Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Рауф Инилеев:«Обод»га ўтган йилгидан ҳам қийин бўлади»

Баҳо:
+ | -

Ўтган мавсум якунларига кўра олий лигадаги ўрнини сақлаб қолган Тошкентнинг «Обод» жамоаси 26-миллий чемпионат баҳсларига янги бош мураббий қўл остида тайёргарликни бошлади. Ўз вақтида «Осиёнинг энг яхши мураббийи» деб топилган Рауф Инилеев «Обод» жамоаси бош мураббийи сифатида ишга киришди. Рауф Талгатович бундан аввал Қозоғистон 1-лигаси вакили ҳисобланган «Мақтараал» клубида фаолият олиб борганди. Лекин бироз соғлиғидаги муаммолар сабаб маълум муддат футболдан йироқда бўлди. Ўтган давр мобайнида захира кучи тўплаб олган тажрибали мутахассис яна севимли ишини давом эттиради. «Обод» клуби раҳбарияти Рауф Инилеев билан бир йиллик шартнома имзолаган. Агар ҳаммаси ижобий давом этса, икки томонлама келишувга биноан шартнома муддати узайтирилади. Биз ЎФФда ўтган олий лига ўйинларига қуръа ташлаш маросимидан сўнг Рауф Инилеевни суҳбатга тортдик.

- Рауф Талгатович, аввало қуръага муносабатингизни билмоқчи эдик. Кўнглингиз тўлдими?

- Биласизми, қуръа бу нисбий тушунча ҳисобланади. Бу бизнинг хоҳиш-истагимизга боғлиқ жараён эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 15та жамоанинг бари билан эртами-кеч ўйнашимиз керак. Қуръа автоматик тарзда бўладиган жараён. Умуман олганда, биз учун қуръа ёмон келмади. Чемпионатни Наманганда бошлашимизни ёқимли. Сабаби, «Навбаҳор»нинг ўз майдонидаги ўйинларига минглаб мухлислар ташриф буюришади. Боз устига мавсумнинг очилиш ўйини, мухлислар футболни анча соғиниб қолишган бўлади. Табиийки, бундан муҳитда футбол ўйнаш кишига ўзгача завқ бағишлайди. Иккала жамоа ҳам босим остида бўлади. Иккинчи турда яна водий жамоаси билан тўқнаш келамиз. Бу сафар ўтган мавсум олий лигада қолиш учун «Обод» билан кураш олиб борган «Қўқон-1912» жамоасини ўз майдонимизда қабул қиламиз. Ўз мухлисларимиз кўз ўнгидаги илк учрашувда ғалаба қозонишимиз лозим. Учинчи турда бизни илк жиддий синов қарши олади. «Бухоро» жамоасига қарши тўп тепамиз. Бу йил бухоролик футболчилар жуда ёрқин ўйин намойиш этишди. Сўнгги 2-3 йил ичида «Бухоро» совринли ўринлар учун кураш олиб борадиган клублар сафига қўшилди. Бу жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. «Бухоро» билан ўйин осон бўлмаслиги аниқ. Бухорода футболни жуда ҳам яхши кўришади. Фикримни жамоанинг уй стадионига келадиган мухлислар сони ҳам таслиқлаб турибди. Ўтган мавсумда энг кўп мухлисни айнан «Бухоро» йиға олди.

- Дарвоқе, мухлислар ташрифи ҳақида. Қуръа ташлаш маросимида мухлисларни стадионга қайтариш масаласи кўтарилди. Бу мавзуда фикрингиз қандай?

- Футбол мухлислар учун ўйналади. Шундай экан, мухлисларнинг стадионларга ташрифи жуда ҳам муҳим омил ҳисобланади. «Обод» «Жар» стадионида рақибларини қабул қилади. Ўйлашимча, Тошкентдаги энг қулай стадионлардан бири. Мўъжазгина бу стадионда футбол томоша қилиш ҳам завқли. Ўтган мавсум «Обод» иштирокидаги ўйинларга нисбатан олганда кўпроқ мухлис ташриф буюрди. Айрим жамоалар ҳавас билан қараса ҳам бўлади. «Обод» мухлислар ташрифи бўйича анча йил олдин ташкил этилган жамоаларни ортда қолдира олди. Бу жуда ёқимли ҳолат.

- «Обод» билан музокаралар қандай давом этди?

- Шу йилнинг ёзида менга «Обод» клуби раҳбарияти таклиф билан чиққанди. Ўшанда мен рад жавобни бергандим. Бунга бир нечта сабаблар бор эди. Биринчи галда соғлиғимдаги муаммолар безовта қилаётганди. Қолаверса, мавсумнинг ўртасида жамоани қабул қилиб олишдан қийини йўқ. Шуларни тушунтириб, клуб раҳбариятига йил сўнгги ўз қароримни билдиишимни айтгандим. Яқинда клуб президенти телефон қилиб, мени «Обод»да кутишаётганини айтди. Ваъдага вафо қилиб, бир йиллик шартнома имзоладим.

- Ўша таклиф билан чиқишган пайтдан бошлаб «Обод» жамоасининг ўйинларини кузатиб бордингизми?

- Имкон қадар кўриб бордим. Менга «Обод» жуда ҳам ёқади. Бу клуб футболчилари билан ишлаш завқли. Ҳар қандай жамоа биринчи йили олий лигада ўйнаганда ўзига яраша муаммоларга дуч келади. Шахсан ўзим икки бор мураббийлик қилган жамоаларимни олий лигага олиб чиққанман. Лекин у жамоалар ўша йилиёқ яна қуйи лигага қайтишганди. «Обод» борасида бундай фикрдамасман. Клуб футболчиларининг аксарияти жуда ҳам ёш, айни кучга тўлиб бораётган вақт.

- Мавсумга тайёргарлик режаси ишлаб чиқилдими?

- Янги мавсумга тайёргарликнинг биринчи босқичи 21-28 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Шундан сўнг футболчилар қисқа муддатли танаффусга чиқишади. Январь ойининг дастлабки кунларидан бошлаб тайёргарлик яна Тошкентда давом эттирилади.

- Жамоа яна олий лигада қолиш учун кураш олиб  борадими?

- Мен бундай демаган бўлардим. «Обод»га нисбатан Ўзбекнинг «Лестер»и ибораси бежизга айтилмаяпти. «Обод» таркибида асосан ёш футболчилар тўп суришади. Ёш ҳужумчи Шоҳруз Норхонов тўпурарлар пойгасида анча фаол курашди. Шубҳасиз, у мавсум кашфиётларидан бирига айланди. Шуни алоҳида айтишим керак, «Обод»га янги мавсум осон бўлмайди. Ўтган йили жамоалар «Обод»ни биринчи лига жамоаси сифатида қабул қилишганди. Энди эса жамоалар бизга жиддий рақибдек қарашяпти. Шу боис энди яна ҳам кўпроқ ишлашга тўғри келади. Ўйлайманки, янги мавсумда характер эвазига ўз олдимизга раҳбарият томонидан қўйилган вазифани уддалаймиз.

- Таркибни кучайтириш ҳақида ҳам ўйлаяпсизми?

- Бусиз иложи йўқ. Ҳар бир мураббий ўз жамоасида кучли футболчиларни кўришни истайди. Лекин «Обод» асосий эътиборни ёш футболчиларни кашф қилишга, турли ёш тоифасидаги терма жамоаларга муносиб номзодларни етказиб бериш билан шуғулланади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:33, 31.12.2016.
Ўқилди: 6520 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.