Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг) Тошкентда бўлиб ўтаётган Осиё чемпионатини шри-ланкалик Паллеҳа Сиванкага қарши ғалаба билан бошлади.
Ўз жангини ғалаба билан якунлаган Олимпия чемпиони, чорак финалда унга рақиблик қилиши кутилган қозоғистонлик Жомард Ержаннинг нимчоракдаги жангини кузатиб борди. Қозоғистон вакили баҳсни ғалаба билан якунлагач ҳамюртимиз олдиндаги жанг ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Чорак финалдаги рақиб Жомард Ержан бўлишини кутгандим. Унинг нимчоракдаги рақиби бўлган Хитой Тайпеи вакили ўртамиёна боксчи эди. Мен жангни мураббийларим билан бирга кузатиб бордим. Унинг хатоларини кўрдик. Энди мураббийлар билан бирга тактика ишлаб чиқамиз. Мақсадим Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, кейинча Гамбургда ўтадиган Жаҳон чемпионатида яна бир бор Ватанимиз байроғини баланд кўтариш, – деди Дўсматов.