Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида чемпионликни тантана қилиб, Олимпия ўйинлари рекордини янгилаган ҳамюртимиз Руслан Нуриддинов, шунингдек бокс бўйича Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби Фазлиддин Ғоибназаров ва бронза медали эгаси Рустам Тўлагановлар пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабалари билан учрашишди.
Сир эмаски Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти халқаро таълим стандартлари асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган.
2007 йил январда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Сингапур Республикаси Президенти С.Натҳан таклифига биноан Сингапурга ташрифи чоғида Ўзбекистон – Сингапур давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва долзарб халқаро муаммолар хусусидаги суҳбатда мазкур даргоҳнинг очилишига тамал тоши қўйилган эди. Шундан сўнг Биринчи Президентимизнинг 2007 йил 5 сентябрдаги “Тошкент шаҳрида Сингапур менежментни ривожлантириш институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ушбу институтга асос солинди.
Айтиш жоизки, бу қарор икки мамлакат ўртасида бошқа йўналишлар қатори таълим ва сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар эшигини очди. Ушбу олийгоҳда айни кунда Буюк Британиянинг Бангор, Сандерленд университетларининг ўқув дастурлари асосида Ўзбекистон, МДҲ ва бошқа хорижий давлатларнинг жисмоний шахслари учун турли хил йўналишларда таълим олиб борилмоқда.
Институтда ҳар йили турли тадбир ва маросимлар ўтказиш анъана тусини олган. Бу ўз навбатида талабаларнинг маънавий салоҳиятини оширишда, уларда ватанга бўлган мухаббатни тарбиялашда мухим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Олимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари билан ташкил этилган учрашув ҳам очиқ ва самимий руҳда ўтди ҳамда талабалар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга спортимиз юлдузларидан жавоб олишди. Таъкидлаш керакки сухбат жараёнида талабалар бир олам таъсурот олишди. Умуман олганда, Олимпиада ғолиблари билан ўтган учрашув тадбир иштирокчиларининг ёдида бир умрга сақланиб қолиши шубҳасиз.