Кириш Регистрация

Ҳовард Уэбб: «Белламини бўғиб қўйгим келарди…»

Баҳо:
+ | -

Ҳакамлик фаолияти давомида «Ҳуштак ва карточкалар магистри» мақомига муносиб кўрилган қаттиққўл Ҳовард Уэбб FourFourTwo журнали учун интервью беришга рози бўлдию, «бало»га учради. Гап шундаки, нашр журналистлари собиқ реферини «телбанамо» саволлар билан бироз қийнаб қўйишди.

- Жаноб Ҳовард, тасаввур қилинг, сизга тақдирингизга битилганидан 10 йил кўп яшаш таклиф этилса ва олдингизга бу вақтда фақат мулойим сўзлаш шарти қў-йилса, қандай йўл тутардингиз?

- Қизиқарли савол. Дарҳол аниқлик киритиб ўтай, мабодо кейинги ҳафта ҳаётдан кўз юмишимни билганимда, мулойимлик мен учун нажот воситаси бўларди. Бироқ гап ҳаётимнинг дейлик, 85 йилдан 95 йилга узайтириш ҳақида борса ҳам, юмшоқтабиат бўлишга иккиланмай, кўнардим.

- Муносиб жавоб. Мухлислар билишади, сиз ҳакамлик қилиш баробарида полиция сифатида ҳам ишлагансиз. Асосий соҳангизда кузатилган энг ғайриоддий воқеани айтиб бера оласизми?

- Бир сафар деворга боғлаб қў-йилган йигит олдига боришимга тўғри келганди. Маълум бўлишича, хотини унинг бегона аёл билан «дон» олишиб юрганидан хабар топган. Хуллас, қўлга тушган эр хотинининг барча «инжиқ»ликларига чидашдан ўзга чора топмаган. Натижада у бечора йигитни панжарали деворга маҳкам боғлаб қўйган. Биз борган вақтда йигит маст ҳолатда эди, шунинг учун қўлига кишан солгандик...

- Ўзингизчи, бирор марта қандайдир жиноят содир этганмисиз?

- Эҳ, вақтида меҳмонхоналардан ҳожатхона қоғози рулонини олиб кетардим. Аниқроғи, уйда бу матоҳ захираси тугаган пайтлар жомадонимга 1-2 рулон солиб олардим...

- Чин ўғри! Энди айтингчи, кимлар ўзларини аҳмоқроқ тутишади: маст ҳолда тўполон кўтариб, қамоққа тушганларми ёки майдонда симуляция ишлатиб, жарима зарбаси сўрайдиган вингерлар?

- Уларда ўхшашлик томонлари кўп. Битта фарқи шуки, сен ўйинни бошқариб бориш жараёнида вазиятни юмшатиш учун жисмоний чорани асло қўллай олмайсан. Тўғри, мутлақ рефлекс ҳолатида можарони тезроқ якунлаш учун баъзан қайсидир футболчини секингина туртган бўлишим мумкин. Аммо ҳакамлар футболчиларга тегинмаслик бўйича қатъий талаб-тавсияга амал қилишлари шарт. Боз устига, гавдамга яраша, вазним баланд ва бўйим ҳам деярли 190 сантиметрга тенг. Демакки, футболда жисмоний чорага мурожаат қилганимда, барчаси ёмон оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмасди. Умуман, кўчада маст ёки безориларни тинчитишда ҳам, майдонда футболчиларни тўғри йўлга солишда ҳам, аввало, тушунтириш ишлари муҳим.

- Эҳтимол, майдоннинг ўзида қайсидир футболчини ёқасидан олиб, ақлини киритиб қўйишни истагандирсиз...

- Яшириб нима қилдим, Крэйг Беллами иштирокидаги ўйинларда ишлаганимда, ҳар сафар шундай ҳолатга тушганман. Йўқ, Беллами аслида ажойиб футболчи эди, аммо майдонда уни тинчлантириш жуда-жуда мураккаб саналарди. Крейг билан муроса қилиш айниқса, руҳий нуқтаи назардан оғир эди.

- Сиз учун полициячи жиҳозларидан қай бири энг яхшиси - қалқонми ёки таёқ?

- Ишонмаслигингиз мумкин, аммо азалдан дубулға (шлем)ни ёқтираман. 25-30 ёшимда дубулғани бошимдан ечмасдим - чунки у билан зўр кўринардим. Эҳтимол, бунга соч турмагим сабабдир. Зеро, сочларим жуда юпқа ва кўримсиз бўлиб, уларни дубулға остида яшириб юрардим. Қисқаси, бошимга шлемни олганимда, ёшроқ ва кучлироқ кўринардим. Бироқ уни ечганимда, яна қандайдир нусхага ўхшаб қолардим, гўё.

- Қизиғи, энг яхши футбол ҳакамлари асосан тақирбош. Нега?

- Яхши савол. Пьерлуижи Коллина энг зўри эди, шундайми? Шубҳасиз, обрўли шахс. У ғазабланганида, сенга шундай қарардики, беихтиёр барча айбни тан олардинг, ҳаттоки, ҳақ бўлсанг ҳам. Билишимча, тақирбош ҳакамларнинг бошқаларга нисбатан таъсир кучи баландлиги хусусида илмий хулосалар ҳам мавжуд ва мен бунга қўшиламан. Йўқ, бу тажовузкор қиёфа ёки соч тўкилиши эркакларга хослиги билан боғлиқ эмас. Шунчаки, сочи йўқ кишида ўзига ишонч ҳисси юқорироқ бўлса керак.

- Хўш, сизнингча, тарихдаги энг буюк калбош ким?

- Шахсан мен учун - Михаил Горбачёв. Менимча, у жуда қийналган. Сочи йўқлиги камлик қилганидек, бошидаги табиий каттагина «доғ» яққол кўриниб турарди. Буни назарда тутсак, Горбачёв икки карра омадсиздек. Аммо айни шу тақирбош туфайли «қайта қуриш» дунёга келганини унутмаслик лозим.

- Биз билан суҳбатлашган охирги ҳакам - Грэм Поллнинг айтишича, Юрай Ренни сизни бир уринишда юмалатар экан. Бу фикрга қўшиласизми?

- Балки... Мен энг кўп хавфсирайдиган ҳакам ҳам айнан Реннидир, маълум маънода. Тўғри, унинг қора белбоғ соҳиби эканлиги ҳақидаги гапларга шубҳам бор. Барчаси афсона бўлса керак ва Юрай бу гапларни шунчаки, инкор этмаяпти, холос.

- Сизнингча, орқачалаб югуриш алоҳида хусусиятми? Дейлик, бу борада Жесс Эннисдан устун кела олармидингиз?

- Очиғи, бу хусусиятни унча қадрламайдилар. Саволнинг иккинчи бўғинига келсак, пойгада Жессни бемалол ортда қолдирардим, фақат бунинг учун менга мопед беришлари керак! Эътиборлиси, айрим ҳакамлар орқага қараб югуришда одатий усулдан секин ҳаракатланмайдилар. Хусусан, бир лайнсменни биламан - у ёнчалаб югуриб ҳам, олдинга чопган Уэббдан ўзиб кетади.

- Охирги савол: ҳаётингиз мобайдида кўрган энг антиқа тушингиз қайси?

- Бир сафар тушимда «Шеффилд Уэнсдэй» сайтида ўтирибман. Давомини эшитинг, хотиним келаётганини билиб, изза бўлмаслик учун дарҳол бошқа саҳифага ўтиб олибман!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:52, 16.03.2017.
Ўқилди: 10765 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.