Тошкент мезбонлик қилаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида 1 май куни иккинчи кун жанглари бўлиб ўтди.
Душанба кунида ўзбекистонлик беш нафар боксчи рингга кўтарилди ва уларнинг барчаси зафар қучишга муваффақ бўлди. Икки жанг нокаут билан якунига етди.
-49 килограмм вазн тоифасида қитъа чемпионлиги учун асосий даъвогар Ҳасанбой Дўстматовдир. У Шри-Ланкадан ташриф буюрган Тхиванка Паллехага қарши жангни яққол устунлик билан якунлашга муваффақ бўлди.
Рио—2016 Олимпиадасининг яна бир қаҳрамони Мурод Аҳмадалиев туркманистонлик Шодлимурат Майдаровга қарши рингга кўтарилди. Аҳмадалиевга рақибини мағлуб этиш учун битта раунд кифоя қилди. Кетма-кет зарбаларга дош бера олмаган туркманистонлик боксчи нокаутга учради.
Ҳиндистонлик Ашиш -64 килограммда Иқбол Холдоровга рақиб бўлди ҳамда мағлубиятга учради. Навбатдаги босқичда ўзбекистонлик боксчи шу вазннинг учинчи қўлқопи сифатида эътироф этилган Хитой Тайпейи вакили Хунг Минг Пан билан жанг қилади.
Куннинг энг муваффақиятли жангини Исроил Мадримов ўтказди. -75 килограмм вазн тоифасида фаластинлик Қосим Абдуамадни синовдан ўтказган Мадримов, рақибини 35-сониядаёқ мағлуб этишга муваффақ бўлди.
-91 килограмм вазн тоифасида чемпионлик учун ҳаракат қилаётган Санжар Турсунов жанубий кореялик Хеонг Кю Кимга қарши уч раунд жанг қилди. Якунда ҳакамлар Турсуновнинг ғалабасини эътироф этди.