидаги гап-сўзлар кўпаяди. Бунинг Погбанинг ўзи ҳам сезиб турибди. Гарчи “Мен ўйиндан роҳат олмоқчиман, мен учун қанча тўлангани муҳим эмас”, деган бўлса-да, барибир, мияси бор одам бунча пул ҳақида ўйламаслиги мумкин эмас. Салкам 110 млн евронинг тўланиши шуни англатадики, “Манчестер Юнайтед” Погбадан кўп нарса умид қилмоқда. Демак, францийалик йигитчанинг хато қилишга, омадсизликка учрашга ҳақи йўқ. Акс ҳолда, дунёнинг энг қиммат футболчисига айланган Погба, шу ўйинчини шунча пулга бўлса-да сотиб олишга ундаган Моуриню, бу трансфердан тушган улушидан данғиллама уй сотиб олган агенти — хуллас, ким тумшуғини суққан бўлса, ҳаммаси таънаю маъломатларга қолиб кетишади.
“МЕН, БАРИБИР, ПОГБАНИ ТАНЛАМАЙМАН”
Мазкур масала бўйича “МЮ”нинг собиқ бош мураббийси Сер Алекс Фергюсонга мурожаат қилишганида у шундай жавоб қайтарди: “Мен Манчестерга қайтмайман. Чунки қайтсам, Погбани, албатта, қувиб солишим тайин. Бу эса клуб раҳбарларига ёқмайди. Погбани нега ёмон кўраман? Чунки унда ёшига ярашмаган димоғдорлик бор. Агенти эса чўчқанинг ўзгинаси”.
Айни дамда ҳамманинг нигоҳи Погбаси бор “МЮ”да. Агар “Манчестер Юнайтед” премер-лига гегемонлигига қайтиб, Чемпионлар Лигасининг ярим финали ёки финалида ўйнаса ёхуд Чемпионлар лигаси ғолибига айланса, ҳамма Погба учун тўланган пулларни унутади. Ана шундагина “қизил иблислар”нинг ашаддий ишқибозларининг кўнгли хотиржам бўлади. Бунинг учун эса Жозе Моуриню барқарор таркибни танлай билиши ва футболчиларни яхлит тактика асосида ўйната олиши керак. Кўрамиз, “қизил иблис” лар яна ўшандай йиртқич махлуққа айлана олармикин?
Муаллиф: Низомжон ИСЛОМОВ