Бокс бўйича супероғир вазн тоифасида Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBA) ва Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) версиялари бўйича жаҳон чемпиони британиялик Тайсон Фьюрининг иккинчи допинг-тестида ҳам кокаин излари аниқланди.
Бу ҳақда ESPN телеканалига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.Боксчининг намунаси 21 сентябрь куни олинганди. Аввалроқ Фьюрининг 22 сентябрь куни топширган допинг-тестида кокаин аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, британиялик спортчи барча камарларидан маҳрум қилиниши мумкинлиги маълум қилинган эди.
Кейинроқ Тайсон Фьюри кокаин гиёҳванд моддасини истеъмол қилганини тан олди. Боксчи депрессия туфайли сўнгги тўрт ойда кўп миқдорда кокаин қабул қилганини таъкидлади.
Маълумот учун, Тайсон Фьюри украиналик Владимир Кличко билан реванш жангини ўтказиши керак эди. Дастлаб жанг 9 июлдан 29 октябрга, кейинроқ эса 29 октябрдан номаълум муддатга қолдирилди.
Боксчилар ўртасидаги жанг қолдирилишининг расмий сабаби сифатида Фьюрининг жароҳати кўрсатилган, аммо кейинроқ ОАВ британлиялик боксчи руҳий муаммоларга дуч келганини маълум қилган эди.