Sports.uz 2016 йилги мавсум якунларини ҳисоб-китоб қилиб, олий лигада тўп сурган энг ҳужумкор жуфтликлар рейтингини тузди.
Энг яхши ҳужумкор жуфтликлар:
8-10. Неманья Йованович + Илҳом Юнусов («Қизилқум»). 8+10+18
Йованович ўз ҳисобидаги 13та голнинг 8тасини иккинчи даврада «Қизилқум» таркибида урди. Илҳом Юнусов жамғармасида эса 10та гол бор. Ушбу футболчилар биргаликда 18та тўп киритишди.
8-10. Игорь Сергеев + Жалолиддин Машарипов («Пахтакор») 11+7+18
Хитой сафари олдидан 11та гол урган Сергеевнинг ишини Машарипов давом эттирди - 7та гол. Гарчи ушбу жуфтлик ярим мавсум ўйнаган бўлишсада, якунда ажойиб кўрсаткич қайд этишди.
8-10. Азиз Ибрагимов + Вадим Чемиртан («Бухоро») 10+8+18
Ибрагимов йил давомида 10та тўп киритган бўлса, Чемиртанга 8та гол уриш учун ярим мавсум кифоя қилди. Бу натижа эса, «Бухоро»нинг юқори ўринларни эгаллашига замин ҳозирлади.
5-7. Шоҳруз Норхонов + Павел Соломин («Обод») 14+5+19
Норхонов чин маънода мавсум кашфиётига айланди. Унинг ҳисобидаги 14та голга тажрибали Павел Соломиннинг 5та голини қўшиб ҳисобласак, ажойиб кўрсаткич келиб чиқади. Айнан шу жуфтлик жамоаларининг олий лигада «жон» сақлаб қолишига муносиб ҳисса қўшишди.
5-7. Марат Бикмаев + Сервер Жепаров («Локомотив») 12+7+19
«Локомотив»даги бу дуэт биргаликда 19та тўп киритишди. Бикмаевда 12та, Жепаровда эса 7та гол. «Темирйўлчилар» ва миллий термамизнинг тажрибали вакиллари учун мақтовга арзирли натижа.
5-7. Элдор Шомуродов + Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») 10+9+19
Бу - энг яхши ёш тандем. Шомуродов 10та, Ҳамдамов эса 9та гол урди. Мавсум якунларига кўра, «Бунёдкор» иккинчи ўринни эгаллади ва бу натижанинг қўлга киритилишида ушбу футболчиларнинг ўрни беқиёс, албатта.
4. Зафар Полвонов + Игорь Таран («Шўртан») 12+9+21
Олий лигада навбатдаги мавсумини ўтказган ҳужумчилар учун чемпионат муваффақиятли якун топди, дейиш мумкин. Полвонов рақиблар дарвозасини 12 марта ишғол қилган бўлса, Таран ҳисобидаги голлар сони 9тага етди.
3. Драган Черан + Шаҳбоз Эркинов («Насаф») 12+11+23
Черан чемпионат ярмида таркибга қўшилиб, 12та гол урди ва кўпчиликни ҳайратга солди. Эркинов эса бутун мавсум давомида 11та тўп киритди. Демак, ушбу тандем олий лиганинг энг яхши жуфтликлари орасида учинчи ўринни эгаллади.
2. Зоҳид Абдуллаев + Мурод Тошматов («Металлург») 18+7+25
Юқорида таъкидлаганимиздек, 18та гол урган Абдуллаев тўпурарлар рўйхатида иккинчи бўлди. Тошматов эса рақиб дарвозабонларини 7 марта ранжитишга эришди.
1. Темурхўжа Абдухолиқов + Сардор Мирзаев («Локомотив») 22+13+35
«Локомотив»да ўйнаган яна бир дуэт. Мавсум тўпурари Абдухолиқов 22та гол урди. Сардор Мирзаевнинг бу борадаги кўрсаткичи - 13та. Умумий ҳисобда 35та гол ва «темирйўлчилар» тандеми, шубҳасиз, биринчи ўринга лойиқ.