Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Ренат Байрамов: «Ўз вақтида ўқимаганимдан афсусланаман»

Баҳо:
+ | -

Ўйлаймизки, бу футболчи ҳақида озми-кўпми маълумотга эгасиз. Ўз вақтида «Пахтакор» таркибида бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, мамлакат кубоги соҳиби бўлган ярим ҳимоячи ўтган йили футболчилик фаолиятини якунлади. Байрамов миллий термамиз сафида ҳам ўйнашга муваффақ бўлган. Лекин тан олиб айтиш керак, сўнгги йиллар унинг учун омадли кечмади. Буни ўзи ҳам таъкидлади. Айни пайт Ренат футболдан йироқда. Биз у билан учрашиб, бугунги фаолияти хусусида интервью олдик.

- Ренат, бугунги кунда нималар билан бандсиз?

- Ҳозирча бекорчилик (кулади). Тайинли бир иш билан машғул эмасман.

- Футболни қўмсаётган бўлсангиз керак?

- Албатта. Лекин... инсон хоҳлаган ҳамма нарсасига эришавермас экан. Истак бошқа, унинг рўёби бошқа.

- Футболчилик фаолиятини якунлаш ҳақидаги қарорни қабул қилиш осон кечмагандир?

- Жуда ҳам қийин бўлди. Лекин ҳамма нарсанинг бошланиши бўлганидек, якуни ҳам бор. Бу - ҳаёт, менда бошқа тайинли вариантлар йўқ эди. Яна бир-икки йил тўп суришни хоҳлагандим.

- Фаолиятингиздан мамнунмисиз ёки қандай бўлса, шундайлигича қабул қилдингизми?

- Умуман олганда, қониқиш ҳосил қилдим. Аммо унинг якунидан бироз ранжиганим бор гап. «Пахтакор»дан кетганимдан сўнг ишларим ўзим хоҳлаганчалик кечмади. Лекин бунинг учун ҳеч кимдан ўпкаламайман. Ҳамма айб ўзимда. Демак, қаердадир хатога йўл қўйганман.

- Нега бундай бўлди?

- Ўзим ҳам билмайман. «Пахтакор»даги ўйинимни йўқотиб қўйгандим.

- Бундай бўлишини кутмагандирсиз?

- Шубҳасиз. Олдинда сизни қандай тақдир кутаётганини билмас экансиз.

- Адашмасам, сизни «Пахтакор»га Тачмурод Агамуродов таклиф қилганди, шундайми?

- Тўғри. 2005 йили «Пахтакор» таркибига қўшилдим. Бу жамоа таркибида тўп суриш - аксарият футболчиларнинг орзуси. Менга ҳам шундай бахт насиб қилганидан хурсандман. Ўша пайтда «Навбаҳор» сафида ўйнардим. Наманган шаҳри жамоаси шарафини икки мавсум, аниқроғи, 2003 ва 2004 йилларда ҳимоя қилдим. Ҳар икки мавсумда ҳам бронза медалларини қўлга киритдик. Ўйинларим маъқул келган шекилли, Тачмурод Агамуродов ва Самвел Бабаян мени «Пахтакор»га чақиришди.

- Умуман, футболдаги фаолиятингиз қай тарзда бошланган эди?

- Доғистонда туғилганман. Уч ёшга тўлганимда оила аъзоларим билан бирга Зарафшон шаҳрига кўчиб келганмиз. Оилада ягона ўғил фарзанд бўлганман. Икки нафар синглим бор. Ҳамма болалар сингари кўчада тўп тепишни бошлаганман. Биринчи мураббийим Виктор Пужалин бўлган. У киши «Қизилқум» жамоасида кичик ёшдаги болалар гуруҳига мураббийлик қилардилар. Айнан Виктор Константиновичдан футболнинг илк сир-асрорларини ўрганганман. Кейинчалик шу клубда ўйнаганман.

- «Пахтакор»дан нима учун кетдингиз? Шунга мажбур қилишдими ёки буни ўзингиз хоҳладингизми?

- Менимча, кетиш вақти етиб келганди. Ўша пайтда Амет Мемет мени «Андижон» жамоасига таклиф қилганди. Аввалига Самвел Бабаян билан бу ҳақда гаплашдик, у розилик берганидан кейин Андижонга кўчиб ўтганман.

- Мураббийликда ўзингизни синаб кўриш истаги йўқми?

- Афсуски, олий маълумотга эга эмасман. Ўйлашимча, энди бунга кеч бўлди. Ҳатто институтда ҳам охиригача ўқимаганман. Аниқроғи, ташлаб кетганман. Шунинг учун ҳам ҳамма айбни ўзимдан қидираман. Ҳозир бундай йўл тутганимдан афсусдаман. Лекин энди кеч, вақтни орқага қайтаришнинг имкони йўқ.

- Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олганмисиз?

- Йўқ. Қирғизистондаги юридик институтида ўқиганман.

- Нима учун айнан қўшни давлатда?

- Ўша пайтда Зарафшон шаҳрида яшардим. Шу институтга ҳужжатларимни топшириб, имтиҳонларда ўзимни синаб кўришимни айтишди. Бунга уриниб кўрдим ва тўплаган балларим талабаликка қабул қилинишимга етарли бўлди. Лекин юқорида айтганимдек, талабалик завқини охиригача сура олмадим.

- «Пахтакор»да ўйнаб юрган кезларингиз чала қолган ишингизни охирига етказиш имконияти бор эди-ку! Ўзбекистон чемпиони сифатида сизни имтиҳонсиз жисмоний тарбия институтига ўқишга қабул қилишарди. Нима учун бу имкониятдан фойдаланмагансиз?

- Ўзим ҳам шунга ҳайронман. Нимага бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман, деб ҳозир афсусланаман. Шу боис, бугунги ёшларга футбол билан параллель равишда ўқишларини ҳам тавсия қиламан. Кейин менга ўхшаб афсус чекиб юришмайди.

- Футболсиз ҳаёт қийин кечаётгандир?

- Нимасини айтасиз. Жинни бўлиб қолай деяпман (кулади).

- Бу вақтинчалик ҳолатми?

- Билмадим. Бу фақат Яратганга маълум.

- Ўз вақтида миллий жамоамизда ҳам ўйнагансиз. Терма либосида ўтказган илк учрашувингиз ёдингиздами?

- Адашмасам, асосий таркибдаги дастлабки ўйинимни Гонгконг термасига қарши учрашувда ўтказгандим. Лекин терма жамоа сафида унчалик кўп ўйнамаганман.

- Фаолиятингизда қайси мураббийлардан кўпроқ миннатдорсиз?

- Деярли барчасидан. Улар орасида биринчи устозимни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Кейин Виктор Жалилов, Тачмурод Агамуродов, Самвел Бабаян каби мутахассислардан ҳам умрбод миннатдорман. Улардан нафақат футболда, балки ҳаётда ҳам кўп нарса ўргандим.

- Маълум вақт 1-лига аъзоси «Хоразм» жамоасида ҳам ўйнадингиз...

- Спорт формамни йўқотиб қўймаслик учун қуйи дивизион клубида тўп суришга тўғри келганди.

- Биринчи лиганинг савияси тайин. Ўша пайтдаги қарорингиздан кейинчалик афсусланмаганмисиз?

- Албатта, афсусландим. Айнан «Хоразм»да ўйнаб, спорт формамни батамом йўқотдим.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 19:10, 27.12.2016.
Ўқилди: 8227 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.