Буёғига «Пахтакор» ҳақида тез-тез янгилик эшитаверишга кўникиш керак. Ўтган ҳафта жамоа стадионига охирги беш йилликдаги энг кўп - беш мингдан ошиқ мухлис келган эди.
Бу ҳафта эса «Пахтакор»ни қабул қилиб олиши мумкин бўлган янги мураббий ҳақида ҳам эшитдик - Олег Кононов. Бу мутахассисни танимаганлар орамизда, айниқса, «Интерфутбол»ни ўқийдиганлар ичида топилмаслиги аниқ.
Чунки у Одил Аҳмедов ўйнаган «Краснодар»ни бошқарган. Шундай экан, уни ҳамма билади.
Аммо ҳозир Олег Кононов ҳақида гапирмоқчимасмиз. Умуман, «Пахтакор»ни мутлақо бошқа инсон бошқариши ҳам ҳеч гап эмас. Янги бош мураббий мавзусига тўхталганимиз боиси эса, энди «шерлар» маконидан ҳафта ўтгани сари турли янгиликлар янграйверади.
Чунки клуб ўз эгасининг қўлига ўтган. Жамоа ўзиники бўлгандан кейин ниманидир ўзгартиргиси келади, янгилашни истайди.
Ўзбекистон чемпионатида иштирок этадиган клубларнинг катта қисми ҳамон мажбурий ҳомийлар қўлида қолиб кетмоқда.
Аниқроғи, олий лигада фақат «Обод» ва мана энди «Пахтакор» ҳам ҳокимлик ва бошқа ташкилотларга қарам эмас. қолганлар эса бир йиллик бюджет тузиб, ҳомийлар қанча пул берса, шунга кўра харажат қилишади.
Бир сўм ортиқ ёки кам эмас. Ёмон томони, клублар бу пулни бир йил ичида «еб битиришлари» шарт. Акс ҳолда, келаси мавсум ҳомийлар томонидан ажратиладиган пул миқдори қисқариши турган гап. «Шуниси ҳам етаркан», деб ўйлаб қолишлари эҳтимолдан холи эмас.
Оқибатда баъзан бир сўм билан битадиган ишга икки, уч сўм сарфлаб юборилиши ҳеч гапмас. Мухлислар эса стадионга фақат ўйин ўхшаб қолганда келишади. Ўтган йили энг кўп томошабин Бухорода эди, бу йил Наманганда.
Албатта, олий лига клубларининг ташкилий тузилмасини кўп ҳам танқид қилиш ниятимиз йўқ.
Зеро айнан шу тизим туфайли футболимиз ўтган 25 йил давомида ўзини ушлаб турди. Миллионлар ўйинига ҳукумат даражасида эътибор қаратилиб, ҳаттоки, янги стадионлар ҳам қуриб берилди. Камига...