Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Сиз бўшадингиз! Мураббийларнинг истеъфога чиқарилиш статистикаси

Баҳо:
+ | -

FootballHD.ru сайти Европадаги энг кучли 5та миллий чемпионатнинг сўнгги 5-6 йиллик архивини титкилаб, мавсумнинг ярмигача мураббийларни истеъфога чиқариш масаласига боғлиқ бир қатор қизиқарли рақамлар ва фактларни тўплади. Ўйлаймизки, бу каби таҳлил-тафтишлар ҳам кўпчиликни қизиқтирса керак.

Мана, футбол чемпионатлари секин-аста оралиқ маррага етиб келди ва келяпти. Айримларида Рождество ва Янги йил байрами таътиллари тугади, ҳисоб. Шундай экан, ҳозирдан баъзи хулосаларни баён этиш имкони бор. Биласиз, танаффус пайти ҳамма асосан футболчилар ҳақида гапиришга одатланиб қолган ва турли рамзий терма жамоалар тузиш урф ҳисобланади. Биз эса бугун мураббийлар, аниқроғи, уларнинг истеъфога чиқариш масаласини таҳлил этишни лозим топдик. Замонавий футболда жамоа устози олдига қўйиладиган талаблар табиий равишда кескин ошгани айни ҳақиқат.

Шунга мувофиқ, мураббийлик соҳаси шиддат билан ривожланмоқда, аммо истеъфолар фоизи ҳам ўсмоқда. Хўш, Европанинг етакчи биринчиликларида мавсумнинг биринчи ярмида, яъни янги йилгача юз берадиган исътефоларда қандай умумий тенденция мавжуд? Буни аниқлаш учун жорий мавсумни қўшиб ҳисоблаганда, охирги 6 йиллик даврнинг кўрсаткичларига эътибор қаратиш жоиз.

Демак, аввалига қайси лигаларда мураббийларнинг қишки байрамларгача ишдан маҳрум бўлишлари эҳтимоли каттароқ эканлигини билиш учун аввалги мавсумларда шу даврга қадар кузатилган истеъфоларнинг ўртача миқдорини келтирамиз:

АПЛ (Англия) - 3та истеъфо

Лига 1 (Франция) - 3та истеъфо

Ла-лига (Испания) - 4,3та истеъфо

Бундеслига (Германия) - 4,3та истеъфо

«А» серияси (Италия) - 5,5та истеъфо

Кўриниб турибдики, энг сабрли клуб хўжайинлари Франция ва Англия чемпионатида йиғилишган. Жанубий ва иссиқ ўлкалар - Испания ҳамда Италияда одамлар анча эҳтиросли эканликлари маълум. Табиийки, бу таъриф аксарият клуб соҳибларига ҳам тааллуқли. Буни истеъфоларнинг ўртача сони кўрсатиб турибди. Бироқ доимо аниқ ҳисоб-китоб билан яшайдиган ва тартибли тизимга асос солишган немисларнинг жанубликлар даврасига қўшилиб қолишгани тушунарсиз ҳолат. Бу таҳлилдан хулоса шуки, ишлаш ва ўз ғояларини амалга татбиқ этиш учун кўпроқ вақтга эга бўлишни истайдиган мураббийнинг Англия ёхуд Францияга боргани маъқул. Апеннинда иш бошлаган мутахассис аксинча, ҳар куни порох тўлдирилган бочкада ўтиришга кўниши лозим...

Давом этамиз. Иккинчи таҳлил ўз мураббийига жавоб берган клубнинг ўша вақтдаги ўрнига боғлиқ. Албатта, бунда ҳам ўртача кўрсаткич ҳисобга олинган. Шунингдек, Германия бундеслигасида қолган 4та чемпионатдаги каби 20та эмас, балки 18та жамоа борлигини ҳам унутмаслик керак:

Ла-лига (Испания) - 16,4-ўрин

«А» серияси (Италия) - 16,2-ўрин

Лига 1 (Франция) - 15,9-ўрин

АПЛ (Англия) - 15,6-ўрин

Бундеслига (Германия) - 15,3-ўрин

Бу борадаги умумий манзара тамомила бошқача хулоса чиқаришга ундайди. Аввалги таҳлил АПЛда ишлаш нисбатан ишончли эканлигини кўрсатган бўлса, буниси қарама-қарши таассурот қолдирмоқда: у ерда ҳаттоки, умумий ҳолдаги яхшироқ натижа ҳам бош мураббий лавозимини сақлаб қолишга кафолат бўлолмайди. Ҳарқалай, айнан Англияда истеъфога чиққан мураббийларнинг ўша вақт бўйича турнир жадвалида таъминлаган ўртача ўрни юқори. Тўғри, Германия бундеслигасида бу кўрсаткич АПЛникидан ҳам баланд, аммо у ерда иштирокчилар сони 18та эканлигини ҳисобга олсак, бу борада инглизлар раҳмсизроқ бўлиб чиқишади. Таҳлил шундан далолат бериб турибдики, Ла-лига ва «А» сериясида асосан мутлақо омадсизликка юз тутган мутахассисларни ишдан бўшатишади.

Учинчи таҳлил: қайси лигаларда жамоалар турнир жадвалининг юқори ярмида юришига қарамай, мураббийлар кўпроқ истеъфога чиқарилган? Табиийки, бу ҳисоб-китоб фоиз нисбати бўйича чиқарилган:

Бундеслига (Германия) - 8 фоиз

Ла-лига (Испания) - 12 фоиз

АПЛ (Англия) - 17 фоиз

Лига 1 (Франция) - 17 фоиз

«А» серияси (Италия) - 18 фоиз

Эҳ, эҳтиросли итальянлар... «А» сериясида ҳар йили ўртача ҳисобда турнир жадвалининг юқори қисмида бораётган битта жамоа бош мураббийи биринчи давра давомида ишдан мосуво бўлади. Англия ва Францияда ҳам бу борадаги кўрсаткич фоизи деярли шунча. Яъни инглизлар ва французлар турнир жадвалининг биринчи ярмидаги жамоа бош мураббийига жавоб бериш масаласида (албатта, жами исътефоларга фоиз нисбатида) Европа «этиги»даги клуб хўжайинларидан унча орқада эмаслар. Ушбу йўналишда немисларни барчага намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Ҳа, Германияда жамоани мамлакат лигасининг 1-9-ўринларида олиб юрадиган мураббиийларни жуда яхши қадрлашади. Энг қизиғи, эҳтиросли испанлар ҳам яхши ишни муносиб баҳолашни ўрнига қўйишмоқда. Таҳлил учун олинган 5,5 йиллик даврга қарасак, бир қатор қизиқарли фактлар ҳам юзага чиқади. Дейлик, Роберто ди Маттео ишдан олинган вақтда унинг клуби - «Челси» турнир жадвалининг кучли учлигидан жой олиб турганди. Эли Боп эса «Марсель» билан хайрлашганида, жамоа 5-ўринда эди. Ҳаммасидан Антуан Комбуаренинг тақдири диққатни тортади - у «ПСЖ» чемпионатда карвонбошилик қилаётганига қарамай, истеъфога чиқарилган.

Навбатдаги таҳлил алоҳида клубларга қаратилган. Хўш, қишки танаффусгача мураббийга жавоб беришда қайси жамоалар пешқадамлик қилишмоқда?

АПЛ (Англия): «Кристал Пэлас» ва «Сандерленд» - 3тадан исътефо

Ла-лига (Испания): «Валенсия» - 4та истеъфо

Бундеслига (Германия): «Штутгарт» ва «Шальке» - 3тадан истеъфо, «Гамбург» - 4та истеъфо

«А» серияси (Италия): «Интер», «Сампдория», «Кьево», «Кальяри», «Женоа» - 3тадан истеъфо, «Палермо» - 5та истеъфо

Лига 1 (Франция): пешқадам жамоа йўқ

- Италияда мураббийларни худди қўлқопдек алмаштиришади. Бу гапда дарҳақиқат, жон бор. Итальянлар чиндан ҳам, жамоа устози чиптасини тезда қўлига тутқазишдан сира хижолат тортмайдилар. Тўғрироғи, бундай «таъриф» асосан маълум жамоалар туфайли юзага келган. Улардан энг «илғори» - «Палермо». Янада аниқроқ айтсак, бу жамоанинг тушуниб бўлмас хўжайини Маурицио Зампаринининг улуши жуда катта. Гўёки, деярли ҳар йили 1 январгача битта истеъфо хусусида қарор чиқармаса, унинг кўнгли жойига тушмайдигандек. Зампарини айниқса, жорий мавсумда шартномани вақтли бекор қилишга шунчалик берилиб кетдики, декабрь ойигача «Палермо» футболчилари 3 нафар бош мураббий билан танишишга улгуришди. Вақтида муваффақиятли саналган «Валенсия» ва «Шальке» клубларидаги муаммолар ҳам айнан шу жиҳатда яққол кўзга ташланмоқда. Жамоалар соҳиблари негадир оддий қоидани эътиборга олишмаяпти. Яъни мураббий масаласида барқарорликка эришмай туриб, омадли иштирокка умид боғлаш қийинлигини унутиб қўйишяпти, чоғи. Франция лигасида барчаси сокин ва текис: ҳеч қайси клуб охирги 6 йиллик даврда 2 мартадан ортиқ мураббий алмаштирган эмас. Яна «А» сериясидаги «қувноқ»ликни алоҳида таъкидлашга мажбурмиз: бу оралиқда нақ 6та жамоа қишки танаффусга қадар ўз йўлбошчисини 3 марта ёки бундан ҳам кўп ўзгартирган. Ваҳоланки, қолган 4та чемпионатда бундай «жасорат» кўрсатган клубларнинг умумий сони ҳам 6тага тенг.

Ниҳоят, охирги савол: қайси мутахассислар «эрта истеъфо» қоидасидан кўпроқ жабр чекишган? Бошқача айтганда, кимлар камида 2 марта ўз ваколатларини эрта кунда топширишга мажбур бўлишган?

АПЛ (Англия): йўқ

Ла-лига (Испания): Хосе Луис Мендилибар - 2 марта

Бундеслига (Германия): Бруно Лаббадиа, Дитер Хеккинг, Мирко Сломка, Маркус Бабель - 2 мартадан

«А» серияси (Италия): Жузеппе Якини, Делио Росси, Пьерпаоло Бисоли, Массимо Фиккаденти - 2 мартадан, Жузеппе Саннино - 3 марта

Лига 1 (Франция): йўқ

Кўриб турибмизки, АПЛ ва Лига 1 клублари бу масалада ўрнак бўлиш-япти. Табиийки, бунда мураббийларнинг янги жамоага кўчиб ўтишда ҳушёрликни оширишлари ва ақл билан иш тутишлари ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, улар дуч келган таклифни қабул қилавермайдилар. Хуллас, аввало, барчасини ҳисоб-китоб тарозусига солишади ва узоқроқ ишлашга кўзлари етсагина шартномага имзо чекишади. Италия биринчилиги бу масалада ҳам ақл бовар қилмас кўрсаткичларга эга. Қаранг, Апеннинда нақ 4 нафар мураббий қишки танаффусга қадар 2 мартадан ишдан айрилган бўлса, бечора Жузеппе Саннино 3 марта шу куйга тушган. Тўғри, Германия лигаси ҳам бу борада у қадар ортда эмас. Бироқ ҳаммаси немис мутахассисларининг хорижга кам чиқишлари, яъни асосан ўз юртларида ишлашни маъқул кўришларига боғлиқ. Яна ўша энг «қўнимсиз» Жузеппе Саннинога қайтамиз. Унинг охирги 6 йилда мавсумнинг биринчи ярмидаёқ нақ 3 марта ишдан айрилганига «Карпи», «Кьево» ва албатта, «Палермо» клублари сабабдир. Шунингдек, «Кальяри»ни ҳам алоҳида тилга олиш керак. Бу жамоа бир неча йил олдин биринчи даврада бир кишини 2 марта истеъфо билан «сийлаш»га жазм этганди. Ушбу бечора бош мураббийнинг исми шарифи - Массимо Фиккаденти.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 19:01, 23.01.2017.
Ўқилди: 14730 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.