Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Жаҳон чемпиони Адҳамжон Эргашев Осиё чемпионатида ҳам олтин медалга сазовор бўлди

Баҳо:
+ | -

Яқиндагина Малайзиянинг Пенанг шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтганлиги ва унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Адҳамжон Эргашев барча рақибларини ортда қолдириб жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган эди. Ўтган ҳафтада Япония пойтахти Токио шаҳрида спортнинг ушбу тури бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионати старт олди.

Мусобақанинг дастлабки кунидаёқ терма жамоамиз аъзоси Адҳамжон Эргашев 62 килограмм вазн тоифасида даст кўтаришда 121 кг, силтаб кўтаришда 151 кг, умумий 272 кг натижа билан олтин медалга сазовор бўлди ва Осиё чемпионлигини тантана қилди. Эътиборлиси, Адҳамжон Эргашев 2014 йил Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар Олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлган. Орадан бир йил ўтиб, 2015 йил Польшанинг Вроцлав шаҳрида ташкил этилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида (16 ёшида 20 ёшли спортчилар ўртасида) 3 та кумуш медалини қўлга киритган. Малайзиядаги жаҳон чемпионатида эса 2 та олтин, 1 та кумуш ва жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Мана энди Адҳамжон ўз шахсий коллекциясига Осиё чемпионатининг олтин медалини ҳам қўшиб қўйди.

Мутахассисларнинг тахминига кўра Адҳамжон Эргашев хали ўз потенциалини тўла намойиш эта олганича йўқ, боиси унинг имкониятлари хали тўлиқ очиб берилмаганлиги, у аслида бунданда юксак натижаларга қодир эканлиги башорат қилинмоқда ва ўз навбатида унга Руслан Нуриддиновнинг муносиб давомчиси сифатида баҳо берилмоқда. Мусобақаларнинг иккинчи куни терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Муаттар Набиева 58 килограмм вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу вазн тоифасида олтин медал таиландлик спортчига насиб этган булса, Вьетнам терма жамоаси аъзоси кумуш медали билан тақдирланди.

Япониядаги Осиё чемпионатида юртимиз шаънини ҳимоя қилиши лозим бўлган таркиб одатдагидек, Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг Чирчиқ шаҳридаги доимий базасида эмас, балки Россияда сараланди. Аниқроғи, Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида ташкил этилган навбатдаги ўқув-машғулот йиғини чоғида ёшлар ва ўсмирлар терма жамоамиз катта мураббийи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Борис Семёнович Савченко ва унинг ёрдамчилари Жўрабек Зоиров ва Маҳмуд Тоғаевлар ҳаммаси бўлиб 17 нафар ёш атлетни кўрикдан ўтказишди. Йиғиннинг сўнгги кунида якуний таркиб эълон қилинди ва 17 спортчидан 10 нафари Токиога йўл олиши маълум бўлди. Кунчиқар юртдаги китъа чемпионатида юртимиз шарафини қуйидаги спортчиларимиз ҳимоя қилишмоқда:

Ўсмирлар жамоаси (17 ёшгача): Александр Ли ва Сарвар Тоштемиров (иккаласи ҳам Тошкент вилоятидан), Жасур Абдуҳалимов (Навоий), Адҳамжон Эргашев (Наманган).

Ёшлар жамоаси (20 ёшгача): Шаҳзод Худойберганов ва Фарходбек Собиров (иккаласи ҳам Хоразм вилоятидан), Азамат Шарипов (Бухоро), Муҳаммадали Қаҳрамонов (Тошкент вилояти), Муаттар Набиева ва Омадой Отақўзиева (иккаласи Андижон вилоятидан).

Осиё чемпионати дастурига одатга кўра, қитъа федерацияси расмий тадбирлари ҳам киритилган. Тақвим режага асосан, мусобақа кунлари расман 8-16 ноябрь қилиб белгиланган. Ана шу кунлар орасида Осиё ОАФ қошида фаолият кўрсатадиган турли қўмиталар йиғилишлари ўтказилади. Ушбу йиғилишлар делегациямиз аъзолари учун бевосита аҳамиятлидир. Масалан, чемпионат ҳакамлари рўйхатига киритилган мамлакат федерацияси Спорт директори Зуҳра Абдуллаева тиббий ва аёллар қўмитасида иш олиб боради. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Рашид Маткаримов эса мураббийлар ва илмий тадқиқотлар қўмитаси аъзоси ҳисобланади.

Мазкур қўмитага Ўзбекистон ва Осиё оғир атлетика федерациялари вице-президенти Шаҳрилло Маҳмудов бошчилик қилиб келаётганлигини ҳам, эслатиб ўтиш жоиз. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Даниил Фёдорович Ким ҳам ҳакам сифатида атлетлар иштирокини бошқариб борадиган мутахассис сифатида Японияга таклиф этилган. Шунингдек, 10 ноябрь куни Осиё ОАФ йиллик Конгрессида қитъа оғир атлетикасини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Манба: olympic.uz
Киритилди: 11:18, 14.11.2016.
Ўқилди: 7202 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.