Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Эрталаб - кўзимизни очишга улгурмаёқ энг сўнгги хабарларни ўқиймиз. Қишда - трансферлар компанияси авжига чиққан паллада эса бу айниқса, ўта авжига чиқади: қайсидир футболчи билан музокаралар олиб бориляпти, бошқа бирови билан эса келишувга имзо чекилибди, яна кимдир кетишга ёки келишга улгурибди. Мураббий билан аччиқлашиб олганлар қанча... Икки ойча аҳвол шу.
Россия премьер-лигасидаги бир қанча таниқли клублар ҳақиқатан ҳам қишки трансферлар давомида бир қатор футболчиларни ўз сафларига чорлашга интилишди. Аммо таклиф қилинганларнинг аксарият кўпчилиги УЕФА коэффициенти бўйича топ-5таликка кирмаган чемпионатда иштирок этиш имконидан фойдаланмасликни маъқул кўрди.
Мемфис ДЕПАЙ (Голландия, 23 ёшда)
Қаердан қаерга: «МЮ»-«Лион»
Номзод: «Спартак»
Қизил-оқларнинг қанотларида голландиялик жуфтлик - Квинси Промес ва Мемфис Депайларнинг тўп суриши Россия чемпионатида қандай ўзига хосликни яратишини тасаввур қилишнинг ўзи кишини тўлқинлантириб юборади. Шундай экан, «Манчестер Юнайтед»нинг 23 ёшли вингери «Спартак»ни анчайин кучга тўлдириб юбориши ҳақида ортиқча гап-сўзларга ҳожат ҳам йўқ. Бироқ қадрдон дўсти Промеснинг ҳар қанча илтимосларига ва совға сифатида тақдим этилган «Спартак»нинг 7-рақамли либосига қарамай, Депай қўшни Фран-цияга кўчиб ўтишни маъқул деб билди. «Лион» «қизил иблис»ларнинг заҳирадаги ўйинчисига 16 млн. евро тўлади. Мемфис ҳозиргача Лига-1да 6та ўйинда иштирок этди ва гол уришга ҳам улгурди.
Дэви ПРЁППЕР (Голландия, 25 ёшда)
Қаердан қаерга: ПСВда қолди
Номзод: «Зенит»
ПСВнинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси «Зенит» марказида муҳим позицияни эгаллаши кутилганди, лекин голланд томони мавсум ўртасида - Эйндховен клуби чемпионлик учун курашаётган муҳим паллада етакчи футболчисини сотишни истамади. Аниқроқ қилиб айтганда, ПСВ раҳбарияти ёрқин хавбек билан хайрлашишга қарши бўлмади-ю, 25 млн. евро миқдоридаги қўшимча тўлов питерликларни хурсанд қилмагани аниқ. Бунга ҳайрон бўлишнинг ҳам ҳожати йўқ - ахир, 25 ёшли футболчининг асл баҳоси transfermarkt маълумотларига кўра, 9 млн. еврони ташкил қилади, холос. «Зенит» эса 14 млн. таклиф қилди. Жорий йил қишидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолганига қарамай, ПСВ техник директори Марсел Брандс Россия клуби билан музокаралар ёзда давом этишига ишонади:
- «Зенит»дан таклиф келиб тушиши биланоқ, биз Дэвини қишда сотмаслигимизни маълум қилдик. Аммо музокараларга ёзда қайтишимиз мумкин. Айтганча, Прёппернинг ўзи ҳам трансфер масаласи бўйича келишувлар мавсум ўртасида эмас, ёзда ўтказилиши тарафдори.
Майкл ОЛУНГА (Кения, 22 ёшда)
Қаердан қаерга: «Юргорден»-«Гуйчжоу Чжичэн»
Номзод: ЦСКА
Майкл-Олунга номи 2016 йилнинг қишида Европага маълум бўлди - ўшанда футболчи Арсен Венгерга видоемурожаат қилиб, уни «Арсенал» сафига олишни сўраганди. Ҳужумчи Лондондан жавоб олмади, аммо тез кунда Швецияда пайдо бўлди ва қисқа вақт ичида «Юргорден»нинг энг яхши бомбардирига айланди. ЦСКА мана бир неча йилдирки Скандинавия заминида иқтидорли форвардларни излаяпти ва қишки трансфер бу борадаги ҳаракатларга нуқта қўймади. «Натижа кўрсатувчи муҳандис» номи остида таниш бўлган кениялик билан ўтган йилнинг ноябрида «Бетис», «Локерен», «Брюгге» ва «Мальмё», январда эса африкалик учун курашга «Галатасарай», «Гуйчжоу Чжичэн» ва ЦСКА ҳам қўшилди. Европадаги топ-лигаларнинг бирида ўйнаш истаги юқори бўлишига қарамай, Олунга Хитойдан келган таклифни қабул қилди.
- «Гуйчжоу Чжичэн» Россия жамоасидан фарқли равишда, футболчи учун яхшироқ бўлган таклиф билан чиқди. «Юргорден» раҳбарияти ҳам мазкур келишувдан кўпроқ ишлаб олишни мақсад қилганди. Шу боис, иккинчи вариант танланди. «Армиячилар» таклиф қилган маблағ тўғрисида эса гапирмасликни маъқул деб биламан, хитойликлар таклифидан эса бош тортиб бўлмасди, - дейди кенияликнинг агенти.
Кристиан БАССОГОГ (Камерун, 21 ёшда)
Қаердан қаерга: «Ольборг» - «Хэнань Цзянье»
Номзод: «Локомотив»
«Локомотив» қишки трансфер ойнаси ёпилишига саноқли дақиқалар қолганида жамоа ҳужум чизиғини кучайтиришга ҳаракат қилди. Натижада, дедлайн ниҳоясида «Краснодар»дан Ари ижарага олинди. Шунингдек, «темир-йўлчилар» Кристиан Бассогог - сирли камерунлик билан ҳам келишишга интилишди, айнан у Африка кубоги ғолиби бўлганди. Дания ОАВлари маълумотларига қараганда, москваликлар «Ольборг»га африкалик учун 5 млн. евро таклиф қилишган. КАН-2017нинг энг яхши ўйинчиси эса Россия вариантини четга суриб, Хитой йўналишини танлашни маъқул деб билди.
- Хитойликлар футболчининг асл нархидан анча юқори маблағ тўлашди. Бассогогнинг агенти бўлсам-да буни айта оламан. Ишончим комил, у «Локомотив» учун муносиб эмас. «Темирйўлчилар» Кристиан улар сафига қўшилмагани учун хурсанд бўлишлари керак. Унинг ёши эндигина 21да ва ҳозирданоқ футболдан кўра пулни афзал билган кишидан Россия футболи наф кўрмасди, - деди камерунлик манфаатларини ҳимоя қилувчи Дмитрий Селюк.
Стивен КОЛКЕР (Англия, 25 ёшда)
Қаердан қаерга: КПРда қолди
Номзод: «Локомотив»
Инглиз ҳимоячисининг «Локо» таркибига ўтиш эҳтимолини ҳақиқий комедия тарихи дейиш мумкин. «Темирйўлчилар» «Тоттенхэм» тарбияланувчиси борасида КПР билан янги йил арафасидаёқ келишувга эришишганди, бироқ қизил-кўклар раҳбарияти футболчининг оғир характерини ҳисобга олмаган экан. Дастлаб, масала футболчини ижарага олиш тўғрисида эди, аммо кейинроқ Колкер ва унинг вакиллари келишувни қайта кўришни истаб қолишди ва 3,5 йиллик тўлиқ шартномага рози эканликларини билдиришди. Бундан ташқари, янги келишувда Стивен ҳафтасига 100000 фунт миқдордаги маошни олиш истагидалигини айтди. Балки, Колкер ақл бовар қилмас талабни қўяркан, Россияни Хитой билан адаштириб юборгандир. Инглизнинг маст бўлиб олиб Лондонда кўрсатган ҳўнаридан сўнг эса, «Локомотив» бу мавзудаги ҳар қандай гап-сўзларга нуқта қўйди. Зеро, Гарри О`Коннор мисолида бир марта оғзи куйган «Локо»нинг қарорини тушунса бўлади.
Альберт РИЕРА (Испания, 34 ёшда)
Қаердан қаерга: эркин агент
Номзод: «Томь»
Колкернинг «Локомотив»га трансфер масаласининг йўққа чиққани кишида кулгу уйғотса, Риера-«Томь» тарихи ўта қайғули ва ғамгиндир. Таниқли испаниялик - у ўз даврида «Эспаньол», «Бордо», «Ман. Сити», «Ливерпуль», «Олимпиакос», «Галатасарай» ва «Удинезе» шарафини ҳимоя қилганди, Валерий Петраков жамоасига қўшилиш истагидалигини билдирди. «Бундайин таниқли футболчи карьераси ниҳоясида бўлса-да, премьер-лигада жон сақлаб қолиш умидини узган клубда нима йўқотган экан?», - деб сўрарсиз, балки. Жавоби оддий - иссиққон Риера учун Сибирь бегона ўлка эмасди. Ҳамма гап шундаки, 34 ёшли ярим ҳимоячи россиялик қизга уйланган, никоҳ маросими эса Омскда ўтказилганди. Риера «Том»га олийда қолишга қанчалик ёрдами тегиш-тегмаслигини билмадиг-у, тажрибали испан футболчисининг хизматлари қишда 17 футболчисидан айрилган жамоага кор келиши аниқ эди. Алал-оқибат, Туркиянинг икки карра чемпиони ва Испания термаси сафида Конфедерациялар кубогида бронза медалларини қўлга киритган Альберт Риерага Россияда тўп суриш насиб қилмади. Камбағал «Том»га таркибига янги футболчиларни жалб қилиш тақиқлаб қўйилганди.
Арьен РОББЕН (Голландия, 32 ёшда)
Қаердан қаерга: «Бавария» билан шартнома имзолади
Номзод: «Зенит»
Роббен ва «Зенит» - Россия қишки трансфер ойнасининг бош эртаги. «Бавария»нинг етакчи «қароқчи-чол»ларидан бирининг Санкт-Петербургга кўчиб ўтишга розилик билдирганига кўк-оқ-яшилларнинг энг садоқатли мухлислари - шунда ҳам кучли руҳий препаратлар таъсирида ишониши мумкин эди, холос. Роббен даражасидаги ўйинчи - «Бавария»нинг олтин асри тимсолларидан бирига Мирче Луческу ҳам ҳалақит қилмас эди, аммо голландда «Зенит»га трансфер қилинишига рози бўлишга ундовчи бирор сабаб топилмади. Арьенни Россияга фақат бир йўл билан жалб қилиш мумкин эди холос - футболчининг шартнома бўйича шахсий талабларини қондириш. Тўғри, голландилик Баварияни тарк этишга розилик билдирганидан сўнг, Хитойнинг хоҳлаган бир клуби Питер клубидан каттароқ маблағ беришга рози бўларди. Алал-оқибатда, Роббен «Бавария» билан шартномасини 2018 йилгача чўздириб олди, бундеслигада ажо-йиб ўйин кўрсатишда давом этмоқда, Чемпионлар Лигаси доирасида «Арсенал» дарвозасига такрорланмас тўп ҳам киритди.
Стеван ЙОВЕТИЧ (Черногория, 27 ёшда)
Қаердан қаерга: «Интер» - «Севилья»
Номзод: «Спартак»
Россия биринчилиги етакчиси трансфер ойнаси давомида кутилмаганда фаоллик кўрсатди. Баъзида, Москва жамоаси вакилларида клубнинг бош акционери томонидан таркибни кучайтиришга ажратилган 25 млн. еврони сарфлаш хоҳиши ўта юқоридай туюлди. Қизил-оқларнинг бу ҳаракатларида Италия футболи вакиллари асосий ўрин тутгани ҳам тушунарли - мураббийлик курсисида айнан шу юртлик инсон ўтирибди. ITASportPress маълумотларига қараганда, қизил-оқлар черногориялик футболчи учун - у жорий мавсумда «А» серияда бор-йўғи 67 дақиқа тўп сурган бўлса-да, 15 млн. евро сарф қилишга тайёр эдилар. Йоветичнинг ўзига эса «Спартак» йилига 3,5 млн. евро ойлик тўлашга тайёр эди. Москваликларнинг бу даражадаги сахийликларига қарамай, Стеван Италиядаги фаолиятини давом эттиришга қарор қилди. «Интер» эса «Фиорентина», «Сампдория» ва «Дженоа»дан тушган таклифларни ҳам рад этиб, 27 ёшли футболчини «Севилья»га ижарага бериб юборди.
Эммануэль ЭМЕНИКЕ (Нигерия, 29 ёшда)
Қаердан қаерга: «Фенербахчи»да қолди
Номзодлар: «Спартак», «Рубин», «Локомотив»
Эменике - айнан у ўтган қишда Россия трансфер ойнасининг энг талабгор футболчиларидан бири бўлди. Барча маълумотлар Туркия ОАВларидан тарқатилган бўлса-да, «Спартак»нинг собиқ экс-форвардининг карьераси сўнгги ойларда қай тариқа давом этаётганига назар солиб, бу хабарларда жон борлигига амин бўламиз. Нима бўлганида ҳам, бир нарса аниқ - Эменике Туркиядан, жумладан, Дик Адвокатдан (охирги пайтларда улар ўртасидаги муносабатлар яхши эмас) қочиб кетмоқчи эди. Бошқа савол: нигериялик юқорида номлари келтирилган клубларга қанчалик керак эди? «Спартак» ва «Локомотив» ҳақиқатда бу ҳужумчига астойдил қизиқишди, шу боис, Эменикенинг бу жамоалардан бири таркибига қўшилиш эҳтимоли анчайин юқори эди. «Рубин» масаласига келсак, Қозон клуби инқироз даврида харажатга тайёр турган кам сонли клублардан бири. Нима бўлганида ҳам, ўта кучли ва тезкор форвард Россиянинг ҳеч бир клубига ўтмади, унинг «Фанер» билан шартномаси эса ёзда ниҳоясига етади.
Андреа РАНОККЬЯ (Италия, 28 ёшда)
Қаердан қаерга: «Интер» - «Халл Сити»
Номзод: «Зенит»
«Зенит» Италия термаси аъзосини сотиб олишга астойдил уринди. Италия ОАВлари хабарларига қараганда, питерликлар ҳимоячи учун 8 млн. евро тўлашга ҳам тайёр эдилар - бу Раноккьянинг бозор баҳосидан бир неча миллион кўп (transfermartk маълумотларига кўра, бу футболчининг нархи - 6 млн. евро). Аммо худди Йоветич билан бўлгани каби, Андреа ҳам «А» сериясидаги фаолиятини давом эттириш истагидалигини айтди, бироқ «Халл Сити» билан ярим йиллик ижара шартномасини имзолаб, ўйин амалиёти учун Англияга йўл олди. «Зенит» эса италияликнинг қароридан унчалик хафа ҳам бўлмади, ахир клуб раҳбарияти «Челси» билан Бранислав Иванович тўғрисида келишувга эришди-да. Бунинг устига, сербиялик ҳимоячи учун Санкт-Петербург жамоаси бир тийин ҳам тўламади.