Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

#LOKOMANIA. Биринчи меҳмон — Ислом Тўхтахўжаев

Баҳо:
+ | -

“Локомотив” футбол клуби ўз олдига мамлакат чемпионлиги ва Кубокни қўлга киритишни мақсад қилиб қўйган ва айни пайтда жамоа Олий лига жадвалида етакчилик қилмоқда.

Шу ўринда жамоа мухлислари ўз севимли ўйинчилари ҳақида кўпроқ маълумот билишга, уларни ўзлари учун қайтадан кашф этишга истак билдиришмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда “Локомотив” ПФК матбуот хизмати бундан буён #LOKOMANIA лойиҳасини тақдим этиб боради.

Лойиҳа орқали футболчилар ва мураббийлар билан эксклюзив суҳбат уюштирамиз ҳамда футболчи ва мураббий ҳақида янада қизиқроқ маълумотларни бериб борамиз. Демак, лойиҳамизнинг илк меҳмони – “Локомотив” жамоасининг маҳоратли ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев.

— Ислом, “Миллионлар ўйини” бўлмиш футболга кириб келишингиз қандай рўй берган?
— Футболчи бўлишимга оиламиздаги муҳит сабаб бўлган. Сабаби уйимизда деярли ҳамма футбол ишқибози. Акам Фарғонанинг “Тўқимачи” жамоасида тўп сурган. Акамга ҳавас қилиб мен ҳам футбол тўгарагига бора бошлаганман. Ўшанда эндигина 6 ёшда эдим. Кейинчалик 5-синфга қадар “Тўқимачи” стадионидаги тўгаракка қатнадим. Сўнгра лицей-интернатга қабул қилиндим. У ерда кўп нарсаларни ўргандим. 11-синфга ўтган пайтим “Нефтчи” кўригида қатнашдим ва муваффақиятли ўтиб, ушбу жамоада ўйнай бошладим. “Нефтчи”да ҳаммаси бўлиб 5 йил тўп сурдим.

— Ёшлигингизда ҳеч бир кун келиб профессионал футболчи бўламан деб ўйлаганмисиз?
— Ҳа, бунга умид қилгандим. Дастлабки орзуим – Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида майдонга тушиш бўлган. Шунингдек, вақти келса Европанинг гранд жамоаларидан бирида ўйнашни ният қилганман.

— “Локомотив”га келиб қолишингиз қандай рўй берган?
— Ўша пайтда “Нефтчи”даги ўйинларим орқали Олимпия терма жамоаси мураббийлари назарига тушгандим. Терма жамоа таркибида бир нечта ўйин ўтказганимдан сўнг мамлакатимизнинг етакчи клубларидан таклифлар туша бошлади. “Бунёдкор” ва “Пахтакор” ҳам мени ўз сафида кўришни истаганди. Лекин мен “Локомотив” футбол клуби раҳбарияти билан учрашгач, ўрним “Локо”да эканини тушунганман. Зеро айнан “Локомотив” вакиллари мени ўзларининг яқин келажак учун тузган истиқболли лойиҳаларига ишонтира олишганди. Таъкидлаш жоизки, у пайтда “Локомотив” эндигина олий лигага чиққанди. Баъзилар мени таваккалга қўл урганимни айтишганди ҳам. Лекин мана ҳозир бу жамоа юртимиздаги энг етакчи клуб ҳисобланади. Демак, мен танловда хато қилмаган эканман!

— “Локо”даги илк кунингиз қандай ўтган? Қандайдир ўзгача, сиз кутмаган ҳолатга гувоҳ бўлганмисиз?
— Янги жамоа сафига қўшилганда ҳаяжон бўлиши табиий. Зеро янги жой, янги муҳит. Лекин мен “Локомотив”га жуда тез кўникиб кетганман. Чунки таркибдаги кўпчиликни терма жамоа давриданоқ танирдим. Улар менга ёрдам беришди. Қолаверса, жамоада яхши муҳит ҳукмрон экани ҳам менинг мослашишимда қўл келган.

— “Темирйўлчилар” сафидаги илк учрашув ёдингиздами?
— Ҳа, ёдимда. Менинг дебютим “Шўртан”га қарши ўтган эди. Ўшанда жамоамиз Ғузорга сафар уюштирган, мен эса захирадан майдонга тушгандим.

— “Локомотив” либосида киритган илк голингиз-чи?
— “Локо” учун биринчи голимни “Андижон” жамоасига қарши кечган ўйинда киритганман. Ўшанда жарима зарбасидан рақиб дарвозасини ишғол қилгандим.

— Шу пайтга қадар ушбу клуб таркибида бир қанча ўйинларда майдонга тушдингиз. Улар орасида энг эсда қоларлиси қайси бўлган?
— Менимча, “Локомотив” Ўзбекистон Кубоги финалида ғолиб чиққан ўйин. Бундай дейишимга сабаб ўша ўйиннинг аҳамияти биз учун жуда катта эди. Жамоамиз ўз тарихида биринчи марта бундай ютуқни қўлга киритганди. Бундай ўйинни унутиб бўлмайди.

— «Локомотив» учун қайси дерби қийинроқ? «Пахтакор»га қарши ўйнашми ёки «Бунёдкор»га қарши?
— “Локомотив” – “Пахтакор” учрашуви энг принципиал аҳамиятга эга дерби деб ҳисоблайман.

— Жамоа таркибида кимни энг хушчақчақ футболчи дея эътироф этган бўлардингиз?
— Кахи Махарадзе билан Санжар Шоаҳмедовни энг хушчақчақ футболчилар деб ҳисоблайман. Уларнинг иккаласи ҳам доим ҳамманинг кайфиятини кўтаришга ва жамоада илиқ муҳитни ушлаб туришга интилишади. Олдин жамоамизда ўйнаганлардан Зайниддин Тожиевни ҳам анча хушчақчақ инсон деб биламан.

— Жамоада энг яқин дўстингиз ким? Масалан, йиғинлар пайтида ким доим сиз билан бирга юради?
— “Локомотив” – бу битта аҳил оила! Бизда яхши ва ёмон деб ажратиш йўқ. Ҳамма билан бир хил яхши муносабатдаман. Ҳаммамизнинг ҳам мақсадимиз бир. Шу мақсад йўлида бир оиладек бўлиб интиляпмиз.

— Клуб автобусида ўзингизнинг алоҳида жойингиз борми? Ёки ҳар сафар ҳар хил ўринда ўтирасизми?
— Менимча, ҳар бир клубда бундай анъана бор. Жамоага янги келган ўйинчилар қайси жой бўш бўлса, ўша ўринни банд этишади (Кулади). Кейинчалик эса футболчи ўзига маъқул келган ўринда ўтираверади. Менинг ҳам автобусда ўз жойим бор. У бироз орқароқда жойлашган.

— Нега айнан 20-рақамни танлагансиз?
— Ёшлар терма жамоасига илк бор чақирилганимда 20-рақамли футболкада майдонга тушгандим. Кейинчалик мунтазам равишда ўйнай бошладим. Натижада бу рақам менга ёқиб қолди ва кейинчалик ҳам 20дан воз кечмадим. Ҳозирга қадар терма жамоада ҳам, клубда ҳам 20-рақамда майдонга тушиб келяпман.

— “Локомотив” мухлислари ҳақида қандай фикрдасиз? Айниқса, мухлисалар хусусида… Зеро, “Локо” Ўзбекистондаги энг кўп мухлисаларга эга футбол жамоаси…
— Бу гапингизга қўшиламан. “Локо”нинг мухлисалари сони нисбатан кўп. Аммо бундай юқори ўрин учун курашадиган клуб ўйинларига кутилганидан анча кам ишқибоз ташриф буюриши кишини бироз хафа қилади. Боиси агар стадионга кўпроқ мухлис келиб бизни қўллаб-қувватласа, ўйинчилар икки баробар куч сарфлаган ҳолда тўп тепишади.

— Фарзандингиз кейинчалик катта футболга қадам қўйишини истармидингиз…
— Албатта, агар у ўзи шуни истаса, мен асло қаршилик қилмаган бўлардим! Зеро киши ўзи ёқтирган машғулот билан шуғулланиши керак деб ўйлайман. Шунда иштиёқ билан қилинган иш кишига роҳат ҳам бағишлайди.

— Сиз аслида марказий ҳимоячисиз. Лекин терма жамоада ўнг қанотда ўйнаяпсиз. Бир вақтлари ҳужумчи ортида ҳам майдонга тушганингизни биламиз. Ислом Тўхтахўжаев учун қайси позиция қулайроқ аслида?
— Биласизми, мураббийлар қаерда ўйнатишни лозим топишса, ўша чизиқда қўлдан келганча ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан. Лекин бир нарсани айтиб ўтишим керак, ўзимга олдинги чизиқ кўпроқ ёқади. Ростини айтсам, менда ҳужумкор футболчилардақа қоблият йўқ бўлса ҳам олдинда тўп суришни жуда истардим… 2014 йилги мавсумда бироз муддат ҳужумчи ортида ўйнаганман. Ўшанда бир нечта гол уришга ҳам муваффақ бўлгандим. Бироқ мен барибир асли ҳимоячиман ва ўз вазифамни бажаришдан шодман.

— Бўш вақтни қандай ўтказасиз? Бошқа жамоаларнинг ўйинини ҳам кузатиб борасизми?
— Бўш вақтимни асосан оилам даврасида ўтказишни маъқул кўраман. Сабаби ўйинлар ва йиғинлар туфайли кўпинча уйда бўлмайман. Шунинг учун ҳам бўш вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида оилам даврасига шошаман.

— Ёшликда кумирингиз ким бўлган? Қайси футболчининг ўйинларига ҳавас қилардингиз?
— Менга бразилиялик Роналдонинг ўйини жуда ёқарди. Шунингдек, аргентиналик Хуан Рамон Рикельме иштирокидаги учрашувларни ҳам мароқ билан томоша қилардим.

— Фаолиятингизни “Локомотив”да тугатишни истармидингиз?
— Бу саволга жавоб бериш мушкул. Буёғи энди пешонадан. Агар тақдирда ёзилган бўлса, “Локомотив”да ўйнаб “нафақа”га чиқишим ҳам мумкин.

— Кейинчалик ўзингизни мураббийлик соҳасида синаб кўриш режангиз борми?
— Йўқ! Тўғрисини айтаман, менда мураббий бўлиш истаги йўқ. Сабаби, ушбу касб жуда машаққатли. Ҳар ким ҳам мураббий бўлиб фаолият олиб бора олмайди. Бунинг учун сабр, ўқув ва малака керак.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 12:20, 10.11.2016.
Ўқилди: 11590 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.