9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари махсус бўлимларидан иборат жамоалар ўртасида бир неча кун давомида хизмат учкураши бўйича вилоят чемпионати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Андижон олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев томонидан тантанали тарзда топширилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбирда иштирок этган бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони, асли андижонлик Руслан Чагаевга миллий тўн ва дўппи кийдирди.
«Мен мана шу юртда униб-ўсиб, муваффақиятларга эришганимдан доимо фахрланаман. Мени жаҳонга танитган она юртимга ва халқимга доимо таъзимдаман» - деди Руслан Чагаев, бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони.
Тадбир якунида Руслан Чагаевнинг ёш спортчилар ҳамда бокс мухлислари билан жонли суҳбати бўлиб ўтди.