Ўтган мавсум Қатарнинг «Ас-Сайлия» клуби шарафини ҳимоя қилган ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов айни пайт Тошкентда ҳордиқ чиқармоқда. Кўпчилик билади, у фаолияти давомида илк марта легионер сифатида тўп сурди. Айтиш мумкинки, Санжарнинг Қатар Юлдузлар лигасида тахминан 4 ойга чўзилган фаолияти омадли чиқди. Эсингизда бўлса, у «Ал-Сайлия» сафига Қатар чемпионати иккинчи даврасида қўшилганди. Шоаҳмедов бегона юртда «Локомотив»даги жамоадоши Темурхўжа Абдухолиқов билан бирга ўйнади ва чемпионат доирасидаги 10та учрашувда майдонга тушиб, 2та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, жамоасининг яна 3та голида ассистентлик ролини бажарди. Умуман, ҳамюртимиз «Ас-Сайлия» билан ярим йил муддатга шартнома тузганди. Тўғри, келишувда ҳамкорлик муддатини бир йилга узайтириш мумкинлиги ҳақидаги банд ҳам бор эди. Хўш, Санжар фаолиятини «Сайлия»да давом эттирадими ёки олдида бошқа реал вариантлар ҳам бор? Футболчи билан уюштирган суҳбатимизни ўқиш асносида айни шу саволга ҳам жавоб олишингиз мумкин.
- Санжар, илк бора легионер мақомида ўйнадингиз. Умумий таассуротларингиз қандай?
- Қатардаги фаолиятимнинг бошланғич қисмидан жуда яхши таассуротлар қолди. Ўзи анчадан буён легионер сифатида хорижда тўп суришни орзу қилардим. Шукрки, бу ниятимга етишдим. Албатта, шундай имконият юзага келганидан бағоят хурсандман. Тўғри, легионерликнинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор ва буни чуқур англадим. Ахир сизга катта ишонч билдириб, ўз жамоаларига таклиф қилишади. Табиийки, клуб раҳбарияти, мураббийлар ва мухлислар легионер футболчидан кўпроғини кутишади. Ана шу ишончни оқлаш барча футболчиларга ҳам насиб этавермайди. Ўйлайманки, Қатарда ўйиним чакки чиқмади ва «Сайлия» ишончини маълум даражада оқладим. Демак, таассуротлар шунга яраша ижобий...
- Қатар чемпионатига мослашиб кетиш жараёнида қийналмадингизми? Айнан қайси жиҳатларда муаммо сезилди?
- Айтишим мумкинки, маҳаллий тилни билмаслигим мен учун асосий муаммо бўлди. Шунингдек, бошида янги муҳит, об-ҳаво шароитига кўникишим ҳам бироз қийин кечди. Қолган масалаларда айтарли муаммоларга дуч келганим йўқ. Хусусан, жамоада Темурхўжа каби мени ҳам жуда илиқ кутиб олишди. Футбол масаласига келсак, у ҳамма жойда бир хил ўйналади. Фақат ўйин ва машғулотларга ёндашув бироз бошқача, холос. Муҳими, етарли ўйин амалиётига эга бўлдим. Яъни «Сайлия»нинг деярли барча учрашувларида майдонга тушдим. Нолишга асос йўқ.
- Ўзингиз айтдингиз, турли жойларда футболга ёндашув ва ўйин услубида фарқ бор. Хўш, янгича қарашлар ва тактик чизмаларни қандай қабул қилдингиз?
- Дарҳақиқат, «Локомотив» ва «Ас-Сайлия» клублари ўйин услубида катта фарқ сезилди. Мослашишга астойдил ҳаракат қилганим ва ўз устимда жиддий ишлаганим самараси ўлароқ, унча қийналганим йўқ. Қолаверса, ёнимда Темурхўжанинг борлиги ҳам қўл келди, албатта.
- Умуман, Қатар чемпионатидаги иштирокингиздан кўнглингиз нечоғли тўлди?
- Ҳеч бир футболчи ўз ўйинидан 100 фоиз қониқиш ҳосил қилмаса керак. Шу маънода айтсам, баъзи ўйинларда ҳаракатларим бироз қовушмади, қайсидир вазиятларда ўз даражамда ҳаракатланолмадим. Лекин мураббийлар ўйинимдан хурсанд бўлишлари учун астойдил ҳаракат қилдим. Ҳозир ўйинларни таҳлил қилиш асносида йўл қўйган хатоларимни кўриб чиқяпман. Демоқчиманки, ниманинг устида кўпроқ ишлашим кераклигини биламан. Қатар чемпионатининг 10та ўйинида майдонга тушдим ва рақиблар дарвозасини 2 бора ишғол қилиш баробарида яна 3та ассистенти бўлдим. Ўйлайманки, ярим ҳимоячи учун ёмон кўрсаткич эмас.
- Ўзингиз ҳам таъкидладингиз, Темурхўжа Абдухолиқов билан бирга ўйнаганингиз фойдангизга ишлади...
- Шубҳасиз. Зеро, иккимиз бир-биримизга елкадош бўлиб ўйнадик. Битта жамоага борганимиз нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам жуда қўл келди. Хусусан Темурхўжанинг инглиз тилини билиши ишимизни анча енгиллаштирди. У ўйин пайти ҳам, машғулотлар чоғи ҳам мураббий кўрсатмаларини етказиб турди.
- Қатар чемпионати ёки умуман, мамлакатда нима ёқмади?
- Шунчаки, ҳаммаси ажойиб. Ёқмаган томоннинг ўзи йўқ.
- «Ас-Сайлия» билан шартнома муддатини узайтирасизми?
- Агар ҳаммаси жойида бўлса, шартномани яна 1 йилга узайтириш кўзда тутилганди. Мана, илк келишувга биноан, клубда ярим йил ўйнадим.
- Бу масалада клуб раҳбарияти билан гаплашдингизми?
- Ҳозирча йўқ, аммо агентим иш олиб боряпти.
- «Ас-Сайлия» билан-ми?
- Нафақат бу жамоа, балки бошқалари билан ҳам.
- Ўз хоҳишингиз қандай: «Ас-Сайлия»да қолмоқчимисиз ёки...?
- Буни вақт кўрсатади. Ҳозирча уйда, оила даврасида ҳордиқ чиқар-япман. «Ал- Сайлия» янги мавсумга тайёргарлик ишларини 10 июлдан бошлайди.
- Билишимизча, олий лига клубларидан ҳам етарлича таклифлар олгансиз. Хусусан, Тошкентнинг 3та жамоасидан. Балки олий лигага қайтарсиз?
- Ҳа, бу маълумот тўғри - «Пахтакор» ва «Бунёдкор»дан чорлов бўлди. Лекин ҳозирча бу борада аниқ гап айтолмайман. Қисқаси, янги мавсумни қаерда ва қайси клубда бошлашим масаласи ҳали очиқ.
- Айтайлик, «Пахтакор» ва «Бун-ёдкор»дан бирини танлашингизга тўғри келса, қай бирига мойиллик сезасиз?
- Қизиқ савол... Энди пешонамга қайсиси ёзилган бўлса, ўшани танлайман-да (кулади). Жиддий гапирсам, очиғи, билмадим. Бирор клубни ранжитиш ниятим йўқ.
- Қатар ва Қувайт жамоалари ҳам хизматингизга қизиқаётган экан...
- Ҳа, таклифлар етарли, фақат энди энг мақбулини танлашим керак.
- Сир бўлмаса, қайси хорижий клублардан таклифлар тушди?
- Айни пайт клублар номини айтишдан маъно йўқ. Бу масала билан агентим шуғулланяпти. Ўзимга қолса, легионер сифатида ўйнашда давом этишни хоҳлардим. Чунончи, футболчи борки, хориж чемпионатларида тўп суришни истайди. Хуллас, насибам қаерда бўлса, ўша жойда ўйнайман.
- Агентингиз хусусида ҳам маълумот берсангиз.
- У ўзимиздан, ҳозирча ҳамкорлигимиз чакки эмас.
- Балки «Ас-Сайлия» бош мураббийи сиз билан ишлашда давом этмоқчидир...
- Агентим мураббий ва клуб раҳбарлари билан алоқада. Улар шу кунларда яна учрашишлари керак.
- Тошкентга қайтгач, Ўзбекистон чемпионати ўйинларини бевосита стадионда кузатишга вақт ажрата оляпсизми?
- Афсуски, ҳали бирор ўйинни кўрганим йўқ.
- Ўзбекистон - Таиланд учрашувини-чи?
- Бунисини кўрдим. Таассуротлар ёмон эмас, ғалаба ҳамиша ёқимли. Айниқса, иккинчи бўлимда томошабоп ўйин кўрсатилди. Голлар ҳам чиройли чиқди. Албатта, Темурхўжа учун алоҳида хурсандман.
- Қизиқ, Европа ЧЛ финалида қайси клубга тарафкашлик қилдингиз?
- Тўғриси, чиройли футболга. Яъни шундай ўйин кўрсатган томонга.
- Демак, гап «Реал» ҳақида кетяпти...
- Шундай. Барча кўрди, кубок кучли жамоага насиб этди. «Реал» ҳақли ғалабага эришди.
- Ўзи қайси жамоалар ўйинига бефарқ қарамайсиз?
- Одатда «Барселона» иштирокидаги ўйинларни кўриб боришга ҳаракат қиламан. Мана, каталонияликлар бу йил чорак финалда катта шов-шув кўтаришди. Ажойиб «камбэк», лекин давоми ўхшамади.
- «Барселона» мухлислари ЧЛ финалида «Ювентус» ғалаба қозонишини исташгани тайин...
- Мен эса шунчаки, кучли жамоа ютишини хоҳладим.
- Андрес Иньеста ўйинига алоҳида ҳавас билан қарашингиз ҳақида эшитганмиз...
- Шундай. Бу футболчининг майдон марказидаги ҳаракатларидан шунчаки, завқланаман. Умуман, у кўплаб футболчилар учун чинакам ўрнак намунаси ҳисобланади.
- Тасаввур қилинг, футболни танламаганингизда, қайси соҳада ишлардингиз?
- Очиғи, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Эркак киши учун 40та ҳунар ҳам озлиги ҳақида гап бор. Шундай экан, рўзғор тебратиш учун мос келадиган бирор касбни танлардим. Балки илм олишга қизиқиб, қайсидир институтда ўқирмидим...?
- Бошқа спорт турларига нисбатан қизиқишингиз паст бўлмаса керак.
- Албатта, бефарқ эмасман ва турли мусобақаларни кузатиб бораман. Дейлик, охирги вақтларда боксчиларимиз иштирокидаги жангларга қизиқишим анча ортди.
- Хўш, қайси боксчиларимизни танийсиз?
- Руслан Чагаев, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов... Вакилларимизнинг Рио-2016 Олимпиадасида кўрсатган жасоратларига гап йўқ - тарихий натижа.
- Китоб мутолаасига қалайсиз?
- Тўғриси, шунга вақт ажратишим қийин-да. Охирги марта Қатарда инглиз тилида ёзилган китобни ўқидим.
- Демак, инглиз тилини ўрганиш ишларини бошлагансиз.
- Ҳа, шунга ҳаракат қиляпман.
- Энди блиц-саволлар: энг маъқул автомобиль маркаси...
- Lasetti.
- Энг маъқул таом...
- Таом танламайман. Борига шукр қиламан.
- Орзунгиз...
- Қўлимдан келганича инсонларга ёрдам беришни истайман. Футбол масаласидаги орзум - яхши клубларда ўйнаш. Болалигимда футболчи бўлиш орзуси билан яшаганман ва шукрки, бунга етишдим. Кейин легионер мақомида ўйнашни мақсад қилдим ва бу орзу ҳам рўёбга чиқди. Шунингдек, Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Энди миллий жамоа либосида ҳам майдонга тушишни истайман.