Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Акмал Раҳимов: «Ҳакамлик мен учун ота касб»

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори ҳакамларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, Равшан Эрматовнинг халқаро майдонларда эришган муваффақияти шундан далолат бермоқда. Ўз навбатида, бу каби ютуқлар кўплаб ёшларни ушбу касбни танлашга ундамоқда. ЎФФ қошида фаолият юритаётган Ҳакамларни тайёрлаш мактаби эса мазкур жараёнда ҳақиқий кўмакчига айланмоқда. Истеъдодли ҳакамларимиздан бири Акмал Раҳимов ёш бўлишига қарамай, шу кунгача Англия, Испания каби футболи санъат даражасига чиққан мамлакатларда малака ошириб қайтди. У ФИФА семинарларида ўзини ижобий томондан кўрсата олди. Яқинда ЎФФ ташкил этган йиғинда ҳам Акмал муносиб тарзда иштирок этди. Биз семинар якунида биринчи тоифали ёш реферидан интервью олдик.

- Йиғин ва семинар қандай ўтди?

- Барчаси юқори савияда ташкил этилди. Дастлаб ҳакамлар тиббий кўрикдан ўтказилди, кейин жисмоний тайёргарлик бўйича фитнес-тест топширдик. Ҳакамлик амалиёти бўйича эса имтиҳонлардан ўтдик. Мазкур йиғин ва семинар Чиғатой базасида бўлиб ўтиб, уни тажрибали ҳакамларимиз олиб боришди. Ўзимга келсам, амалий машғулот доирасига киритилган «Бунёдкор»- «Қи-зилқум» учрашуви(2:0)да ҳакамлик қилдим.

- Футбол қоидалари бўйича киритилган янги ўзгаришлар нималардан иборат бўлди?

- Масалан, ўйин старти ва голдан кейинги ҳолатда майдон марказида тўпни исталган томонга тепиб, учрашувни бошлаш мумкин. Агар ўйинчи жароҳатланганда, унга қўполлик ишлатган рақиби сариқ ёки қизил карточкага лойиқ кўрилса, лат еган футболчига майдоннинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилади.

- Жисмоний тайёргарлик бўйича фитнес-тест нормативларида ўзгаришлар борми?

- Албатта. Мисол учун, 75 метр масофани камида 15 сония ичида босиб ўтишимиз шарт. 25 метр масофани эркин юриш ҳолатида босиб ўтиш учун эса 20 сония вақт берилади. Кейин 40 метрга 6 марта тезликни оширган ҳолда югурилади. Унинг ҳар бирига 6 сония вақт берилади. Шунингдек, майдон атрофида ҳам кросс югуришларимиз бор.

- Мавсумга тайёргарликнинг қолган қисми қандай ўтказилади?

- Умумий семинар ва машғулотлардан ташқари ўзим индивидуал тарзда шуғулланаман. Фақат якшанба дам олиш куни сифатида белгиланган. Бир ҳафтада иккита ўртоқлик учрашувини бошқараман.

- ФИФА ташаббуси билан Англия ва Испанияда ташкил этилган семинарларда малака оширдингиз. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.

- ОФКнинг ёш ҳакамлар учун мўлжалланган дастури бўйича ўтказилган махсус имтиҳонлардан сўнг сараланиб олингандим. Бунинг натижасида икки йил давомида семинарларда қатнашдим. ОФК 6 нафар ёш ҳакамни Англияга юборди, улар орасида мен ҳам бор эдим. Англия премьер-лигаси ҳакамлари билан бирга машғулот ўтказдик. Йиғин якунида имтиҳон топширдик. Жисмоний тайёргарлик бўйича фитнес-тестдан ўтдик. Бундан ташқари, ўтган йили Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда ҳакамлик қилдим. Ёшлар ўртасидаги бу мусобақада АҚШ, Голландия, Бразилия, Аргентина, Ирландия, Испания, Англия ҳамда Украина давлатларидан жамоалар иштирок этишди.

- Умуман, сизда ҳакамликка қизиқиш қачон ва қандай пайдо бўлган? Бу соҳада кимларга ҳавас қиласиз?

- 2007 йили дадамнинг маслаҳатлари билан ҳакамликка кириб келдим. Ёшликда футболчи бўлиш орзуси бор эди, лекин ҳамма ҳам бу йўлда ўсишга эришавермас экан. Кейинчалик ўйинларни бошқаргач, ушбу соҳага қизиқиш пайдо бўлди. Отам Ислом Раҳимов ҳам ўз вақтида ҳакамлик қилганлар. Таъбир жоиз бўлса, бу мен учун ота касб. Равшан Эрматов устозим бўладилар. Улардек муваффақият қозонишни ният қилганман. Ва албатта, энг катта орзум - жаҳон чемпионатига бориш. Ҳали олий лигада ишлаш насиб қилмади. Бу йилдан умидим катта. Шу кунгача биринчи лига ҳамда Ёшлар лигаси ўйинларида бош ҳакам вазифасини бажардим. Элита жамоалари иштирокидаги ўртоқлик учрашувларини ҳам бошқарганман.

- Замонавий футболда содир бўлаётган янгиликларга муносабатингиз қандай? Голни аниқлаш технологияси, видеотакрорлар...

- Буларнинг бари миллионлар ўйини учун фойдали. Чунки ҳозир футбол жуда ҳам тезлашиб кетган. Тўп қандайдир сониялар ичида майдоннинг нариги қисмига етиб бор-япти. Мазкур ўзгаришлар ҳакамларнинг ишини анча енгиллаштиради. Голни аниқлаш тизимини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, у холис жавоб беришда асқотмоқда. Видеотакрорлар ҳам фойда келтириши аниқ.

- Европалик ҳакамлардан қайси бирининг ўйинни бошқариш услуби ёқади?

- Марк Клаттенбург ва Никола Риццолининг маҳоратларини ҳурмат қиламан. Улардан ниманидир ўрганишга интиламан. Англиядаги семинар ва машғулот чоғида Клаттенбург билан учрашиб, суҳбатлашганман. Шундан сўнг бу ҳакамга бўлган ҳурматим яна ҳам ошган.

- Ҳакамларга осон эмас, чунки ҳаммага бирдек ёқиш қийин. Шу ҳақда ҳам ўйлаб кўрганмисиз?

- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Бу жуда масъулиятли касб. Чунки биргина хато туфайли жамоа раҳбарлари, мураббийлар штаби ва футболчиларнинг кейинги фаолияти ўзгариб кетиши мумкин. Ҳакам ҳам инсон ва у хатодан холи эмас. Майдонга чиққанимда фақат ўйинни ўйлайман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:11, 18.02.2017.
Ўқилди: 7016 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.