«Реал» ҳимоячиси Исконинг «Қироллик клуби»даги келажаги ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.
Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби футболчи билан шартномани узайтиришни истамоқда. Жамоа испаниялик футболчига олти йиллик шартнома ва 6 миллион евро йиллик маош таклиф қилди. Исконинг ўзи учун эса молиявий масала ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас, дея хабар тарқатди Marca нашри.
Иско доимий ўйин амалиётига эга бўлишни истамоқда ва бу ҳақда "Реал" раҳбариятига маълум қилди. Манбага кўра, Исконинг тақдири "Реал"нинг Испания чемпионати доирасида "Атлетико" ва "Барселона", шунингдек, ЕЧЛ доирасида "Бавария"га қарши ўйинларга боғлиқ бўлиб, бу ўйинларда футболчининг бошланғич таркибда майдонга тушиши катта аҳамиятга эга.
Иско ушбу мавсумда «Реал»нинг Примерадаги 23та ўйинида майдонга тушган. Улардан 14тасида у баҳсни бошланғич таркибда бошлаган. Бу ўйинларда ярим ҳимоячи 7та гол урди ва 4та голга ассистентлик қилди.