«Тўп афсунгари» номини олган Роналдиньо айни пайт нималар билан машғул? Кўпчилик машҳур бразилияликнинг яна «Барселона» элчиси ролига тайинланганидан хабардордир. Ронни олдинроқ, аниқроғи 2016 йилнинг октябрида ҳам шу лавозимни эгаллаган, бироқ илк иш куниёқ ўзбошимча сайрга чиқиб, клуб раҳбарларини уялтириб қўйганди. Демак, Bombardir.ru сайти маълумотлари асосида яқин ўтмишнинг тенгсиз юлдузи охирги вақтларда нималар билан шуғулланганини кўриб чиқамиз.
* * * Роналдиньо жуда кўп саёҳатга чиқади. Бугун Бразилиянинг қайсидир бурчагида, эртага Туркияда, кейин эса Испания томон йўл олаётган бўлади. Собиқ ярим ҳимоячи етарли даражада машҳур ва шунинг ҳисобига унинг хоҳлаган юртга ташрифи ҳар доим чинакам карнавал ва хушчақчақликка айланади. Яъни Роналдиньо қаерга бормасин, мисли кўрилмаган эътибор қуршовига тушади. Диньо еврофутбол билан хайрлашгач, Мексика ва Бразилияда ўйнади, бошқа собиқ юлдузлар қатори Ҳиндистон мини-лигасида кўриниш берди.
* * * «Барселона» раҳбарияти 2016 йил кузда Роналдиньони клубнинг халқаро элчиси ваколати билан сийлади. Бу бразилиялик «афсунгар»нинг футбол марказига қайтиш йўлидаги илк қадами бўлиши тахмин қилинганди. Бироқ Ронни илк иш куниёқ ишончни оқламади. У шунчаки, пляж футболи ўйинида қатнашиш учун Бразилияга кетиб қолди. Боз устига, бировни огоҳлантирмаган ҳолда.
* * * Роналдиньо шу кунгача Сингапур, Бразилия, БАА ва Озарбайжонда ўз номи билан аталувчи футбол академияларига асос солди. «Блауграна» раҳбариятининг унга Masia 360 футбол мактаби лойиҳасида бевосита иштирок этишни таклиф қилгани ҳам бежиз эмас. «Барселона»нинг асосий футболчилари тез-тез ушбу мактабда меҳмон бўлиб, болалар билан дилдан суҳбатлашадилар, спортчи юксак натижаларга эришиш йўлида нималарга эътибор қаратиши зарурлиги хусусида ёрқин мисоллар орқали маслаҳатлар берадилар. Ронни эса «Барселона» юлдузи бўлиш футболчи учун нимани англатишини тушунтиришга қодир. Ахир у ҳаммасини ўз тажрибасидан билади. Эътиборлиси, болаларда қўшимча иштиёқ уйғотиш мақсадида ўз ҳисобидаги ягона «Олтин тўп»ни клуб музейига топширадиган бўлди.
* * * Роналдиньо аллақачон мураббийлик соҳасига қўл урмаслиги хусусида якуний қарорини эълон қилган. Энди эса футболчилик фаолиятини расман якунлаганини билдирса керак. Ҳар ҳолда, яқинда шу мазмунда оғиз очди: «Очиғи, 90 дақиқа ўйин томоша қилишга сабрим чидамайди - бу мен учун азоб. Хуллас, футбол учрашувининг энг яхши вазиятлари ва голларни кўриш билан чекланаман».
* * * Бразилиялик яна B4Lнинг «Ҳаёт йўлида ака-укалар» номини олган лойиҳасида иштирок этяпти. Бу лойиҳа муаллифлари - туркиялик Умит Оқбулут ва Колин Казим. Улар режага мувофиқ, бутун дунёдаги спорт ва мусиқа юлдузларини ягона байроқ остида бирлаштириб, Туркия пойтахти - Анқарада махсус кечалар уюштирадилар. Лойиҳа меҳмонлари қаторида 50 Сent гуруҳи, Флойд Мейвезер, Дидье Дрогба, Ким Кардяшьян кабиларни мунтазам кўриш мумкин. Роналдиньонинг ўзи ҳам мусиқага нисбатан муҳаббатини йўқотган эмас. Ҳаётида футболдан кейинда турувчи муҳим нарса сифатида айнан мусиқани тилга олгани замирида катта маъно бор. Дейлик, Ронни яқинда Бразилиянинг «Пике Ново» гуруҳи учун мусиқа басталади. Айтганча, илк сингл - Vai na F кўп йиллар муқаддам Роналдиньо ва Edcity рэпери ижросида янграганди.
* * * Диньо виртуал реалликдан ҳам четда эмас. Мисол учун, мобиль телефонлар учун мўлжалланган Ronaldinho Super Dash компьютер ўйинларини сотувга чиқарди. Бунда барчаси оддий: Бразилия терма жамоаси либосига бурканган митти, лекин қиёфаси таниш футболчи тўп билан югуриш асносида олтин юлдузчалар ва тангаларни тўплайди. Роналдиньо ижтимоий тармоқлар орқали шахсий лойиҳасига қизиқишни оширишга уринмоқда.
* * * Собиқ футболчи Zoome бренди, онлайн-телевидения ва видеолавҳа алмашишга мўлжалланган ижтимоий тармоқнинг «юзи» сифатида гавдаланмоқда. Шунинг баробарида Pizza Сrek, CocoWhite (тиш ювиш пастаси) ва 18K Ronaldinho махсус қўл соатлари рекламасида суратга тушди. Охирги маҳсулот нархи - 100 доллар. Қолаверса, унинг фамилиясидан фойдаланиб, алоҳида смайл - Emojinhoни яратишди.
* * * Роннининг фильм ва телесериалларда суратга туша бошлаганига анча бўлди. У ҳозиргача чамаси 15та эпизодик ролда кўриниш берди. «Қуёнча» уларда ўзини талқин этган. Мисол учун, «Барселона» ҳужжатли фильмида кино соҳасидаги энг муҳим ва асосий ролларидан бирини ўйнади. Лекин бу соҳадаги чинакамига жиддий ишлари ҳали олдинда бўлса, ажабмас. Яқин орада «Кикбоксер, қасос» картинаси экранлар юзини кўради. Бразилиялик бу фильмда Жан-Клод ван Дамм, Бьернсон ва Кристофер Ламберт каби машҳур актёрлар даврасида суратга тушган.
* * * Роналдиньо кўплаб номдор спортчилар каби хайрия ўйинларида фаол иштирок этишдан ташқари, инсонпарварлик йўналишидаги турли жамғармаларни қўллаб-қувватлаб келяпти. Дейлик, у UNISEF байроғи остидаги юлдузлар ўйинида қатнашди, паралимпиячиларни алоҳида қутлади, «Тинчлик йўлида бирлашиш» лойиҳасида фаоллик кўрсатди.
* * * Машҳур собиқ ярим ҳимоячи яқинда ўзи каби номдор бейсболчи Дерек Житер томонидан тузилган Turn 2 Foundation ташкилотини қўллаб-қувватлаш учун махсус кечада меҳмон бўлди. Ушбу жамғарма вазифаси - болалар ва ўсмирларни алкоголь ҳамда наркотик моддалар таъсиридан ҳимоя қилиш. Дейлик, ташкилот ўқишда яхши натижаларга эришган болаларни муносиб тақдирлаш асносида уларда етакчилик хусусиятларини шакллантиришга уринади. Роналдиньо ушбу лойиҳадаги иштироки ҳақида шундай дейди: «Футбол одамларни бирлаштириш қудратига эга. Ўз мисолимда айтсам, футбол туфайли дўстлик ва бирдамлик катта аҳамият касб этишини тушундим, уларни қадрлашни ўргандим».
Эътироф
- Мана, Месси чиққанидан буён «Барселона» футбол тарихидаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланмоқда. Бироқ Роналдиньони эсланг: у тўп билан ақлга сиғмас «ҳунар»ларни кўрсатарди. Эсимда, ЧЛ ўйини чоғи Роналдиньонинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, беихтиёр ўйлаб қолгандим: «Эҳ, бу бошқа сайёрадан келган футболчи. Биз туғилган сайёрадан эмаслиги аниқ...». Фрэнк ЛЭМПАРД.