Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Етук мураббийлар ўчоғи - «Ювентус»

Баҳо:
+ | -

Афтидан, биз Италия мураббийлар мактабининг навбатдаги ёрқин даврига гувоҳ бўляпмиз. Аслида, бу борада сўниш ҳам кузатилмаганди, аммо бугунги кунда Апенниндан чиқаётган мутахассисларнинг ютуқлари ярқ этиб кўзга ташланмоқда. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти бевосита «Ювентус»га боғлиқлик касб этади. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, 90-йилларда Марчелло Липпи қўл остидаги «Кекса синьора»да тўп суришган.

Италия термасини 2006 йилги жаҳон чемпионлиги сари етаклаган маэстронинг ўзи ҳозирда Хитойда яшаб, фаолият юритмоқда. Аммо унинг тарбиясини олган шогирдлари ҳозирданоқ юксак мукофотларни қўлга киритиб, катта финалларга йўл олишмоқда. Айримлари эса қулай имконият юзага келишига тайёр туришибди. Soccer.ru айнан шундай мураббийлар ҳақида сўз юритади.

Антонио Конте («Челси»; Италия)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1991-2004 (ўйинчи сифатида); 2011-2014 (мураббий сифатида).

Мураббийликдаги ютуқлари: «А» серия чемпиони (уч марта), Италия суперкубоги соҳиби (икки марта), АПЛ чемпиони.

Антонио «Челси» билан Англияда «олтин дубль» қайд этишга яқин. АПЛ чемпионлиги нақд, май ойи охирида ўтказиладиган кубок финалида эса «Арсенал»ни мағлубиятга учратиш лозим. Конте замонавий топ-мураббийлар ўнлигидан ўрин эгаллаган, «Ювентус»билан совринлар ютди, Италия термасида ишлади, энди эса туманли ўлкани забт этмоқда. Гарчи «Интер» каттагина маош ва кенг имкониятлар таклиф этаётган бўлсада, италияликнинг илк мавсумдан кейиноқ «Челси»ни тарк этишига ишониш қийин. Боз устига, ўзи соғинган Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди.

Зайниддин Зидан («Реал»; Франция)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1996-2001 (ўйинчи сифатида).

Мураббийликдаги ютуқлари: ЕЧЛ ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби, УЕФА суперкубоги соҳиби. Ла-лига чемпиони.

Чемпионлар Лигасининг 1998 йилги финалида майдонда «Реал» ва «Ювентус» тўқнаш келишганда, Зайниддин Турин клуби шарафини ҳимоя қилаётганди. Орадан 19 йил ўтиб, ЕЧЛнинг ҳал қилувчи баҳсида рўй берадиган шундай тўқнашувда яна бир бор қатнашиш бахти насиб этди. Фарқи - бу сафар «Реал» устози сифатида. Француз ўтган мавсум Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритди, агар бу галги финалда «Кекса синьора»ни мағлубиятга учратишни уддаласа, «кўҳна қитъа»нинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирида чемпионликни сақлаб қолган илк мураббийга айланади. Боз устига, Ла- лигада ҳам энг юқори поғонани эгаллади. Бундан кўринадики, «Юве» ҳал қилувчи баҳсдаги рақибига ажойиб мутахассисни тарбиялаб берибди. Зеро Зизуга қўл келаётган аксарият услубларни у Липпи қўл остида ўзлаштирган. Ваҳоланки, Марчелло ўтган йили франциялик шогирдининг мураббийликка тайинланганидан ҳайрон бўлганини таъкидлаганди.

Дидье Дешам (Франция терма жамоаси)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1994-1999 (ўйинчи сифатида); 2006-2007 (мураббий сифатида).

Мураббийликдаги ютуқлари: Лига 1 ва «B» серия чемпиони, Франция лига кубоги (тўрт марта) ҳамда Франция суперкубоги (икки марта) соҳиби, шунингдек, ЕЧЛ ва Европа чемпионати финалчиси.

Дешамга ҳар доим ҳам омад кулиб боқавермаган. Мисол учун, «Монако»да ишлаган кезлари ЕЧЛ финалида Моуриньо қўл остидаги «Порту»ни енгганида, Францияда ўтган Европа чемпионатининг ҳал қилувчи ўйинида португалияликлардан устун келганида - ҳозир вазият бутунлай бошқача кўриниш касб этиши аниқ эди. Шунга қарамай, Дидье жамоа устози сифатида «Ювентус»га қийин даврда кўмаклашган, клубнинг «В» сериядан элитага қайтишига катта ҳисса қўшган. Тўғри, кейинчалик раҳбарият билан чиқишолмай, кетишга мажбур бўлди, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, Липпи жамоасидан яна бир етук мураббий чиққанини исботлаб улгурди.

Паулу Соуза («Фиорентина»; Португалия)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1994-1996 (ўйинчи сифатида).

Мураббийликдаги ютуқлари: Швейцария ва Исроил чемпиони.

1996 йилги ЕЧЛ финалида «Аякс»­га қарши баҳсда «Ювентус» сафида Конте ва Дешам билан елкама-елка тўп сурган португалиялик кейинчалик бутун Европани кезиб чиқди. Сўнгги икки йилдан буён эса «Фиорентина» футболчиларига устозлик қилмоқда. Айтишларича, Паулу янги саёҳатга чиқиши мумкин экан: Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби Мирча Луческунинг ўрнига асосий номзод сифатида айнан Соузани кўрмоқда. Питерликлар ҳаттоки, бу борада у билан музокара ўтказишга ҳам улгуришган.

Массимо Каррера («Спартак»; Италия)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1991-1996 (ўйинчи сифатида); 2009-2014 (ёшлар сектори координатори, кейинчалик бош мураббий ёрдамчиси сифатида).

Мураббийликдаги ютуқлари: Россия чемпиони, Италия суперкубоги соҳиби (бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида).

Яқиндагина Россия чемпионлигини нишонлаб, «спартакчилар» ишқибозлари кумирига айланган мутахассис ҳам ўша «оқ-қоралар» сафидан чиққан. Массимо умумий ҳисобда ўн йилини «Ювентус»га бағишлаган. Турин жамоаси либосида 150тадан ортиқ ўйин ўтказиб, турли сов­ринларни қўлга киритган. Улар орасида Чемпионлар кубоги ва УЕФА кубоги бор. Кейинчалик клуб тизимида фаолият юритиб, ёшлар секторидагиларга координаторлик вазифасини ўтади, шунингдек, Антонио Контега ёрдамчилик қилди. Жорий мавсумгача Каррера бош мураббий сифатида ишламаганди, унга бундай шарафли лавозимни Москванинг «Спартак» жамоаси тақдим этди. Кўриниб турибдики, бу танлов янглиш эмас экан.

Игор Тудор («Галатасарой»; Хорватия)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1998-2005 ва 2006-2007 (ўйинчи сифатида).

Мураббийликдаги ютуқлари: Хорватия кубоги.

Ўз юртида «Хайдук» футболчиларига устозлик қилди, Грециянинг ПАОК жамоасида ишлади, «Карабюкспор»да фаолият юритди. Жорий йил февралидан бошлаб Туркиянинг бошқа бир йирик клуби - «Галатасарой» бош мураббийи лавозимини эгаллади.

Паоло Монтеро («Росарио Сентраль»; Уругвай)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1996-2005 (ўйинчи сифатида).

Туринда Монтерони қўпол ва асло бўш келмайдиган ҳимоячи сифатида эслаб қолишган. У «Юве» либосида ўтказган ўйинларида 21 марта қизил карточкага муносиб кўрилган. Паоло мураббийлик фаолиятини бошлаш мақсадида Жанубий Америкага йўл олди. Ҳозирда «Росарио Сентраль» клубини бошқараётган мутахассис жамоаси билан Аргентина примера-дивизионида 11-ўринни эгаллаб турибди.

Филиппо Инзаги («Венеция»; Италия)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1997-2001 (ўйинчи сифатида).

Гарчи Инзагининг номи «Милан» билан узвий боғлансада, унинг етук ўйинчи сифатидаги истеъдоди айнан «Юве»да намоён бўлган. Модалар пойтахти шарафини ҳимоя қилувчи «қизил-қоралар»га устозлик қилиши эса муваффақиятсиз якун топди. Ҳозир «Венеция»да ишламоқда. Жорий мавсум якунларига кўра, Филиппо ушбу жамоани «В» серияга олиб чиқди.

Чиро Феррара (клубсиз; Италия)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1994-2005 (ўйинчи сифатида); 2009-2010 (мураббий сифатида).

«Ювентус»нинг афсонавий ҳимоячиси қадрдон клубини бошқаришга улгурди, аммо «А» серия турнир жадвалида бор-йўғи 7-ўрин билан чекланди. Феррара жорий йил мартида Хитойнинг «Ухань Чжоэр» жамоаси бош мураббийлигидан бўшатилди.

Жанлука Замбротта («Дели Дайнамос»; Италия)

«Ювентус»да ўтказган йиллари: 1999-2006 (ўйинчи сифатида).

Жанлука дастлаб Липпи қўл остида «Ювентус»да ўйнади, кейинчалик буюк мураббийнинг навбатдаги қайтишига ҳам гувоҳ бўлди. Ўзи Швейцариянинг «Кьяссо» клубини бош­қарди, айни пайт Ҳиндистоннинг «Дели Дайнамос»ини шуғуллантирмоқда. Ҳозирча жиддий ютуқларни қўлга киритмади, аммо «Юве»нинг аксарият собиқ футболчилари каби миллионлар ўйинидан йироқлашмаган.

Яна кимларнинг «Ювентус»га боғлиқлиги бор?

Массимилиано Аллегри «Ювентус»­ни ЕЧЛнинг навбатдаги финалига олиб чиқди, яна бир бор скудеттони қўлга киритди. Дон Карло Турин грандидаги фаолияти келажакка пойдевор қўйганини тан олган. қизиғи, «кўҳна қитъа»нинг олти етакчи чемпионатларидан бештасида «Ювентус»га алоқадор бўлган мураббийлар ғолиб чиқишди: Карло Анчелотти («Бавария», Германия), Массимо Каррера («Спартак»), Антонио Конте («Челси», Англия), Массимилиано Аллегри («Ювентус», Италия), Зайниддин Зидан («Реал», Испания). ЕЧЛнинг жорий мавсумида ҳам «бьянконери»нинг собиқ футболчиси Зизу ёки «Кекса синьора»нинг ҳозирги устози Аллегри муваффақият қозонади. Ажойиб ҳолат, шундай эмасми?

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:02, 29.05.2017.
Ўқилди: 4513 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.