Теннис бўйича Швейцария термаси Дэвис Кубоги жаҳон гуруҳига чиқиш баҳсида қатнашиш учун Ўзбекистонга етиб келди.
16 сентябрь куни Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида Дэвис Кубоги жаҳон гуруҳига чиқиш учун Ўзбекистон ва Швейцария термалари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Дэвис кубогининг Осиё-Океания минтақаси биринчи гуруҳ иккинчи босқич учрашувида Хитой вакилларини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, плей-оффда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистон жамоаси Дэвис Кубоги жаҳон рейтингида 22- ўринни банд этиб турибди, рақиблар эса — 3- поғонада. Бўлғуси учрашувларда меҳмон жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири, АҚШ очиқ чемпионатида яқиндагина биринчи ўринни қўлга киритган Стэн Варвинка иштирок этмайди. Challenger халқаро мусобақасида ғолиб бўлган яна бир ўйинчи Генри Лаксонен эса Шанхайдан етиб келади.
Терма жамоа таркибидан Денис Истомин (жаҳон рейтингида 107- ўрин) ва Фарруҳ Дўстов (235), Санжар Файзиев ва Жўрабек Каримов жой олган.
Уларнинг рақиблари — Йоан Никлес (890), Генри Лаксонен (161), Адриен Боссел (472) ва Энтони Бельер (537). Жамоа таркиби қуръа ташланишидан бир соат қолгунига қадар ўзгариши мумкин. Қуръа 15 сентябрь куни ташланса, учрашувлар 16 сентябрдан бошланади. Томошабинларга кириш бепул.