Англия премер-лигасининг “Суонси” клубида тўп сурувчи, Жанубий Корея терма жамоаси сардори Ки Сонг Йонг кеча ОФК расмий сайтига интервью берди. Бу интервьюсида Эронга учралган мағлубият ва 15 ноябрь куни терма жамоамизга қарши ўйин ҳақида фикр билдирди.
“Биз жуда хафа бўлдик. Эрон билан ўйинда қийинчиликларга учрадик. Мен Лондондан Кореяга учиб келишим ва Сеулдан Эронга учишим керак эди. Бу одамни чарчатадиган тақвим эди. Кўпчилик бу гапларимни баҳонага йўйиши мумкин. Лекин бундай шароитда ўйнаш оғир эди”, - дея Ки Сонг Йонг Эронга мағлубият ҳақида сўзлади. “Эрон жуда кучли жамоа. Уларда тартибли ҳимоя бор. Жисмоний томондан ҳам уларда муаммо йўқ. Биз ўйинни назорат қила олмадик. Эрон Осиёдаги бизга энг ноқулай рақиб саналади. Эшитишимча, улар терма жамоа ўйинига жиддий тайёрланиш учун ички чемпионатларини 3 ҳафтага тўхтатиб қўйишибди. “Озодий” ўйингоҳида ўйнаш доим қийин бўлган. Бир қанча сабабларни айта оламан. Аммо мағлубиятимизга изоҳ бериб ўтириш ниятида эмасман. Биз ўша куни кўп хато қилдик. Бундан бошқа гап йўқ”.
15 ноябрь куни бўладиган Ўзбекистон билан ўйинга жиддий тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида айтар экан корейслар сардори шундай деди:
“Тушкунликка тушишга асос йўқ. Ҳали олдинда кўп ўйинлар бор. Кейинги ўйинда ғалаба қозониб, ҳаммасини изига тушириш имкони бор. Биз ўтган ўйинлардаги камчиликлрни бартараф этиб, характер кўрсата олишимиз керак. Мен ўз жамоадошларимга ишонаман. Кейинги ўйинда бор кучимизни ишга сола оламиз деб ўйлайман. Бу ўйин жуда оғир кечади. Ҳар тарафлама оғир кечади. Март ойида 2 та ўйин ўтказамиз. Шунинг учун ғалабали одимни Ўзбекистон билан ўйиндан бошлаш ниятидамиз. Биз Ўзбекистонни енга оламиз”.
Корейс ОАВ маълумотлари асосида Отабек Йўлдошев тайёрлади.