ФИФА президенти Жанни Инфантино ўз вақтида россиялик бизнесмен Алишер Усмановга тегишли бўлган самолётдан бир неча марта фойдаланган.
Mail on Sunday нашрининг ёзишича, Усмоновнинг Россия спорти билан боғлиқ шахс эканини инобатга оладиган бўлсак, бу «манфаатлар тўқнашуви»ни келтириб чиқариши мумкин.
ФИФАнинг бир неча аъзолари Инфантинонинг бу ҳаракатидан норози бўлиб, ёзма равишда тегишли қўмитага шикоят қилган. Инфантино шахсий самолётда амалга оширадиган парвози ҳақида ташкилотни огоҳлантирмаган. Бу эса ФИФА қоидаларининг бузилишидир.
Аммо ФИФАнинг аҳлоқ қўмитаси бу айбловлар бўйича аниқ далилларни тополмаган. Прокурор Роберт Торреснинг гапига кўра, Инфантино учган самолёт унинг дўсти Леон Семёненкога тегишли бўлиб, у бу самолётни икки йил муқаддам Усмоновдан сотиб олган.
«Семёненко ва Усмоновнинг алоқалари у қадар яқин эмас. Бу ҳаттоки, «манфаатлар тўқнашуви» сифатида ўрганилишга ҳам арзимайди», — дея қайд этиб ўтган Торрес.
«Самолёт 2014 йилдан буён менга тегишли. Мен ва оилам Жанни Инфантино билан бир неча йиллардан буён дўстмиз. Мен унга Милан орқали Римга учишни таклиф қилдим, сабаби ўзим ҳам махсус тадбирда иштирок этиш учун учиб кетаётгандим. Кейин мен Римда қолдим, уни эса Женевага кузатиб қўйдим. Мен бу вазиятни тушунтириш учун ФИФА тергов қўмитасига камида икки соат кўрсатма бердим», — деган Семёненко.
Мазкур баёнотларга қарамасдан, самолёт Инфантино ундан фойдаланган вақтда бошқа шахс қўлига ўтган. Лайнер Кайман оролларида рўйхатга олинган бўлиб, аслида унга ким эгалик қилиши аниқ эмас. Бу ҳақдаги маълумотлар ФИФАга жўнатилганида, иш аллақачон ёпилгани ҳақида жавоб келган. ФИФА вакилларидан бирининг таъкидлашича, агар самолёт Усмоновга тегишли бўлган тақдирда ҳам, Инфантино бу ҳақда билмаган ва унга нисбатан ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.