Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Эльман Тагаев: "Бу ерда ҳар бир ўйин осон ўтмайди"

Баҳо:
+ | -

"Андижон"нинг туркманистонлик легионери Эльман Тагаев куни-кеча "Футбол экспресс" газетаси муҳбирига интервью берди. Давралар оралиғида жамоамиз сафига келиб қўшилган 27 ёшли футболчи суҳбат давомида "Андижон"га жуда тез мослашиб кетгани, "Нефтчи" устидан қозонилган ғалаба ва бошқа жиҳатларга тўхталиб ўтди.

- Эльман, Ўзбекистондаги фаолиятингизни эртароқ бошлашингиз мумкин эди. Мавсум бошида “Нефтчи” йиғинларида қатнашгандингиз. Ўшанда нима учун қолмагандингиз?

- Ҳа, тўғри, қишда “Нефтчи” клубининг таклифига кўра Ўзбекистонга келгандим. Бир ҳафта мобайнида Фарғонада бўлиб машғулотларда иштирок этдим, шунингдек, ҳоким Кубоги турнирида қатнашдим. Аммо ана шу ўйинларда оёғимдан жароҳат олдим. Шу сабабли “Нефтчи”да қолмай ортга қайтиб кетгандим. Тўғри таъкидладингиз, йил бошидаёқ чемпионатингизда ўйнашим мумкин эди. Шундай бўлса-да, барибир яна Ўзбекистонга қайтдим ва “Андижон” ўйинчисига айландим.

- Жароҳатингизни узоқ вақт даволадингизми ёки бирор-бир жамоада ўйнаб турдингизми?

- Туркманистонга қайтганимдан кейин “Олтин аср” клубида ярим мавсум тўп сурдим. Бу жамоа билан икки марта мамлакат чемпиони бўлганман. “Олтин аср”да ўйнаб яна ўз ҳолатимни тиклаб олдим. Ҳозир ҳеч қандай жароҳат менга ҳалақит бераётгани йўқ.

- Аввал “Нефтчи”да бўлдингиз, энди водийнинг бошқа клуби “Андижон”дасиз. Бу жамоалар ўртасида фарқ бор эканми?

- “Нефтчи” ва “Андижон” ўртасида катта фарқ бор дея олмайман. Иккала жамоа ҳам яхши. Фарғонада кўп вақт бўлмаганман. “Андижон”га эса секин-аста мослашиб боряпман. Асосийси, мени яхши қабул қилишди ва бу ерда муҳит ҳам юқори даражада. Тўғри, бунгача жамоадаги ҳеч бир футболчи билан таниш эмасдим. Муҳит яхши бўлгани боис барча билан тез дўстлашиб кетдим.

- Ўтган турда Фарғонада айнан “Нефтчи”ни мағлубиятга учратиб қайтдинглар. “Андижон”даги дастлабки ғалабангизни ҳам ўзингиз яхши билган клубга қарши ўйинда қўлга киритдингиз. Дерби ҳақида фикрингиз қандай?

- “Нефтчи” кучли жамоа ва ўйин ҳам шунга яраша кескин ўтди. Фарғонада мезбонларни ютишни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Ҳатто, биздан аввал етакчи жамоалар – “Бунёдкор” билан “Локомотив” ҳам Фарғонада ғалаба қозона олмаганди. Биз эса ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Очиғини айтадиган бўлсам, шу куни фарғоналикларга қараганда фаолроқ тўп сурдик. Бундан ташқари, ғалабага бўлган иштиёқ ҳам бизда юқори бўлди. Уч очкони шунинг ҳисобига қўлга киритдик деб ўйлайман.

- Фарғонада ғалаба қозонишингларга кўпчилик ишонмаганди. Чунки ундан аввалги турда “Андижон” ўз майдонида “Қўқон-1912”га ютқазиб, мухлисларнинг хафсаласини пир қилганди...

- Қўқонликларга қарши жуда оғир ўйин бўлганди. Гарчи ғалаба қозонишни хоҳлаган бўлсак-да, ўша куни ўйинимиз кутилган даражада чиқмади. Меҳмонлар эса қисқа вақт оралиғида дарвозамизга тезкор иккита тўп киритишди. Бу голлар эса бизни руҳан “синдирди”. “Қўқон-1912”га қарши ёмон ўйин кўрсатдик дея олмайман. Фақат шу куни омад биздан юз ўгирди.

- Ўзбекистонда илк бор фаолиятингизни бошладингиз. Чемпионатимиз тўғрисида дастлабки таассуротларингиз қандай?

- Албатта, Туркманистон ва Ўзбекистон чемпионатлари ўртасида фарқ бор. Бу ерда чемпионат савияси бошқача. Кўплаб жамоаларнинг кучи деярли бир хил, шунингдек, тезкор ўйин намойиш этишади. Учта учрашувда майдонга тушдим, ғалаба ҳам, мағлубиятлар ҳам бўлди. Олдиндан натижани айтиш қийин. Масалан, уйимизда “Қўқон-1912” жамоасига ютқазган бўлсак, сафарда “Нефтчи”ни мағлуб этиб қайтдик. Шу боис Ўзбекистон чемпионатини қизиқарли деб айтишим мумкин.

- “Андижон”да сизни қанотларда ҳаракат қилаётганингизни кўряпмиз. Бу ўзингизни жойингизми?

- Ҳа, амплуам қанот ярим ҳимоячиси. Ўнг томонда ҳам, чапда ҳам ўйнайвераман. Муҳими, мураббийлар ишонч билдиришмоқда ва буни оқлашга ҳаракат қиламан.

- “Андижон” бу йил чемпионатни барқарор ўтказа олмаяпти. Айниқса, биринчи давра жуда омадсиз ўтди. Таклиф бўлганда жамоанинг ҳолатидан хабарингиз бормиди?

- Ҳа, бу ерга келаётганимда “Андижон” чемпионатда қандай иштирок этаётганини билгандим. Қолаверса, биринчи даврада жамоанинг ишлари юришмаганидан хабарим бор. Нима учун бундай бўлгани менга қоронғу. Аммо жамоага ёрдам бериш мақсадида “Андижон”га келдим. Мендан ташқари, иккинчи даврада таркибга қўшилган янги ўйинчиларнинг ҳам мақсади шу. Астойдил ҳаракат қилиб “Андижон”ни мусобақа жадвалида юқори поғоналарга кўтариб мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз.

- Андижон шаҳри ва жамоа мухлислари тўғрисида таассуротларингиз қандай?

- Ҳаммаси аъло даражада. Андижон кўркам шаҳар эканлиги билан ҳам менга ёқди. Жамоамиз ишқибозлари тўғрисида ҳам яхши фикрлар билдиришим мумкин. Мухлислар ҳар бир ўйинда бизни аъло даражада қўллаб-қувватлашмоқда. Фарғонада ҳам уларнинг далдасини ҳис қилдик.

Манба: fcandijon.uz
Киритилди: 11:51, 25.08.2016.
Ўқилди: 5723 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.