Эрон футзал терма жамоаси жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. Осиёликлар 3-ўрин учун баҳсда Португалияни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Ушбу жамоалар ўртасидаги учрашувда тенгкурашлар остида кечди. Дастлабки таймда форслар 2-3та қулай вазиятлардан фойдалана олишмади. Иккинчи бўлим бошида эса Кардиналнинг зарбаси эвазига европаликлар ҳисобни очишди. Орадан 10 сония ўтар-ўтмас Кардиналнинг ўзи майдон марказида эронликлардан тўпни олиб қўйди ва Ракариньони яккамая-якка вазиятга чиқарди. Афсонавий футболчи ўзи зарба бермасдан жамоадошига пас берди ва Кардинал бўш дарвозани ишғол қилди.
Ушбу голлар Эронни "нокаут"га учратиши ва Португалия ғалабани сақлаб қолиши керак эди. Аммо форслар мураббийи дарҳол тайм-аут олди ва терма жамоа олдига вазифа белгилаб берди. Унга кўра, Эрон футзалчилари индивидуал тарзда рақиблар билан курашга киришиб, рақибларни фол ишлатишга мажбур қила бошладилар. Ушбу стратегия ўз самарасини берди, ўйин тугашига 6 дақиқа қолганида португалларнинг фоллар сони 5тага етди. Бунгача Козимий олис масофадан ерлатиб берилган аниқ зарба эвазига ҳисобни биттага қисқартирди.
Эронликлар тўпни ён чизиқдан ўйинга киритишаётганида рақиб футзалчиси тўпни қўли билан ўйнади. Натижада Португалия дарвозаси дабл-пенальти белгиланди. Ундан Маҳди Жавид самарали фойдаланди ва ҳисобни тенглаштирди.
Баҳс сўнггига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади. Мусобақа регламентида бронза медали учун ўйиннинг асосий вақтида дуранг қайд этилса, навбат дарҳол пенальтилар сериясига берилиши кўрсатиб қўйилган. Пенальтилар серияси эса янада қизиқарли кечди. Аслида 3 мартадан бериладиган зарбадан сўнг ғолиб номи аниқланиши керак, аммо томонлар 6 мартадан зарба беришди. Эронлик посбон рақибнинг иккита зарбасини қайтарган бўлса, осиёлик икки футзалчининг зарбаси устунга тегди. Ниҳоят олтинчи Португалия ўйинчининг зарбаси ҳам устунга тегди. Маҳди Жавид ҳал қилувчи зарбани голга айлантириб, жамоасига бронза медални тақдим этди.
Шу тариқа, Эрон футзал терма жамоаси ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди.
Футзал бўйича жаҳон чемпионати, 3-ўрин учун баҳс
ЭРОН - ПОРТУГАЛИЯ - 2:2. Пенальтилар серияси - 4:3
Голлар: Козимий (25'29"), Маҳди Жавид (35'39") — Кардинал (20'29", 20'48")