Аҳад Юсупов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон пляж футболи терма жамоаси Вьетнамда давом этаётган соҳил спорт турлари бўйича Осиё ўйинларининг чорак финалида Афғонистондан енгилди.
Гуруҳ босқичида БАА билан дуранг ўйнаб, пенальтилар сериясига кўра зафар қучган ўзбекистонликлар, афғонларга қарши ўйинда 9 та гол ўтказиб юборди ва 4 та гол урди.
Ярим финалга, шунингдек, Таиландни 4:1 ҳисобида енгган Уммон, БАА устидан 6:2 ҳисобида зафар қучган Япония ва мезбон Вьетнамни пенальтилар сериясига кўра ортда қолдирган Ливан етиб келди.
Финал остонасида Ливан ва Япония ўзаро куч синашса, Афғонистон термаси Уммонни синовдан ўтказади.
Маълумот учун, Ўзбекистон пляж футболи терма жамоаси сафида «Пахтакор»даги ўйинлари орқали таниш бўлган ҳужумчи Зайниддин Тожиев ҳам тўп сурди. Унинг қаторида Ўзбекистон футзал терма жамоаси билан Жаҳон Чемпионатига бора олмаган Жамолиддин Шарипов ҳамда Андрей Шлёма ҳам соҳил футболида ўйнади.