Кириш Регистрация
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 20:00 Олимпик 2-0 Сурхон
25/06 21:00 Франция 1-1 Польша
25/06 21:00 Нидерландия 2-3 Австрия
26/06 00:00 Англия 0-0 Словения
26/06 00:00 Дания 0-0 Сербия
26/06 03:00 Перу 0-1 Канада
26/06 06:00 Чили 0-1 Аргентина
26/06 20:00 Андижон - Навбаҳор
26/06 20:00 Металлург - Насаф
26/06 21:00 Словакия - Руминия
26/06 21:00 Украина - Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия
27/06 03:00 Эквадор - Ямайка
27/06 06:00 Венесуэла - Мексика
27/06 20:00 Нефтчи - Локомотив
27/06 20:00 Пахтакор - Бунёдкор

Ислоҳотчи Инфантино

Баҳо:
+ | -

Клублар ўртасидаги ЖЧ ўтган ҳафта старт олган бўлсада, кўпчилик мухлислар бундан бехабар қолишди. Чунки уларда чинакам қизиқиш уйғотадиган «Реал» нақ бир ҳафтадан кейин курашга киришади. Дунёнинг турли бурчакларида энг кучли эканликларини исботлаган жамоалар ўртасидаги мусобақа бошидан охиригача аншлаг шароитида ўтиши лозимдек. Футбол оламининг янги ҳукмдори айнан мана шу жиҳатга эътибор қаратиб, уни ислоҳ қилиш ғоясини илгари сурди.

Турнирнинг бугунги ҳолати

Клублар ўртасидаги ЖЧ ҳозирда бўлиб ўтаётган мусобақа учун ўта жарангдор ном. Жарангдорлиги айб эмас, лекин ўз номини оқлай олмаяпти-да. Агар мусобақани терма жамоалар ўртасидаги ЖЧ билан таққослайдиган бўлсак, уни клублар ўртасидаги конфедерациялар кубоги де­йиш тўғрироқ бўларди. Рост-да, ўз қитъаларида ғолиб чиққан клублар ва мезбон жамоа ўртасидаги баҳсларни чемпионат деб аташ тўғри келмайди-ку. Боз устига, ҳозирги конфедерациялар кубоги турнирида унга қандайдир жозиба бериб турадиган гуруҳ босқичи бор. Клублар ўртасидаги ЖЧда эса ҳатто «плей-офф» ҳам бир текис эмас: Европа ҳамда Жанубий Америка клублари фақат ярим финалдан бошлаб баҳсга қўшилишади. Ваҳоланки, мухлислар айнан шу жамоаларнинг ўйинларига қизиқадилар. Очиғини айтганда, ўтмишга айланган қитъалараро кубок (ЕЧЛ ва Либертадорес кубогининг соҳиблари ўртасидаги) баҳси клублар ўртасидаги ЖЧдан қизиқарлироқ. Биринчидан, бор-йўғи битта ўйин ўтказилиши унга эксклюзив мақомини беради. Иккинчидан, баҳсда нисбатан тенг кучли жамоалар беллашади. Табиийки, муросасиз ва қизиқарли тарзда ўтади.

Инфантино нима қилмоқчи?

Ҳозир ФИФА президенти клублар ўртасидаги ЖЧни тоқ йилларнинг июнь ойларида ўтказиш хусусида бош қотирмоқда. Конфедерациялар кубогини унчалик хуш кўрмайдиган Жанни бу йўлда ундан воз кечишга тайёр, клублар ўртасидаги ЖЧ иштирокчилари сонини 32тага етказиш ниятида. Тан олайлик, бу ўта қизиқарли ғоя: «Реал», «Бавария», «Барселона» каби Европа грандлари ўта қисқа турнирда Жанубий Американинг номдор клулари билан беллашади, амалда оммавий саҳналар учун таклиф этиладиган бошқа қитъа вакиллари эса кутилмаган сюрпризлар билан мухлисларни мамнун этиш имкониятига эга бўлишади. Қолаверса, клублар ўртасидаги ЖЧ бу жамоа­лар учун улкан тажриба мактабига айланади. ФИФА раҳбари мазкур қизиқарли ғояни июннинг 10-30 кунлари оралиғида ўтказишни режалаштирмоқда. Келинг, янги ислоҳотнинг жиҳатларини кўриб чиқайлик.

Клублар ўртасидаги ЖЧнинг ҳозирги формати хусусиятлари

Ижобий жиҳатлари. Фикримизча, турнирнинг битта ижобий жиҳати бор: у нисбатан узоққа чўзилмайди.

Европа вакили атиги 2та учрашув ўтказади. Демак, ички чемпионат давом этаётган бўлса, битта ўйинни бошқа муддатга кўчириш кифоя қилади. «Сценарий йўқ, актёрлар кучли эмас, махсус эффектлар 90-йилларга хос. Лекин «фильм» қисқа, кўп вақтни олмайди - мириқиб томоша қилиш мумкин».

Салбий жиҳатлари:  савия жиҳатидан кескин фарқ қиладиган жамоалар ўртасидаги баҳс қизиқарли кечмайди. Худди «карлик» жамоаларнинг Евро саралашидаги иштироки каби. Дейлик, «Реал» клублар ўртасидаги ЖЧда ғолиб чиқиб, бош совринни қўлга киритди. Аммо бу зафарнинг нуфузи ЕЧЛдаги ғалаба олдида - денгиздан томчи! Аслида бунинг акси бўлиши лозим, чунки ЕЧЛ нима бўлганда ҳам қитъа миқёсидаги мусобақа, клублар ўртасидаги ЖЧ эса бутун жаҳонники. Шундай экан, ундан бутунлай воз кечиб, арзирли вариант хусусида бош қотирган маъқул.

Инфантинонинг таклифи

Ғоянинг ижобий томонлари. Агар икир-чикирларига эътибор бермайдиган бўлса, ҳаммаси ажойиб. Дунёнинг сара клублари ўртасидаги ёзги мусобақа. Унда молиявий самарадорликни ҳам, турнир нуфузини ҳам иштирокчиларнинг юксак мақомлари белгилаб беради. Яъни, Жанни Европа клубларининг розилигига эриша олса (қолган конфедерациялар бадавлат бўлмаганликлари боис, уларни кўндириш қи-йинчилик туғдирмайди), ҳомийлар ва ТВ вакиллари қуршовида қолиши аниқ. Клублар ўртасидаги ЖЧ шу тариқа етакчи турнир даражасига кўтарилиши мумкин. Агар мана шу келишувга эришишнинг иложи бўлмаса, чемпионатнинг маъноси қолмайди. Тўғри, «Барселона», «Ювентус» ёки «Реал»дек грандлар ўта қисқа вақт ичида мўмай даромад ва шон-шуҳрат келтирадиган блиц-турнирга бефарқ бўлмасликларига шубҳа йўқ. Шундай супермусобақанинг истиқболи йўлида ФИФА ҳозирда эскириб қолган конфедерациялар кубогидан воз кечса, бир ўқ билан иккита қуённи урган бўлади.

 Ғоянинг салбий жиҳатлари. Жанни Инфантинонинг ташаббуси қандай тўсиқларга дуч келиши мумкин? Аввало, тақвимнинг янада тиғизлашиб кетганлигидан юзага келадиган норозиликларга. Чунки энг яхши футболчилар деярли барча ёзги таътилларни майдонда ўтказишларига  тўғри келади - ЖЧ, ЕЧ, клублар ўртасидаги ЖЧ. Жамоаларнинг чарчоқдан тўла фориғ бўла олмаганликлари йирик мусобақаларда сезилиб қолмоқда. Кучли терма жамоалар вакиллари машаққатли клуб мавсумидан кейин талаб даражасида тўп сура олишмаяпти. Бундан ташқари, клубларнинг клублар ўртасидаги ЖЧга жиддий муносабатда ёндашишларига эришиш ҳам осон эмас. Агар қайсидир жамоа иккинчи таркиб билан келадиган бўлса, турнирнинг мавқеи тушиб кетиши аниқ. Инфантино манфаатли таклифлар ишлаб чиқиб, иштирокчиларни жалб эта олса, ғолибни муносиб тақдирлаш йўлини топса, юқоридаги муаммолар юзага келмаслиги мумкин.

Хулоса: Инфантино ғалаба қозонди

Ҳозирда ФИФА президенти томонидан илгари сурилган энг қизиқарли ғоя. Эҳтимол, бу бироз муболағадек туюлар, агар Инфантино ўз режасини амалга ошириб, унга боқий умр бахш эта олса, худди Жюль Риме ва Анри Делон каби футбол тарихидан жой олади. Муҳими, клублар ўртасидаги ЖЧ йўлида қайсидир қадрлироқ жиҳатга зарар етказиб қўймаслик. Эскириб қолган турнирларни «брак»ка чиқариш муаммо эмас. Клублар ўртасидаги ЖЧнинг саралаш босқичлари барча қитъаларда мавжуд: ЕЧЛ, ЕЛ ва бош­қа ҳудудлардаги шундай мусобақалар. Энди фақат 32 нафар иштирокчиларни саралаб олиш ва илк турнир мезбонини аниқлаш қолди, холос. Хуллас, олға!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:58, 29.12.2016.
Ўқилди: 3575 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.