Мамлакатимиз мезбонлик қилаётган Бокс бўйича Осиё чемпионатининг ярим финалининг кундузги баҳслари ниҳоясига етди.
52 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган ҳамюртимиз Жасурбек Латипов қўшни давлат вакили қозоғистонлик Азамат Иссакуловни мағлуб этди ва финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ушбу боксчимиз 7 май куни бўлиб ўтадиган финал жангида жанубий кореялик Инкю Кимга қарши жанг қилади. Маълумот ўрнида, Жанубий Кореядан ташриф буюрган боксчи ярим финалда филиппинлик Даниел Маамони уч раунд давом этган жангда очколар ҳисоби бўйича мағлуб этди.
56 кг вазн тоифасидаги дастлабки ярим финалда Муроджон Аҳмадалиев жанубий кореялик Йон Хун Ханга қарши рингга кўтарилди.
Ҳамюртимизнинг устунлигида ўтган ушбу баҳс кутилганидек Ўзбек ўғлонининг соф ғалабаси билан якунланди. Муроджон Аҳмадалиевнинг бу галги рақиби иккинчи раунддаёқ нокаутга учради.
60 кг вазн тоифасида Элнур Абдураимовнинг Хитой терма жамоаси вакили Жун Шанга қарши жангини томоша қилишди.
Уч раунд давом этган баҳсда Элнур Абдураимов очколар ҳисобига рақиби устидан ғалаба қозонишга эришди.
75 кг вазн тоифасида бироз аввал якунига етган баҳсда ҳамюртимиз Исроил Мадримов қозоғистонлик Абилхон Аманкулга қарши рингга кўтарилди. Рейтинг бўйича ўзидан бир поғона баланд боксчига қарши курашган боксчимиз якунда ғалаба қозонди ва финал йўлланмасини ҳал қилди.
Бектемир Мелиқўзиев ҳам Бокс бўйича Осиё чемпионатининг финал жангига йўлланмани қўлга киритди.
Бироз аввал якунига етган 81 кг вазн тоифасидаги ярим финал жангида хитойлик Ҳуан Жябинга қарши рингга кўтарилган боксчимиз рақибини икки дақиқада мағлуб этди. Кетма-кет зарбаларни қабул қилиб олган Чин юрти вакили жангни давом эттира олмади.
Кечки дастур соат 18:00дан бошланади. Унда яна тўрт боксчимиз финал йўлланмаси учун рингга чиқадилар.
Кечки дастур (18:00)
18:00. Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекистон) – Амит (Ҳиндистон)
18:40. Иқболжон Холдоров (Ўзбекистон) – Бекдавлат Ибрагимов (Қозоғистон)
19:00. Шахрам Ғиёсов (Ўзбекистон) – Сажжад Козимзодапоштирий (Эрон)
19:30. Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) – Муҳаммад Мулаес (Сурия)