29 дан 30 апрелга ўтар кечаси ўта оғир вазн тоифасида чемпионлик камари учун Владимир Кличко ҳамда Энтони Жошуа рингга кўтарилишди.
Жаҳоннинг собиқ чемпиони 41 ёшли Кличко 11-раундда техник нокаут билан оғир вазндаги IBF, IBO ва WBA Super камарлари соҳиби 27 ёшли англиялик Энтони Жошуага мағлуб бўлди.
Кличко Жошуага қарши жангдан сўнг кийим алмаштириш хонасида бошидан жарроҳлик амалиётини ўтказди. Украиналик боксчининг чап кўзи остидаги ёриқни пластика жарроҳи кийим алмаштириш хонасининг ўзидаёқ тикиб қўйди.
Хабарларга кўра, 3 сантиметрли ярани боксчи жангнинг 5-раундида Жошуанинг кучли зарбасидан сўнг орттириб олган.
Аввалига Кличконинг катмени Жейкоб Дюран унга рингнинг ўзида ёрдам кўрсатган. Дунёнинг энг кучли мутахассиси спортчининг жароҳати ва яраларига биринчи бўлиб адреналин билан ишлов берган. Кейинчалик яра устидан музли компресс қўйган. Чунки агар Дюран шу ишни амалга оширмаганида Кличко жангни давом эттира олмасди. Қизиқарлиси, Дюран амалиётни жанг охиригача ҳар бир раунд тўхталишларида олиб борди.
Жанг якунига етгач, ярага ишлов беришда косметик жарроҳ қўшилди. Доктор Кристоф Крюсс жарроҳлик амалиётини кийим алмаштириш хонасида амалга оширди ва қошнинг ёриғига 9 тугун тиккан.
“Жароҳат унчалик жиддий эмас, терининг ички қисми тикилмади. Фақатгина ип билан тикиб қўйиш кифоя бўлди”, деди жарроҳ.
Виталий 2003 йил Лос-Анжелесда Леннокс Льюисга қарши жанг ўтказганида шифокорларга қийин бўлганди. Чунки ўша вақтда жарроҳлар 3 жой – кўз ости, усти ва лабга ип тикиб чиқишган, дейилади хабар якунида.