Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Виталий Легай: “Селекция ишлари давом этади”

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсум кучлилар сафига қайтишни асосий мақсад қилган “Андижон” чемпионатга астойдил тайёргарлик кўрмоқда. Жамоа яқинда пойтахтда қисқа муддатли йиғин ўтказиб қайтди. Айтиш керакки, Тошкентда “бургутлар” бир нечта синов-назорат баҳсларида майдонга тушди. Бош мураббий Виталий Легай мазкур йиғин ва келажакдаги режалари тўғрисида клуб матбуот хизматига интервью берди.

– Виталий Александрович, бошқарувингиздаги жамоа яқинда Тошкентдаги йиғинни якунлади. Ушбу йиғиндан кўнглингиз қанчалик тўлди?

– Режамизга мувофиқ пойтахтдаги йиғин давомида аввалига футболчиларни тиббий кўрикдан ўтказдик. Натижалар ёмон бўлмади. Деярли 90 фоизга футболчилар тиббий кўрикдан яхши ўтди. Тошкентда асосий эътиборни назорат ўйинларига қаратдик. Кун-ора ўртоқлик учрашувларини ташкил этиб, футболчиларни яна бир бор кўздан кечирдик. Афсуски об-ҳаво инжиқлиги қайсидир маънода ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Ўйин кунлари қор-ёмғир ёғиб турди. Шунга қарамай йигитлар ўзларини ижобий томондан кўрсатишга уринди. Шу боис айтишим мумкинки, Тошкентдаги йиғинимиздан қониқиш хосил қилдим.

– Таркибдаги ўзгаришлар тўғрисида бизга сиздан бошқа хеч ким аниқ маълумот бера олмайди. Шу боис бу ҳақда ўзингиздан эшитсак.  

– Тошкентда бир нечта ёш ўйинчиларни кўрикка таклиф этиб, уларни назорат ўйинлари орқали кўрикдан ўтказдик. Уларнинг икки нафари андижонлик эканлигини айтиб ўтишим керак. Булар – Муҳаммадюсуф Абдумажидов ва Абдулазиз Ёқубовдир. Абдумажидовни андижонлик мухлислар яхши билишса керак, у ўтган йили “УзДонгЖу” шарафини ҳимоя қилганди. Ёқубов эса Шаҳрихон туманида туғилган. Улардан ташқари яна Хусниддин Хусниддинов ва Камрон Абдуҳамидовларни ҳам кўрикдан ўтказмоқдамиз. Ушбу футболчилар 1998-1999 йилларда таваллуд топган. Қанот ярим ҳимоячилари ва ҳужумчи сифатида харакат қилади. “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиларидир. Тошкентда ўтказган учрашувларимиз чоғида уларни нималарга қодир эканлигини кўрдик. Ёмон таассурот қолдирмади. Энди Андижондаги йиғинга ҳам таклиф этганмиз. Хулоса чиқаришга шошилмаймиз ва яна ўйинлар орқали синовдан ўтказамиз. Шунингдек ҳимоя чизиғини янада кучайтириш мақсадида “УзДонгЖу”дан Абдурасул Комиловни таклиф этганмиз. Ўйлайманки  мавсум давомида ушбу футболчининг жамоага ёрдами катта бўлади.

– Жамоа билан хайрлашган футболчилар ҳам бўлса керак?

– Ҳа, албатта. Қарийб бир ой давомида жамоамиз йиғинида иштирок этган ярим ҳимоячи Ғайрат Жўраев билан хайрлашишга қарор қилдик. Ўз вақтида олий лигада ўйнаган ушбу футболчининг жамоага ёрдами тегишига умид қилгандик. Аммо негадир биз ўйлагандек бўлиб чиқмади. Натижада дўстона равишда хайрлашишга қарор қилдик. Юқорида айтиб ўтганимдек, “УзДонгЖу”дан ҳимоячи Комиловни таркибга қўшиб олганмиз. Шу боис унинг ўрнига биз уларга Шояд Муллажоновни бердик. Ҳозирча шулар.

Vitaliy Legay

– Асосий таркиб ўзагини аниқлаб олган бўлсангиз керак?

– Ҳа, деярли таркибни аниқлаб олдик десам хато бўлмайди. Энди уни шакллантириб бориш учун ишлаймиз.  Лекин шуни ҳам айтиш керакки, селекция ишларини тўхтатганимиз йўқ. Яна айрим ўйинчиларни сафимизга қўшиб олишимиз мумкин.

– Айтингчи сизни айни дамда қайси чизиқлар кўпроқ хавотирга солмоқда?

– Бизга битта яхши тажрибали дарвозабон керак. Айни дамда ихтиёримизда Лочин Долимов, Азиз Абубакиров ва Баракатилло Исроилов бор. Уларни аълоҳида ажратиб ўтишни истамайман. Лекин тажрибали посбон билан келиша олсак, юқоридагиларнинг биттаси билан хайрлашамиз. Шунингдек ҳимоя чизиғига ҳам битта тажрибали ўйинчи топа олсак мақсадга мувофиқ бўларди. Қолган позициялардан ҳар холда хотиржамман.

– Даврон Турсунов ҳам тиббий кўрикдан ўтиб келди. Ушбу тажрибали ҳимоячи қачондан жамоага ёрдам бера бошлайди?

– Афсуски ўтган йили Турсуновнинг соғлигида муаммо юзага келиб, тиббий кўрикдан муваффақиятли ўта олмаганди. Яқинда уни яна тиббий кўрикдан ўтказдик. Озгина муаммоси бор. Шифокорлар керакли муолажаларни олишни маслаҳат қилди. Шу асосида у даволанмоқда. Давронни имкониятларини яхши биламан. Ўйлайманки у иккинчи даврадан яна “Андижон”га ёрдам беришни бошлайди. Насиб этса 1-2 ойдан сўнг ҳимоячи тўлиқ куч билан машғулотларда ишлай бошлайди. Ҳар холда шунга умид қиляпман.

– Ўтган мавсум “Обод” сафида олий лигада дебют қилган андижонлик дарвозабон Даврон Жўрақулов ҳам жамоангизнинг йиғинида иштирок этиб келаётганди. Аммо уни ҳозирда кўрмаяпмиз. Бу ҳақда нима дейсиз?

– Жўрақулов яхши дарвозабон. Фақат унда ортиқча вазн бор. Футболчи ўз меёрини билиб юриш керак. Нафақат футболчи балки ҳамма инсон ўз меёрини билмоғи даркор. Қишки йиғин чоғида ўз устида ишлаб, кейин чемпионат бошланганида яна ортиқча вазнни юзага келтирса у ўзини алдаган бўлади. Даврон ҳам бу борада ўз устида ҳали кўп ишлаши керак. Ортиқча вазн билан футбол ўйнаш қийин. Айниқса дарвозабонларга. Чунки тўпни қайтаришда реакция кўрсатиш учун ортиқча вазн халақит беради.

– Анвар Бердиевнинг Тошкентдаги назорат ўйинларида майдонга тушмагани тўғрисида ҳам айтиб ўтсангиз?  

– Бердиев жамоамиздаги энг тажрибали футболчилардан биридир. Унинг бой тажрибаси ҳали бизга асқотади деган умиддаман. Анварни маҳоратига шубҳам йўқ. Тажрибали ҳужумчи сўнгги 1,5 йилни “Андижон”да ўтказди. Нималарга қодир эканлигини яхши биламиз. Нима учун уни майдонга тушмаётганига келсак, сунъий қопламали майдонда ўйнаб, жарохатини янгилаб олишини истамадик. Лекин у ўз устида тинимсиз ишламоқда. Ёшларга ўз тажрибасини бермоқда. Яна қайтараман Анвардан умидимиз катта ва у бу йил жамоамиз учун кўплаб фойдали голларни уради.

– Кўпчилик ишқибозлар таркибга таникли ва ўз вақтида олий лигада ўйнаган футболчиларни келишини хоҳлашмоқда. Бунга жавобан нима деган бўлардингиз?  

– Тўғри, олий лига қайтиш учун тажрибали футболчиларнинг ёрдами катта бўлади. Лекин эътибор қаратсангиз, бугунги кунда таркибимизда олий лигада ўйнаган 5-6 нафар ўйинчи бор. Қаҳрамон Маҳамаджонов, Акбар Ходжаев, Фарҳод Бекмуратов, Санжар Асқаралиев, Иброҳим Отахонов, Анвар Бердиев каби ўйинчиларни айтиш мумкин. Бундан ташқари Бахтиёр Қосимов, Жаҳонгир Мақсудов, Дилмурод Маҳмудов сингари иқтидорли футболчиларимиз ҳам ўткан мавсум айрим учрашувларда 18талик рўйхатга киритилган. Улардан ҳам нимадир кутсак бўлади. Имкони бўлганида тажрибали кўпни кўрган ўйинчиларни яна олардик. Аммо бунинг учун уларга кўтарма пулларини ҳам бериш лозим. Шу томонларини ҳам ўйлаш керак. Шу боис ихтиёримиздаги ўйинчилардан унумли фойдаланишга харакат қиламиз.

– Мақсуд Маҳмудов, Ойбек Нурматов, Камрон Абдуҳамидов, сингари ўйинчиларни ижара асосида келишига қандай муносабатдасиз?

– Биз имкон қадар уларни тўлиқлигича олмоқчимиз. Бу борада ўша клуб раҳбарлари билан яна гаплашамиз. Биринчи лигада  1998 йил ва ундан кичик ёшдаги ўйинчиларни ўйнаши шарт бўлгани учун ушбу ёшдаги иқтидорли ўйинчиларни ижара асосида бўлса ҳам таркибга жалб этишга мажбурмиз.

– Ўтган йили “Андижон” ёшлар жамоасида тўпурарлик маҳоратини намойиш этган Алишер Абдувоҳидовнинг бугунги холати тўғрисида фикрингиз қандай? Ундан бу йил ҳам мухлисларнинг умиди катта бўлмоқда.

– У ҳали ўз устида яна кўп ишлаши керак. Потенциали юқори. Голни хис қилиш қобилятга эга. Лекин Алишерга барқарорлик етишмаяпти. Жарохатлардан сўнг ўзига бўлган ишончи бироз пасайгандек. Абдувоҳидов бирин-кетин голлар ура бошласа “иштахаси” янада очилиб қолади деб ўйлайман. Нафақат Алишерда балки кўплаб футболчиларимизда барқарорлик йўқ. Бугун яхши ўйнаса, эртага аксинча бўлмоқда. Бу вақтинчалик холат деб ўйлайман. Чемпионат бошланса ҳаммаси кўнгилдагидек кечишига умид қиламиз.

– Бу йил мураббийлар штабида сизга андижонлик мутахассислар ёрдам бермоқда. Мураббийлик соҳасида илк қадамларини ташлаётган Расул Раҳмонов ва Бекзод Турғунов хусусида нима дейсиз. Улар сизга қанчалик ёрдам бермоқда?

– Сиз айтиб ўтган ёш мураббийларимиздан ташқари менга Абдурашид Исмоилов ҳам яқиндан кўмаклашаётганини айтиб ўтишим керак. Олий ва биринчи лига клубларида ишлаган мутахассис. Раҳмонов ва Турғуновга келадиган бўлсак, улар ўз вақтида футбол ўйнаган. Бутсаларини михга илгач ушбу соҳада қолишни афзал билди. Биз эса уларга ёрдам берамиз. Ёш мутахассисларимизнинг иштиёқи баланд. Бу табиий хол. Мисол учун кўчада тўп тепаётган ёш болакайни футболга мактабига олиб бориб, имконият берсангиз ўзини кўрсатиш учун астойдил харакат қилади. Мураббийлар ҳам шундайдир. Расул билан Бекзод мураббий сифатида ҳали кўп ўқиб, ўрганиши керак. Иш давомида уларга ҳам йўл-йўриқ кўрсатиб боряпмиз. Мураббийлик лицензияга ўқишга боришдан олдин амалий билиб олишса ёмон бўлмайди. Иш чоғида уларнинг ҳам фикрларини эшитаман ва биргаликда камчиликларни бартараф этиб бормоқдамиз.

Манба: fcandijon.uz
Киритилди: 13:36, 21.02.2017.
Ўқилди: 6598 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.