"Манчестер Сити" клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Серхио Агуэро Лионель Месси билан дўстлиги ва танишуви ҳақида ҳикоя қилди.
"Ўсмирлар терма жамоасида (U-20) бирга тушлик қилдик, Лионель ёнимда ўтирган эди. Жамоадошларимиз унинг Америкадан олиб келган бутсасини муҳокама қилар эди. Мен у бу бутсаларни қандай олиб келгани ва умуман бу йигитнинг кимлигинига қизиқдим.
Мен ундан исмини сўрадим. У: "Лионель. Лионель Месси" деди. Мен унинг кимлигини ҳам билмасдим. Мен шунчаки, бутсаларни қандай олиб келганини билмоқчи эдим, холос.
Шунда кимдир менга "Уни танийсанми? Бу Месси, "Барселона"дан" деди. Шунда унинг кимлигини билдим. Бир нарсани айтишим мумкин - бунгача у менинг кимлигимни биларди!
Леонинг қандай яхши инсонлигини билиш учун у билан саломлашишнинг ўзи кифоя. Кўпчилик буни билмайди, чунки у буни ТВ ёки омма олдида кўрсатишни хуш кўрмайди.
У оддий йигит. У даврабоп йигит ва исталган аргентиналик сингари ҳазилни яхши кўради. Лео ҳамма билан хушмуомала, у оддий инсон.
Фақат футбол майдонида оддий бўлмай қолади. Месси дунёда энг зўри.
Буни у менинг дўстим бўлгани учун айтаётганим йўқ. Мен у билан шуғулланаман ва ҳаммасига гувоҳ бўлганман. Мен унинг бошқалар бажара олмайдиган ишларини кўрганман. У энг зўри", - дейди Агуэро.