Кириш Регистрация
01/06 19:30 Бунёдкор 0-3 Нефтчи
02/06 00:00 Боруссия Д 0-2 Реал Мадрид
02/06 19:00 Андижон 1-3 Пахтакор
02/06 19:30 Насаф 3-0 Локомотив
02/06 21:00 Аталанта - Фиорентина

Стандарт вазият «қироллари» билан танишинг

Баҳо:
+ | -

«Агар мен инглиз клубининг соҳиби бўлганимда, мураббийликка Тони Пьюлисни таклиф этардим. У – жамоа кўзлаган марранинг забт этилиши кафолати. Тонининг жамоалари айнан мураббий ўйлагандек иш тутадилар. Бу –футболдаги энг қийин вазифа!» - касбдошлари тажрибасидан нимадир олиш илинжида бўлган Жозе Моуриньонинг хулосаси ана шундай. Арсен Венгер эса Пьюлисга қарши ҳар бир учрашувда Рори Делапнинг тўпни аутдан ўйинга киритишини ажабланиб кузатади, Тонининг содда услубидан энсаси қотади. Барибир, касб­дошини чўрткесар мураббий, деб ҳисоблайди. Пьюлис ихлосмандлари орасида сэр Алексни ҳам учратиш мумкин. Қизиқ, доимо бошидан сийқаси чиққан кепкасини, эгнидан спорт костюмини қўймайдиган британиялик мутахассис ким ўзи?

«Бром» химияси

Пьюлис - ўйин услубини имкони борича соддалаштириш эвазига ҳар қандай жамоа билан режалаштирилганидан кўра юксак натижани қайд этишга тайёр турадиган мураббий. Пьюлиснинг футболи Англия стадионларидаги пирогни эслатади: мазасини мақтай олмайсизу, асосийси, эҳтиёжингизни қондирасиз - қорнингиз тўяди. Тони ва унинг жамоалари - авваллари «Сток Сити», ҳозир «Вест Бромвич» ўта жўн услуб учун доимий танқид остида. Бош мураббий ассистенти Дейв Кемп эса ажойиб ҳимоя воситасини топиб олган: «Сизнинг қандай қилиб жамоани томошабоп қилмоқчи эканингизни билмайман. Нима, ўйинчиларни мини-юбкаларда майдонга тушишга мажбур этмоқчимисиз?!». Пьюлис эса ҳар қандай сўзамол танқидчини газетанинг сўнгги сонида чоп этилган турнир жадвалини кўрсатиш орқали мум тишлатади. Дарҳақиқат, бир қатор «деҳ­қонча» қолоқ ўйинларни намойиш этишига қарамай, унинг «Вест Бром»и АПЛ вакиллари орасида саккизинчи поғонада бормоқда. Бу - албатта, йўқдан бор қиладиган фидойи мураббийнинг изланишлари самараси. Сир эмаски, жамоа молиявий жиҳатдан ҳам, таркиб борасида ҳам чекланган имкониятларга эга. Тонининг устакорлиги туфайли АПЛ­нинг чинакам британча, жамоаси мақомини олган «Вест Бром» стандарт вазиятларни ўзи учун даҳшатли қуролга айлантириб олган: бурчак зарбаларидан унумли фойдаланиш орқали 14та, жарима зарбаларидан 4та гол урилди. Яъни, АПЛда стандарт вазиятлардан самара чиқариш борасида унга тенглаша оладиган жамоа йўқ. Ҳатто Европа топ-чемпионатлари бўйича ҳам «Вест Бром» етакчи! Тўғри, «Реал» ҳисобида 20та, «Монако»да 22та гол стандарт маҳсули. Аммо фоизлар бўйича ҳисобланганда, «Вест Бром» (46,15 фоиз) олдинда.

Шу ўринда стандарт вазиятларга етарлича эътибор бермайдиган мутахассисларга эътирозимиз бор:

биринчидан, замонавий футболда голларнинг учдан бир қисми айнан шундай ҳолатда урилади;

иккинчидан, топ-чемпионатлардаги натижаларни таҳлил қиладиган бўлсак, стандарт вазиятлардан самарали фойдаланаётган жамоалар кутилганидан юқорироқ натижаларга эришганларига гувоҳ бўламиз. Масалан, «Хоффенхайм» стандартлар эвазига ЕЧЛ йўлланмасидан бирига даъвогарлик қилмоқда;

учинчидан, аллақачон АПЛни тарк этиши аниқ бўлиб улгурган «Сандерленд» яққол мисол бўла олади: Сэм Эллардайс даврида «қора мушуклар» стандартда 15та гол яратишганди. Дэвид Мойес раҳбарлигида эса атиги 2тагина. Натижани айтиб ўтдик. Шулар бўлмаганида, Пьюлиснинг «Вест Бром»и «Сандерленд»га шерик бўларди.

«Вест Бромвич» принциплари

Тони Пьюлис стандартлардан фойдаланишга оид бир нечта ишланмалар яратган. «Вест Бром»нинг асосий устунлиги - рақиби унинг навбатдаги бурчак зарбасини амалга ошираётганда қандай ҳаракат қилишидан бехабарлигида. Тони ҳар бир рақибнинг имкониятлари, услубидан келиб чиққан ҳолда турли усулларни қўллайди. Уч нафар футболчининг рақиб дарвозабони майдончасида тартибсизликларни юзага келтириши, бири олис бурчак ёнида очилиши, яна икки нафари дарвозабон майдончасидан чиқиб қайтиши мумкин бўлган тўпни назорат қилиши - энг кўп қўлланиладиган усул.

ДАВОМИ

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 01:44, 14.05.2017.
Ўқилди: 6475 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.