Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Адҳамжон Эргашев оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони

Баҳо:
+ | -

Малайзиянинг Пенанг шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этяпти. 20 октябрь куни старт олган мазкур нуфузли мусобақа эртага, 25 октябрь куни якунига етади. Қувонарлиси жаҳон чемпионатида 62 кг вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Адҳамжон Эргашев ўз вазн тоифасида барча рақибларини ортда қолдириб олтин медалига сазовор бўлди ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Адҳамжон даст кўтаришда 125, силтаб кўтаришда 155 кг тошни ўзига бўйсундириб, умумий 280 кг натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Мазкур вазн тоифасида кумуш медали Хитойлик Юнбан Вэй (276 кг) га, бронза эса Россиялик Зулфат Гараев (273кг)ларга насиб этди.

Бунга қадар Адҳамжон Эргашев II ўсмирлар Олимпия ўйинлари ҳамда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида совриндорлар қаторидан ўрин эгаллаганди. Энди эса у ўз шахсий коллекциясига жаҳон чемпионатининг олтин медалини ҳам қўшиб қўйди. Эътиборлиси Малайзиядаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз шарафини биргина спортчи – Адҳамжон Эргашев ҳимоя қилди ва у ўзига билдирилган ишончни тўла оқлаб жаҳон чемпионатида мадҳиямиз янграшига ҳамда байроғимиз сарбаланд кўтарилишига сабабчи бўлди.

Умуман олганда 2016-йилги спорт мавсуми оғир атлетикачиларимиз учун омадли келди. Шу йилнинг 22-30 июнь кунлари Грузия пойтахти Тбилиси мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Фарход Собиров 20 ёшли спортчилар орасида барча рақибларидан ўзиб кетиб олтин медалга сазовор бўлганди. Орадан икки ой ўтар ўтмас Руслан Нуриддинов Рио-де-Жанейродаги XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Олимпия рекордини янгилаган биринчи ўзбекистонлик спортчига айланди.

Русланнинг ғалабаси ўзбек спорти тарихига олтин ҳарифлар билан битилиши шубҳасиз. Энди эса Адҳамжон Эргашев 17 ёшлик спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чемпион бўлди. Табиийки бу натижалар ўз ўзидан қўлга киритилаётгани йўқ. Сўнгги йилларда мамлакатимизда оғир атлетика спорт турининг ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Спортчиларни нуфузли мусобақаларга муносиб тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш, моддий техник базани мустаҳкамлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилди.

Қилинган улкан ҳажмдаги ишлар эса узоқ куттирмай ўз самарасини бермоқда. Қолаверса соҳа вакиллари давлатимиз томонидан ўз вақтида, муносиб рағбатлантириб борилиши ҳам спортчиларимиз кучига куч, ғайратига ғайрат қўшмоқда. Маълумот учун, Олимпия ўйинлари якунлангач Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармонига кўра оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов “Меҳнат Шуҳрати”, Олимпия ўйинлари чемпиони Руслан Нуриддинов эса “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланишди.

Ишонамизки оғир атлетикачиларимиз 2020-йилги Токио Олимпиадасида ҳам ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олишади. Зеро юртимизда Руслан Нуриддинов, Иван Ефремов каби полвонларимизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётганлиги ана шундлай дадил фикрлашимизга асос бўла олади.

Манба: olympic.uz
Киритилди: 10:50, 24.10.2016.
Ўқилди: 5059 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.