15 ноябрь куни терма жамоамизга қарши саф тортадиган Жанубий Корея терма жамоасининг Европада тўп сурадиган футболчилари ушбу ҳафтада ўз жамоалари сафида муваффақиятли ҳаракат қилишди.
Германия бундеслигасидаги “Аугсбург” сафида ҳракат қилувчи Ку Жа Чол ва Жи Донг Вон кеча ўз клублари билан бирга 6та ғалабасиз ўйиндан сўнг “Ингелштадт”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этишди. Ўйин якунлангач Ку Жа Чол “Аугсбург” клуби расмий сайтига берган интервюсида қуйидагича фикр билдирган:
“Ўйиндан аввал жамоадошларим ва мураббийимиз билан ўйиннинг муҳимлиги ҳақида суҳбатлашдик. Барчамиз бирдек яхши ҳаракат қилдик. “Ингелштадт” билан ўйиндаги каби Сеулда ўтадиган Ўзбекистонга қарши ўйинда ҳам бор кучим билан ўйнаш ниятидаман. Шунингдек, Кореяга катта ҳаяжон билан бораман. Чунки 30 октябрь куни қизчалик бўлдим. Янги меҳмон билан учрашишни ўйлаб ҳаяжондаман. Аёлим Кореядалигида менсиз жуда қийналди. Оз муддат бўлса-да оилам билан бирга бўлиш умидидаман”.
Ку Жа Чол ва Жи Донг Вон 8 ноябрь куни Жанубий Кореяга етиб келади ва Пажу шаҳридаги терма жамоа базасида машғулотларга киришишади. Ули Штилике шогирдлари 11 ноябрь куни Чонан шаҳридаги марказий ўйингоҳда Канада билан ўртоқлик ўйини ўтказишади. Ўзбекистонга қарши ЖЧ саралаш ўйини эса 15 ноябр куни Сеулдаги “Seoul World Cup Stadium” ўйингоҳида ўтиши режалаштирилган.
Корейс ОАВ маълумотлари асосида Отабек Йўлдошев тайёрлади.