Шу йилнинг 23 сентябрь куни АҚШнинг Майами шаҳрида ўтказилган турнирда иштирок этган ўзбекистонлик боксчи Хуршидбек Норматов профессионал рингдаги иккинчи ғалабасига эришди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Америкалик 26 ёшли Томас Бернардга қарши кечган баҳсда андижонлик боксчи иккинчи раундда рақибини нокаутга учратди.
Қайд этиш керакки, шу йилнинг 25 июнь куни Хуршидбек Норматов профессионал рингдаги биринчи жангини ўтказиб, Рамон Барберни мағлубиятга учратганди. 25 ёшли ўзбекистонлик боксчи Fight Promotion промоутерлик компанияси билан 15 жангга шартнома имзолаган.
Маълумот учун, Хуршидбек Норматов 2010, 2011, 2013, 2014 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2013 йили Бутунжаҳон Универсиада ўйинларида кумуш медални қўлга киритган. Шунингдек, Норматов Бутунжаҳон бокс сериясининг (WSB) «Украина атаманлари» жамоасида иштирок этиб, Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг бўлажак совриндори – мексикалик Мисаэль Родригес ҳамда икки карра Олимпиада чемпиони – кубалик Арлен Лопесни мағлуб қилган.