Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Тасаввурга эрк бериб. Денисов ва Аҳмедов МДҲ рамзий терма жамоасига киритилди

Баҳо:
+ | -1

Маълумки, биз футбол соҳасидаги аксарият натижаларга эътибор қаратар эканмиз, «МДҲдаги энг яхши кўрсаткич», «МДҲнинг энг кучли футболчиси» каби жумлаларга тўқнаш келамиз. Истаймизми-йўқми, ўзимизнинг футболчилар эришаётган ютуқларни таққослаш учун ҳам кўпроқ қўшни давлатлардаги натижаларга диққат қаратамиз. Энди бир тасаввур қилиб кўрайлик: агар МДҲнинг айни пайтдаги энг кучли футболчиларидан терма жамоа тузилса, у қандай кўриниш ҳосил қиларди? Қуйида шу саволга жавоб оласиз...

Дарвозабон - Игорь Акинфеев

Игорь ўтган шанбада фаолиятидаги 253-«қуруқ» ўйинини ўтказиб, бу борада собиқ иттифоқнинг фахри саналган Ринат Дасаевдан ўзиб кетди ва яққол рекордчига айланди. Энг муҳими, Акинфеев икки марта оғир жароҳат олганига қарамай, яна топ-даражага, яъни юқори савияга чиқа олди. Унинг ажойиб сейвлари туфайли «ҳарбийлар» етти йиллик танаффусдан сўнг яна чемпионлик шоҳупасига кўтарилишди. Бундан олти йил аввал эса Игорь еврокубоклардаги «қуруқ» ўйинлар борасида собиқ иттифоқ ва Россия рекордини ўрнатганди.

Ҳимоячилар - Марио Фернандес

Россия премьер-лигаси тарихидаги энг фойдали легионерлардан бири охиригача ҳаракат қилишни, тез-тез ҳужумга қўшилишни яхши кўради. Албатта, унинг рус тилини билмаслиги мазкур рамзий терма жамоада бироз панд бериши турган гап. Аммо Марио ўзгаларнинг кўрсатмасисиз ҳам ўнг қанот ҳимоясида нималар қилиши лозимлигини яхши билади. Боз устига, у керакли вақтларда таянч ярим ҳимоячиларига ҳам ёрдам бериши мумкин. Очиғини айтганда, унинг ҳисобидаги голлар сони кўп эмас (ЦСКАдаги тўрт ярим мавсумда иккита гол). Бироқ Фернандес ўзи гол урмасада, жамоадошларини қулай вазиятга олиб чиқишда устаси фаранг.

Ярослав Ракицкий

Мирча Луческунинг севимли футболчиларидан бири ёзда «Шахтёр» асосий таркибидаги ўрнини йўқотиб қўйишига оз қолди. Чунончи, жамоанинг янги устози Фонсека Ракицкийни захира ўриндиғига ўтқазиб қўйди. Лекин клуб ЕЧЛдан чиқиб кетгач, Ракицкий таркибга қайтди ва энг қизиғи, «Шахтёр» шундан бери ҳали ютқазмади. Ярославнинг чап оёғи узоқ масофаларга аниқ тўп оширишда, кучли зарбалар беришда жуда қўл келади. Фред допинг можаросига аралашиб қолган пайтлари айнан Ракицкий жамоа ҳужумларини ташкил этиб турди. Бразилиялик таркибга қайтганидан сўнг эса у кўпроқ ҳимоявий ҳаракатларда ўзини кўрсатмоқда.

Василий Березуцкий

ЦСКА ҳимоячиси нафақат Россия, балки Европа чемпионати ва ЧЛда ҳам ғоят муҳим голларни уради. Василийнинг асосий ютуқларидан бири шуки, унинг асаблари пўлатдек мустаҳкам бўлиб, керакли пайтда Серхио Рамосга айланади ва шу ҳолатда ҳам ўзининг совуққонлигини сақлаб қолади. Шунингдек, Березуцкий шерикларини руҳлантириш билан бирга, дунёдаги энг кучли марказий ҳимоячилардан бири ҳамдир. Эҳтимол, унинг тезлиги пастдир, аммо жуда ақлли футболчилиги аниқ.

Виталий Денисов

«Локомотив»нинг ўзбекистонлик ҳимоячисида жисмоний куч ва юқори ақлий салоҳият хислатлари мужассам. Виталий - тўпни рақибдан олиб қўйиш (7-ўрин) ва ҳужумларни тўхтатиш (2-ўрин) бўйича РФПЛдаги энг яхши футболчилардан бири. Тўғри, Денисов баъзида позицион хатоларга йўл қўяди, аммо биринчидан, бу хатолар тобора камайиб боряпти, иккинчидан, футболчи бу камчиликни меҳнатсеварлиги билан бемалол «ёпиб» юборяпти. Унинг ҳужумларга қўшилиши - «Локомотив» учун жудаям муҳим омил. Шунингдек, Виталий самарали узатмалари ва ён чизиқдан тўпни узоққа улоқтириб бериши билан ҳам довруқ таратган.

Ярим ҳимоячилар - Денис Глушаков

Бизнингча, Глушаков ҳақидаги энг яхши фикрни куни кеча Массимо Каррера айтди: «У худди Жеррардга ўхшайди. Яъни, Денис ҳимоя ва ҳужум чизиқларини боғлабгина қолмай, ўзи ҳам гол уришни уддалайди». Умуман, ҳозирги пайтда Денис ҳар қандай клуб сафида ўзини кўрсата олади. Лекин шуниси қизиқки, у ҳалигача бирор-бир совринни қўлга киритмаган. Эҳтимол, бу сафар унинг омади келар?! Чунки Глушаков биринчи давранинг ўзида ўтган мавсумдаги жами голларича тўп киритди.

Одил Аҳмедов

«Краснодар»нинг етакчи футболчиларидан бири Валерий Непомняший туфайли «Пахтакор» таркибидан мустаҳкам ўрин олганди. Орадан беш йил ўтгач, у Роберто Карлос ва Это~Олар қатори «Анжи»да порлади. Шу йилнинг июнь ойида «Краснодар» мухлислари иқтидорли ярим ҳимоячини жамоадаги энг кучли футболчилардан бири сифатида тан олишди (Одил сўровномада Смоловдан озгина камроқ овоз тўплаганини биласиз). Зеро Аҳмедов ўтган мавсумда «Краснодар» учун учта гол уриб, яна шунчасига ҳаммуаллифлик қилган эди.

Генрих Мхитарян

Генрих ўтган мавсумда бундеслиганинг энг яхши футболчиси деб топилганидан хабарингиз бор. Чунончи, у мунтазам равишда рақиб жарима майдонида саросима туғдириб, «Боруссия»га катта наф келтирганди. Эътиборлиси, Генрих «Шахтёр»да ва Клопп бошқарган «Боруссия»да ягона марказий ҳужумчи ортида ҳаракат қиларди. Томас Тухель эса Мхитарянни ўнг қанот ярим ҳимоясига жойлаштириб, янада кўпроқ натижаларга эришди. Шунинг учун Моуриньо ҳам янги шогирдини ҳужумкор учликнинг ўнг қанотига жойлаштирмоқда. Айтганча, Мхитарян 2015|2016 йиллар мавсумигача бирор марта 9тадан кўп голли узатма бермаганди. Ўтган мавсумда эса у нақ 18та голга шерик бўлди.

Евгений Коноплянка

Украиналик футболчи «Севилья»да ўтган 2010, 2012 ва 2013 йилларда вақти-вақти билан ўзини кўрсатиб турди. Аммо жамоага янги мураббий - Сампаоли келгач, у кутилмаганда «Шальке»га ўтиб кетди. Муҳими, Евгений немис клуби сафида ҳам кетма-кет голлар урмоқда. Бироқ у ҳалиям асосий камчилиги - рақиб ҳужум уюштираётган пайтда самарасиз ҳаракат қилиш муаммосидан тўла халос бўлганича йўқ. Тўғри, Украинада бу камчилик унчалик сезилмасди. Лекин Европанинг «кучли бешлиги»да мазкур муаммо яққол кўзга ташланиб қоляпти. Ҳозирда Коноплянка айнан шу бошоғриқдан қутулиш учун тинимсиз меҳнат қиляпти. Асосийси, унинг кучли томонлари - дриблинг, тезлик ва зарба илгари қандай бўлса, ана шундай турибди.

Андрей Ярмоленко

Ярмоленко асли Ленинградда туғилиб-ўсган бўлсада, Киевнинг «Динамо»сига Валерий Газзаев бошчилик қилган йилларда мустаҳкам ўрнашиб олди ва клуб учун юзтадан кўпроқ гол урди. Украина футболида Шевченкодан кейинги энг ёрқин футболчи айни пайтда 27 ёшга тўлди. Унинг «Динамо»да тутган ўрни шундайки, жамоанинг деярли барча ҳужумлари айнан Ярмоленко орқали ташкил этилади. Андрей клуб раҳбарлари уни сотишни исташмагани учун тез-тез аразлаб, гина қилиб юриши ҳақидаги гапларда ҳам жон бор. Буни қарангки, шу жанжаллар билан ҳам Украинанинг айни пайтдаги энг яхши футболчиси номига эга. Демак, тез орада уни Европанинг кучли чемпионатларида кўриб қолсак, ажабмас.

Ҳужумчи - Фёдор Смолов

Смолов — РФПЛнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси. Саратовнинг «Сокол» клуби тарбияланувчиси ҳисобланган ҳужумчи ўсмирлик чоғларида аввалига «Сатурн»да, кейин эса «Динамо»да тўп сурди. Сўнг ижара асосида «Фейеноорд»-«Анжи»-«Урал» йўналиши бўйлаб «саёҳат» қилди. Фёдор «Краснодар» таркибига келгач, ниҳоят, ўзи истаган муҳитга етишди ва кетма-кет голлар ура бошлади. Дейлик, Россия чемпионатида 2007 йилдан бери ҳеч бир рус футболчиси тўпурар бўла олмаётган эди. Смолов эса ўтган мавсумда жами 20 марта рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олиб, бу вазифани уддалади. Энг муҳими, у деярли бир ойдан бери жароҳат сабабли майдонга туша олмаяпти ва ҳатто шу ҳолатида ҳам ўнта гол билан чемпионат тўпурари бўлиб турибди. Унинг терма жамоадаги ишлари ҳам чакки эмас: Смолов дебют ўйинининг тўққизинчи дақиқасида гол урган. Апрель ойида «Уфа» дарвозасига киритилган тўп эса РФПЛнинг ўтган мавсумдаги энг чиройли голи деб тан олинди.

Захира таркиб: Андрей Пятов - Игорь Смольников, Гурам Кашия, Евгений Хачериди, Рагнар Клаван - Тарас Степаненко, Алан Загоев, Александр Зинченко, Виктор Коваленко, Олег Шатов - Артем Дзюба.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:16, 26.12.2016.
Ўқилди: 15391 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.