Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Темур Кападзе: «Курашларга тайёрман»

Баҳо:
+ | -

«Локомотив» клуби БААда ташкил этилган икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. «Темирйўлчилар» йиғин доирасида иккита ўртоқлик учрашув ўтказишди ва ҳар иккала ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этилди. Аниқроқ айтсак, Саудия Арабистонининг «Ал Қодисия» ва Россиянинг «Зенит» клубларига қарши кечган учрашувларда ҳисоб очилмади. Шунингдек, жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Асосий таркиб футболчилари саналган Сервер Жепаров, Темурхўжа Абдуҳолиқов ва Санжар Шоаҳмедовлар фаолиятларини хорижда давом эттиришни лозим топишди. Кетганлар ўрни эса Кот-дИвуарнинг энг истеъдодли ёш футболчиларидан бири дея эътироф этилаётган Жуниор Ахиссан Лэндри билан тўлдирилди. «Темирйўлчилар» БАА сафаридан қайтиб келишгач, мухбиримиз  жамоанинг энг тажрибали футболчиси Темур Кападзени суҳбатга тортди.

- Темур, БААда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғини ҳақида нима дея оласиз?

- Менимча, жамоамизнинг хориждаги илк йиғини кўнгилдагидек ўтди. Унда биз асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратдик. Шундай қилмасак ҳам бўлмайди, зеро ОЧЛ доирасидаги илк ўйинга тобора оз фурсат қоляпти. Дубайдаги йиғин чоғида фақат иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиш билан чекландик. Иккинчи хориж йиғинимиз февраль ойида Туркияда бўлиб ўтади ва ўйлайманки, унда кўпроқ назорат ўйин­лари ташкил этилади. Бу учрашувлар орқали сафимизга янги қўшилган футболчиларнинг жамоа ўйи­нига мослашиб олишларини таъминлашимиз лозим. Энг муҳими, барчамиз мураббийлар биздан нималарни кутишаётганини биламиз. Шундай экан, камчиликлар устида ишлаб, мавсумни юқори тайёргарликда бошлаймиз.

- Ўтказилган ўртоқлик учрашувлари, дейлик, «Зенит»га қарши ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

- Хабарингиз бор, иккала ўйинда ҳам ҳисоб очилмади. Бироқ бу баҳслар мавсумга тайёргарлик доирасидаги илк ўйинлар бўлгани учун, шахсан менда ижобий таассурот қолдирди. Тўғри, ҳали оптимал формадан узоқроқдамиз ва ўз устимизда ҳали кўп ишлашимиз керак. Лекин «Зенит» билан ўтказилган ўйин биз учун ҳар томондан фойдали бўлди. Мураббийлар ҳам кучли рақибга қарши кечган учрашувда футболчиларнинг бугунги ҳолатини кўздан кечириб олишди.

- Жамоа сафига қўшилган янги футболчилар ҳақида фикрларингиз...

- Агар сиз маҳаллий футболчиларни назарда тутаётган бўлсангиз, Диёр Туробов ва Шуҳрат Муҳаммадиевлар жамоа ўйинига тезда қўшилиб кетишди. Янги мавсумда уларнинг жамоамизга фақат фойдаси тегади, деган умиддаман.

- Хўш, легионер футболчилар-чи?

- Легионерлар масаласида қатъий фикр билдириш мушкул, ҳозирча. Бу саволга жавобни яхшиси, Туркияда ўтадиган иккинчи йиғинимиздан сўнг берган маъқул, менимча.

- Янги мавсум арафасида «Локомотив»ни уч асосий футболчи - Темурхўжа Абдухолиқов, Сервер Жепаров ва Санжар Шоаҳмедовлар тарк этди...

- Ҳа, жамоамизни тарк этган бу футболчилар «Локомотив»да ўз ўринларига эга эди. Дейлик, «олтин дубл»га эришишимизда уларнинг хизматлари жуда катта бўлганди. Лекин собиқ жамоадошларимни ҳам тўғри тушуниш керак: таклиф ҳар томондан қулай бўлса, ундан бош тортишнинг ҳожати йўқ. Албатта, агар улар жамоамиз қолишганида яхши бўларди. Аммо, бу футболда учрайдиган ҳолат. Ўйлайманки, таркибга қўшиб олинган янги футболчилар жамоамизни тарк этган ўйинчиларнинг ўрнини муносиб тарзда тўлдиришади ва мураббийлар ҳамда мухлисларнинг ишончларини оқлашади.

- ОЧЛда «Локомотив» жойлашган гуруҳ ҳақида нима дея оласиз? Сизнингча, қайси рақиб кучлироқ кўрин­япти?

- ОЧЛда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Ўйлашимча, бу йил биз учун ўтган мавсумдагидан ҳам қийинроқ бўлади. Чунки, ўтган йили жамоамизнинг чиройли ғалабалари билан ўзимизни Осиёга яхшигина таништирдик. Шу боис, бу йилги ОЧЛ баҳсларида рақиблар бизга қарши икки ҳисса куч билан тайёргарлик кўришади. Бироқ шахсий фикримча, «Ал Аҳли» бошқаларга қараганда бироз кучлироқ.

- Бу йил 36 ёшни қарши оласиз. Толиқиш аломатларини сезилмаяптими?

- Ҳа, бу йил мучал ёшимни нишонлайман. Лекин тўғрисини айтсам, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Ҳеч қандай чарчоқ аломатлари йўқ, курашга тайёрман. Бошқача айтсам, катта футболдан кетиш ҳақида сира ўйламаяпман. «Локомотив» билан янги мавсумда катта ютуқларга эришишни мақсад қилганман. Ўтган йили Ўзбекистон чемпиони бўлдик, мамлакат кубогини қўлга киритдик. Энди бу унвонларимизни ҳимоя қилишимиз керак. Бунинг осон бўлмаслигини ҳозирданоқ ҳис қилиб турибмиз. Шунингдек, ОЧЛда ҳам ўтган йилги натижамизни яхшилашимиз лозим.

- Яқинда дўстингиз Сервер Жепаров билан бирга махсус ўқув-курсларига қатнашдингиз. Мураббийлик - қийин соҳа эканини ҳис қиляпсизми?

- Ҳа, тўғри айтдингиз, мураббийликдаги биринчи қадам қўйилди. Насиб қилса, балки биздан яхши мутахассислар чиқар (кулади)?! Албатта, буни вақт кўрсатади. Аммо ҳозирданоқ мураббийлик қийин касб эканлигини сезяпман. Футболчилик даврини мураббийлик фаолияти билан асло таққослаб бўлмайди. Мураббий - натижага жавобгар шахс, футболчи эса фақат ўзига жавоб беради.

- Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 3-саралаш босқичидаги бўлажак ўйинлари ҳақида нима дея оласиз? Мундиалга чиқиш бизга насиб қилармикан?

- Ҳозирданоқ шуни аниқ айтиш мумкинки, термамизга саралашнинг қолган 5та ўйинида ҳечам осон бўлмайди. Буни биринчи давра учрашувлари яққол кўрсатиб берди. Умид қиламанки, мураббийлар штаби бу масалада тўғри хулосаларни чиқариб олишган. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад сари интилиши шарт. Акс ҳолда, жаҳон чемпионати яна армон бўлиб қолиши мумкин.Мухлисларни ҳам футболчиларимизга ишониб, уларни қўллаб-қувватлашга чақираман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:32, 25.01.2017.
Ўқилди: 6426 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.