Украинанинг "Ворсла" клубида ўйнаётган Санжар Турсунов анча вақтдан бери терма жамоага таклиф этилмаяпти. У аввалроқ йиғинларга келса ҳам, расмий ўйинларда деярли майдонга туширилмади. Ҳамюртимиз украиналик мухбирга берган интервьюсида ўзбек ва Осиё футболи ҳақидаги саволларга жавоб берди.
— Қандай сабабга кўра сизни Ўзбекистон терма жамоасига таклиф қилишмаяпти?
— Сабабини билмадим, аммо 3 ойдан бери чақиришмаяпти... Бош мураббий Самвел Бабаян билан ҳали гаплашмадим. Шунчаки таклиф қилишмади. Март ойида таклиф қилишганди. Кейинчалик ўйинларда танаффус юзага келди. Сентябрда эса таклифнома келмади. Имкон бўлганда Бабаяндан бу ҳақда сўрайман.
— ЖЧ-2018 саралаши доирасида бўлиб ўтган сўнгги ўйинда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида олдинда бораётиб, Жанубий Кореяга ютқазиб қўйди. ЖЧга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишингиз мумкин эди.
— Адолат учун айтишим керак, кореяликлар кўп голли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо ўйин борасида бизникилар ютқазишмади. Бизга бироз омад етишмади. Корея тажриба эвазига ютиб кетди. Корея сафида Англия Премьер-лигасида ўйнайдиган — Сон Хеунг Мин, Ли Чон Йонг, Ки Сон Йонг каби футболчилар бор. Кореяликлар билан ўзаро ўйинларимиз алоҳида мавзу. Уйда яхши ўйнаймиз, аммо сафардаги ўйинларда кутилмаган голларни ўтказиб юборамиз. Уйда Жанубий Кореяни мағлуб этишимиз керак.
— Ўзбекистон — Осиёнинг бешинчи-олтинчи жамоаси, десак бўладими?
— Тўртинчи. Япония, Жанубий Корея ва Австралиядан кейин.
— Унда нима учун Ўзбекистон ҳали бирор марта ҳам Мундиалга чиқмаган?
— Ўтган сафар бизга битта гол етмай қолганди. Жанубий Корея сўнгги ўйида Эронга ютқазган — 0:1. Агар дуранг ўйнаганда ҳам Бразилияга биз борардик, Эрон эмас.
— Осиёда катта таъсирга эга бўлган терма жамоалар борми? Осиёда ҳакамлик масаласи қандай?
— Атайлаб кимнидир "қулоғидан" судрашмайди. Лекин, 4 йил аввал Эрон билан ўйнаганимизда, ҳакамлар бизнинг тоза голимизни инобатга олмаганди. Доимо бизнинг зараримизга адашадиган 1-2 нафар ҳакам бор. Умуман олганда, ҳакамларнинг савияси юқори. Бизнинг жаҳон даражасидаги ҳакамимиз бор — Равшан Эрматов. Мен уни жаҳоннинг энг яхши ҳаками деб биламан. ФИФАда ҳам унинг обрўси юқори.
— Хитойнинг кўтарилишига нима халал бермоқда? Клублар даражасида «Гуанчжоу Эвергранд» сўнгги 3 йилда икки марта Осиё чемпионлари лигасида ғолиб чиқди.
— Хитой терма жамоаси 2-3 йилдан бери кўтарилишга эришмоқда. Ўйлайманки, улар ўсишда давом этишади. Хитой чемпионати ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.
— Нариги гуруҳда Австралия, кутилмаганда, Япония ва Саудия Арабистонига ютқазди. Бу сенсациями ёки табиий ҳолат?
— Агар Австралия Таиланд билан дуранг ўйнаганида, албатта, бу катта сенсацияга айланарди. Австралия терма жамоаси жуда кучли. Австралияда ўйнаш қийин. У ерга етиб боргунча, барча иштиёқ ўлиб бўлади. Осиё кубогига бориш учун БААдан Сиднейгача 16 соатда етиб боргандик.
— Осиёликларнинг Австралияга муносабати қандай?
— Салбий. Ахир бу Осиё, унда Австралия бўлмаслиги керак. Аммо Австралияни Осиёга қўшиб қўйишди, бунга ҳамма рози бўлди. Бундан ташқари, азоб берадиган парвозлар кимга керак? Масалан, Японияга 2-3 баравар тезроқ етиб олиш мумкин.
— Ўзбекистон ўзининг энг яхши натижасига Осиё кубоги-2011да эришган. Жамоа тўртинчи ўринни эгаллаган, ҳаммаси яхши эди, аммо қандай қилиб Австралияга 0:6 ҳисобида ютқазгансизлар?
— Шундай кунлар бўладики, рақибнинг барча зарбаси голга айланади. Ҳисоб 0:3 ёки 0:4га етганидан кейин, биз йирик ҳисобдан қутулиб қолиш ва мухлисларни хурсанд қилиш учун олдинга ташлангандик, аммо қарши ҳужумда яна иккита гол ўтказиб юборгандик.
— Ўзбекистон яқин орада Осиё кубогини ўзида қабул қилишни истамайдими?
— Ҳозирча бундай режа йўқ. Лекин мухлислар буни орзу қилишади. Бир-иккита стадионлар қурилса, мезбонликка даъвогарлик қилса бўлади.