УЕФА ташкилотининг собиқ президенти Мишель Платини дисквалификация қилинганидан сўнг илк бора футбол ўйинига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда AP.
61 ёшли франциялик, Европа лигасининг 1/16 финалидан ўрин олган «Сент-Этьен» - «Манчестер Юнайтед» (0:1) ўйинини томоша қилган. Платини бу клуб шарафини 1979-1982 йилларда ҳимоя қилган.
Аввалроқ, мулозим коррупцияда айбланиб, футболдаги барча фаолиятдан четлатилгач, футбол ўйинларига бормай қўйганди. Бу ҳолат 2011 йилда ФИФА маблағларидан 2 миллион доллар миқдоридаги пул ўтказмаси билан боғлиқ можародан сўнг юз берган. Аввалига унинг четлатилиш муддати саккиз йилга тенг эди, бироқ кейинчалик суд жараёнида муддат икки бараварга қадар қисқартирилди. Платинидан коррупция билан боғлиқ айбловлар олиб ташланди, бироқ у ФИФАнинг аҳлоқ кодексидаги бошқа қоидабузарликларда айбдор деб топилди. Франциялик мулозим ҳеч қандай тақиқ йўқлигига қарамай, Евро-2016даги бирорта ўйинга келмади.