Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Жанубий Корея - Ўзбекистон: Нохуш анъана бузиладими?

Баҳо:
+ | -

15 ноябрь куни ЖЧ-2018 саралашида қатнашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг жорий йилдаги энг муҳим ўйинини ўтказади. Самвел Бабаян шогирдлари гуруҳда биздан кейин учинчи ўринда бораётган Жанубий Корея меҳмони бўлади. Жамоалар ўзаро қандай ўйнашган, ўйинларда қандай натижалар қайд этилган, нима сабабдан 1994 йилдан буён корейсларни мағлуб этолмаяпмиз? Қуйида мана шу ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея миллий терма жамоалари ўзаро 13 та ўйинда майдонга тушган. Улардан 9 тасида корейслар ғалаба қозонган, 1 марта Ўзбекистоннинг қўли баланд келган, яна 3 та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 27-12 рақиблар фойдасига.

ЭҲ, ХИРОСИМА…

Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари илк марта биз учун ажойиб хотираларни ёдга соладиган 1994 йилда тўқнашган. Хиросимадаги Осиё ўйинларининг футбол мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонганидан хабарингиз бор. У вақтлар мусобақанинг футбол баҳсларида ёш доираси чегараланмаган ва миллий терма жамоалар қатнашарди. Рустам Акромов ҳамда Биродар Абдураимов шогирдлари ярим финалда Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бўлган Жанубий Кореяга қарши ўйнайди. Кўпчилик «Осиё йўлбарслари»нинг ғалабасини кутган, лекин Азамат Абдураимовнинг Мессилар ҳам ҳавас қиладиган зарбаси бизга ғалаба келтирганди. Бу корейсларга қарши биринчи ва ҳозирча охирги ғалабамиз бўлиб турибди. 1998 йилги ЖЧ саралашида корейслар билан бир гуруҳдан ўрин олдик. Аввалига меҳмонда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганмиз, Тошкентда эса рақиблар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишган.

ГЕЙНРИХНИНГ ФАНТАСТИК ГОЛИ

Германия-2016 саралашида ҳам йўлларимиз азалий рақибимиз билан тўқнашди. Кореядаги ўйинда терма жамоамиз 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганди, лекин кўпчилик керак бўлса бутун Осиё ўша учрашувни корейсларнинг ғалабаси билан эмас, Гейнрихнинг рақиб ҳимоячиларини ёш боладек алдаб урган голини эслайди. Тошкентдаги жавоб ўйини эса жуда кескин ўтганди. Аввалига Максим Шацких ҳисобни очган, бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Пак Жи Сун гол уриб, бизни ғалабадан маҳрум қилганди. 2007 йили терма жамоамиз Осиё Кубогидан олдин Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказгандик. Биз 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган баҳсда Сервер Жепаров гол урган. 2008 йилда ҳам жамоалар халқаро ўртоқлик учрашувида ўзаро майдонга тушишиб, корейслар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

1.cdr

САША ҲАМОН ГОЛ УРМОҚДА

«Осиё йўлбарслари»га қарши яна бир эсда қоларли ўйин 2011 йил Қатардаги Осиё Кубогида бўлиб ўтган. Қитъанинг учинчи жамоаси номи айнан Ўзбекистон – Жанубий Корея ўйинида аниқланганди. Австралиядан қақшатқич зарба қабул қилган вакилларимиз ўйинни бироз тушкун кайфиятда бошлаб, дастлабки ярим соат ичида учта гол ўтказиб юборишди. Бироқ Вадим Абрамов танаффусда шогирдларини руҳлантира олди. Иккинчи бўлимнинг 10 дақиқаси ортда қолганда ҳисоб 2:3 эди. Александр Гейнрих аввал пенальтидан, кейин ўйиндан гол уриб, ҳисобни қисқартирди. 2012 йил 25 февралда яна бир ўртоқлик ўйини ўтказилди ва унда корейсларнинг қўли баланд келди. 4:2 ҳисобида якунланган ўйинда вакилларимиздан Иброҳим Раҳимов ва Станислав Андреевлар гол уришган.

ОЗГИНА ҚОЛГАНДИ

ЖЧ-2014 саралашида ҳам қуръа азалий рақибларга бир гуруҳдан жой берди. Миржалол Қосимов шогирдлари Тошкентдаги баҳсда рақибдан яхшироқ ўйнашди, лекин ўйин 2:2 ҳисобида якунланган. Меҳмондаги ўйинни эса яхши эслайсиз. Акмал Шораҳмедовнинг автоголи корейсларга ғалаба келтирган. Австралияда бўлиб ўтган охирги Осиё Кубогининг чорак финалида Ўзбекистон ва Жанубий Корея яна бир бор тўқнаш келди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Унда вакилларимиз ғалаба қозониш учун жуда кўп вазиятларга эга бўлишди. Лутфулла Тўраев бош билан бўш дарвозага гол уролмаганди. Қўшимча бўлимларда эса Сон Хин Мин икки марта гол уриб, жамоасини ярим финалга олиб чиққанди. Кореяга қарши сўнгги ўйинимиз ўтган йил 27 мартда бўлиб ўтди. Ўртоқлик ўйинида 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этилди. Терма жамоамизнинг голига Зоҳир Қўзибоев муаллифлик қилганди.

ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК БЎЛГАН ФАКТ

ЖЧ-2018 саралашлари доирасида Жанубий Корея терма жамоаси 12 ўйинда қатнашди. Шундан 10 тасида ғалаба қозонди ва 1 марта дуранг ўйнади. Эронга имкониятни бой берди. Таққослаш учун Ўзбекистон терма жамоаси 10 ўйинда ғалаба қозониб, 2 марта мағлуб бўлди (Шимолий Корея, Эрон). Рақибларимиз ўйинининг жуда тартиблилиги ҳисобига ўйиннинг қайсидир вақтида кўпроқ гол урилганини кузатмайсиз. Бундан ташқари улар ҳеч ҳам бўшашиб қолишмайди ва барча оралиқларда гол уришади. Корейслар ўйиннинг 30-45, 60-75 ва 75-90-дақиқалари оралиғида энг кўп гол уришади. Саралашдаги голларнинг 60 фоизи шу вақт оралиғида урилган. Таққослаш учун Ўзбекистон терма жамоаси 33,3 % голларини 45-60 дақиқаларда расмийлаштирган. Терма жамоамиз голларининг атиги 4 фоизи 15-30-дақиқалар оралиғига тўғри келади, 25 фоизи эса ўйиннинг сўнгги 15 дақиқасига. Корейслар иккинчи бўлим аввалини нисбатан сустроқ ўтказмоқда, Ўзбекистон эса айнан иккинчи тайм дебютида жуда фаол. Мана шу жиҳатни сақлаб қолган ҳолда рақибни «жазолаш» мумкин. Ҳар ҳолда Жанубий Кореяга қарши ўйинлардаги нохуш анъанани бузишнинг вақти келган. Бабаян шогирдлари бунинг уддасидан чиқишса, ЖЧ-2018 учун энг катта қадамни ташлаган бўламиз.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Манба: www.erudit-sport.uz
Киритилди: 10:44, 14.11.2016.
Ўқилди: 17066 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.