Бокс бўйича Осиё чемпионати яримфиналида яна тўрт боксчимиз муваффаққият қозондилар.
49 кг гача бўлган вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов Ҳиндистонлик боксчи Амитни мағлуб этди.
64 кг гача бўлган вазн тоифасида Иқболжон Холдоров қозоғистонлик кучли рақиби Бекдавлат Ибрагимовни ажойиб тарзда мағлубиятга учратди.
69 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов Эрон вакили Сажжид Козимзодапоштирий билан финал йўлланмаси учун кураш олиб борди. Уч раунд давом этган баҳсда боксчимиз яққол устунлик билан ғалаба қозонди ва финал йўлланмасини нақд қилиб қўйди.
Супер оғир вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Баҳодир Жалолов Бокс бўйича Осиё чемпионатида енгилмас боксчи эканлигини яна бир бор исботлади. Сурия вакили Муҳаммад Мулаесга қарши рингга кўтарилган боксчимиз ўзининг даҳшатли зарбалари билан рақибни қийин аҳволга солиб қўйди. Икки дақиқа ҳам давом этмаган жангда ҳамюртимиз муддатидан аввал ғалабани қўлга киритди ва финалга йўл олди.
Шу тариқа, 9 боксчимиз мусобақа финалида жанг олиб борадиган бўлишди.