Луис Энрикенинг ҳаёти билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? У ўз жисми ва иродасини шунчалар аёвсиз синовдан ўтказганки, ёқа ушлайсиз. Бир қарашда футбол мутахассиси учун умуман кераксиз синовлар. Юзлаб километрга саҳро бўйлаб марафонча югуриш, километрлаб масофага сувдан сузиб ўтиш, веломарафон...
У футболдаги фаолиятида муваффақиятга эришиш учун бу синовларга юзланмагани аниқ. Аммо айнан шу тобланган характери ва иродаси “Барса”даги ютуқларида акс берди. Тактик даҳо бўлмаслиги мумкин, аммо даҳо етакчи у! Ўзини ва жамоасини қийин синовга тушириб, шу синовни енгиш орқали улкан энергия оладиган ва ёнидагиларга юқтира оладиган инсон у. Мураббийлигининг дастлабки мавсумида вазиятни жамоадан ҳайдалиш даражасигача “тупик”ка олиб борган, аммо футболчиларни шу орқали “уйғотиб”, якунда барча совринни ютиб кетган мутахассис у!
Кеча яна ўша манзара такрорини кўрмадикми? Аслида, ПСЖдан биринчи ўйинда дуранг ёки кичик ҳисобдаги мағлубият билан қайтилиши ва жавоб ўйинида “дежурний” ғалаба қозониб кейинги босқичга чиқилиши мумкин эди. Лекин мавсум бошидан аримаётган “жамоавий пасайиш” бир кун панд берарди барибир. Албатта, 4:0 атай қилинмади, шунчаки, Энрике одатдагидек, ўзини ўта мушкул ҳолатга ташлади. Ва ўша ерда тақдирга тан берганича қолиб кетмади, курашди, жамоани ҳам курашишга ундади. Ва якунда қозонилган ақлбовар қилмас ғалаба мавсумнинг муҳим палласида бутунлай бошқа кайфият ва иммунитетдаги “Барселона”ни дунёга келтириб қўйди. Ана энди уларни тўхтатиш осон бўладими? Даргумон.
Лутфулло ТУРСУНОВ,
журналист