Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Акром Комилов: «Қосимов келгач, яна ишонч туғилди»

Баҳо:
+ | -

Мана, Олий лига биринчи давраси ҳам аста-секин якуни сари яқинлашмоқда. Мавсум экватори кўрингани сари ўйинлар шиддати янада ошяпти. Ҳозирдан мавсум кашфиёти сифатида таърифланаётган «Қўқон-1912», шунингдек, «Нав­баҳор» каби жамоаларнинг мақсади чиндан ҳам, жиддий кўринади.

Аксинча, мавсум омадсизлари қаторига тушиб қолган «Бунёдкор» ва «Пахтакор» вакиллари ҳалигача ўзларини ўнглай олишмади. Эътиборга молик томони, 11-тур дои­расида шу икки клуб ўзаро тўқнаш келди.

«Бун­ёдкор» стадионида кечган ўйинда кучлар тенг келди - 1:1. Демакки, ҳар икки жамоа очко йўқотди. «Қалдирғочлар» ҳимоячиси Акром Комиловни суҳбатга чорлаб, бош мураббий ўзгаргани жамоа муҳитига қандай таъсир қилгани билан қизиқдик.  

- Акром, навбатдаги «Тошкент дербиси» ўз номига яраша шиддатли кечди. Аввало, учрашув ҳақидаги шахсий хулосаларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Ҳа, икки жамоа футболчилари ҳам томошабоп ўйин кўрсатишга интилишди. Ҳар томонлама дербига хос кураш. Биз биринчи бўлимда анча фаол ҳаракатландик, аммо танаффусдан кейинги 20 дақиқа давомида ўзимизга умуман ўхшамадик. Фақат рақиб гол урганидан сўнг қайта уйғондик, гўё. Аслида бемалол ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Афсуски, баъзи вазиятларда омадимиз чопмади. Шу ўринда бир гапни алоҳида айтишим керак, ўйиндан ўйин­га яхшироқ тўп суряпмиз. Ўйлайманки, энди ҳаммаси ижобий томонга ўзгаради.

- Дарҳақиқат, иккинчи бўлимни жуда бўш бошлаб, ташаббусни рақибга бериб қўйдинглар. Нима, танаффус чоғи мураббийлар қарши ҳужумдан фойдаланиш бўйича кўрсатма беришдими?

- Йўқ. Мураббийлар худди биринчи бўлимдаги каби ҳужумкор руҳда ўйнаш зарурлигини уқтиришди. Бироқ маълум вақт негадир олдинга ўтолмадик. Бу чарчоққа боғлиқми? Менимча, йўқ.  Ахир гол қўйиб юборгач, яна ҳужумга отландик ва кўплаб вазиятларни юзага келтирдик. Афсуски, шу паллаларда озгина совуққонлик етишмади.

- Умуман, дуранг ўйинга мос натижами?

- Қайтараман, ғалабага ҳақлироқ эдик.

- Миржалол Қосимов бош мураббий сифатида қайтгач, жамоа муҳитида қандай ўзгаришлар сезилмоқда?

- Футболчиларда ўз кучларига ишонч ҳисси қайта ниш урди. Ҳозирда ҳар бир ўйинда сўнгги сонияларгача фақат ғалаба ҳақида ўйлаяпмиз. Тўғри, айни пайт натижа масаласида ишларимиз яхши эмас. Лекин бу вақтинчалик ҳолат, менимча.

- Машғулотлар жараёни ва тактика борасида ҳам янгиликлар борми?

- Ҳа, албатта. Ўйин услубида ҳам, ишга ёндашувда ҳам ўзгаришлар катта. Шу руҳда ишласак, ҳаммаси аввалгидек ўз изига тушишига ишонаман. 

- Мухлислар «Бунёдкор»ни ҳеч қачон турнир жадвали қуйи қисмида кўришмаганди. Жамоа қанақасига шундай ҳолатга тушиб қолди? Бунинг сабабларини таҳлил қилдинг­ларми?

- Биринчи навбатда, омад биздан юз ўгирмоқда. Чунончи, ҳар бир учрашувда камида 5-6та голга тортадиган вазиятни юзага келтиряпмиз. Аммо самара йўқ, бу айнан омадсизлик белгиси бўлса керак.

- Хўш, аввалги ўйинлардаги салбий натижалар учун ким кўпроқ айбдор - футболчиларми ёки мураббийлар?

- Тан олиш керак, кўплаб йигитлар ўйинида яққол пасайиш кузатилди. Шахсан ўзим ҳам аввалгидек ўйнай олмадим. Энди имкон қадар тезроқ ўзимни тиклаб олишим шарт. Мураббий  доимо тўғри йўл кўрсатади. Қолаверса, у майдонга тушмайди. Шундай экан, айбни мураббийга тўнкаш тўғри эмас. Натижа яхшиланиши учун ҳар бир футболчи жон куйдириб ўйнаши керак.

- Бугунги ўйинга қайтамиз: гол қўйиб юборилишига сабаб бўлган қоида бузилишида сизга иккинчи сариқ карточка кўрсатилиши ҳеч гап эмасди. «Пахтакор» гол ургач, ўзингизни айбдордек ҳис қилгандирсиз...

- Ҳа, албатта. Лекин ўша вазият сариқ карточкага тортмасди. Умуман, ҳамиша хато ва камчиликларимни обдон таҳлил қиламан ва машғулотларда бу борада астойдил ишлайман. Ўйлайманки, Миржалол Қўшоқович қўл остида янада ўсишга эришаман.

- Миржалол Қосимовнинг футболчилар билан алоҳида жиддий гаплашиб олгани аниқ. Сир бўлмаса, мураббий асосан қандай талабларни қўйди?

- Биринчи навбатда, ягона мақсад йўлида бирлашишимиз шартлигини уқтириб, акс ҳолда, ҳеч вақога эришиб бўлмаслигини айтди. Албатта, аҳилликда гап катта. Шундай тақдирдагина ҳар қандай рақибни енгиш мумкин.

- Вазиятга реал баҳо бериб айтингчи, «Бунёдкор» бу йил совринли ўринлар учун курашга қайта оладими?

- Ҳаммаси ўз қўлимизда. Вазиятни ўзгартириш учун ҳали вақт бор ва умид қиламанки, бу иш уддасидан чиқамиз.

- «Бунёдкор» иштирокидаги ҳар бир ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «ёш футболчилар» ибораси ишлатиларди. Бироқ биринчидан, 22-23 ёшли футболчига бу таърифни қўллайвериш унча тўғри келмайди. Иккинчидан, у шу ёшда ўйнамаса, қачон ўйнайди? Бу борада фикрингиз қандай?

- Ҳа, гапингизга қўшиламан. Лекин жамоамиз Осиё бўйича энг ёш таркибга эга ва буни тан олиш керак. Йўқ, бу билан ўзимизни оқламоқчи эмасман. Зеро, ҳали ёш эканликлари айтилаётган футболчилар 2-3 йилдан буён асосий таркибда ўйнашяпти. Яна такрор айтаман, «Бунёдкор» ҳали чемпионат ва кубок баҳсларида ўз сўзини айтади. Насиб қилса, Миржалол Қосимов бошчилигида жамоанинг янги тарихини яратамиз. Фурсатдан фойдаланиб, мухлислардан охиригача бизга ишонишларини сўрардим. Ишончни ҳали оқлаймиз, албатта.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 23:03, 27.05.2017.
Ўқилди: 4207 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.