2016/2017 йилги Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалининг жавоб ўйинлари бўлиб ўтадиган ушбу ҳафтада миллий чемпионатларнинг ҳам катта қисми ортда қолмоқда.
Шу аснода Чемпионлар Лигасининг 2017/2018 йилги мавсумида ҳам иштирок этадиган жамоалар номларига ойдинлик киритила бошланди.
Янги мавсумда гуруҳ босқичида тўғридан-тўғри 21 та жамоа иштирок этиши маълум. Агар жорий мавсумда Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасида ғолибликни қўлга киритадиган жамоалар ушбу 21 клуб орасида бўлмаса, улар ҳам тўғри гуруҳ босқичидан иштирокини бошлайди.
Айни пайтда Чемпионлар Лигаси чорак финали иштирокчиларидан фақатгина «Лестер» ғолибликни қўлга киритса шундай қўшимча ўрин тақдим этилиши мумкин, Европа Лигасида эса «Андерлехт» ва «Бешиктош»дан бошқа барча жамоалар – «Манчестер Юнайтед», «Аякс», «Шалке 04», «Лион», «Селта» ва «Генк» қўшимча йўлланма учун курашмоқда.
Миллий чемпионатларда тўғри йўлланма берадиган ўринларни эса қуйидаги жамоалар эгаллаб турибди:
Испания: «Реал», «Барселона», «Атлетико»;
Германия: «Бавария», «РБ Лейпциг», «Ҳоффенхайм»;
Англия: «Челси», «Тоттенҳем», «Ливерпул»;
Италия: «Ювентус», «Рома»;
Португалия: «Бенфика», «Порту»;
Франция: «Монако», «ПСЖ»;
Россия: «Спартак»;
Украина: «Шахтёр»;
Белгия: «Андерлехт»;
Нидерландия: «Фееноорд»;
Туркия: «Бешиктош»;
Швейцария: «Базел».
Ҳозирга келиб иккита жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини нақд қилиб бўлди ва уларнинг иккаласи ҳам Германия Бундеслигаси вакиллари: «Бавария» ва «РБ Лейпциг». «Манчестер Сити», «Севиля», «Боруссия» (Дортмунд), «Наполи», «Ницца», «Аякс», «Спортинг» цингари жамоалар эса саралаш босқичига йўлланма берувчи ўринларни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 йилги мавсумдан УЕФА клублар ўртасидаги мусобақаларида янги саралаш тизимини жорий этади. Унга кўра, УЕФА рейтингида дастлабки тўрт ўринни эгаллаб турган миллий чемпионатларнинг тўрттадан жамоаси Чемпионлар Лигасида тўғридан тўғри гуруҳ босқичида иштирок этади. Ҳозирда бу ўринларни Испания, Германия, Англия ва Италия эгаллаб турибди.