Anhor.uz сайтида таниқли футбол эксперти Алишер Аминовнинг «Ўзбекистон футболи: гўзал пешайвон нималарни тўсиб турибди?» сарлавҳаси остида интервьюси эълон қилинди. Аввалроқ ҳам шу сайт Алишер Аминов билан интервью уюштирган ва суҳбат давомида футболимиздаги оғриқли ҳолатлар тилга олинган эди.
– Олдинги интервьюнгизда ўзбек футболидаги ҳолатга танқидий баҳо бериб, тизимли характердаги муаммоларни очиб ташлаган эдингиз. Давлат ҳокимияти ва футбол жамоатчилигининг реакциясини кутяпсизми?
Алишер Аминов: – Ҳозирча реакция йўқ. Айнан мулоқотнинг йўқлиги, жамоатчилик ҳали тизимли муаммоларни муҳокама этишга тайёр эмаслигини билдиради. Бунинг ҳайрон қоларли жойи ҳам йўқ. Футбол субъектлари узоқ йиллар давомида ЎФФ эътиборидан четда қолган, муҳим қарорларнинг абсолют катта қисми федерация президенти томонидан якка қабул қилинган.
Шуларни эътиборга олиб, яна қайтараман: фақатгина ЎФФ фаолиятини демократлаштириш, профессионаллик принципларини жорий этиш, қарорларни қабул қилишда ошкоралик ва жамоавийлик томон йўл тутиш футбол жамоатчилиги ролини ва унинг республика футбол ҳаётидаги нуфузини оширади.
– Шундай фикрлар борки, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ўзига ворис этиб ўғли Жаҳонгирни — футзал ассоциацияси вице-президентини танлаган эмиш…
– Бу сизни ҳайрон қолдиряптими? Мени эса йўқ. Собиқ СССРнинг деярли барча мамлакатлари футбол федерациялари бошқариш услуби билан бир-биридан кескин фарқланмайди. Уларнинг «умумий жиҳати» — футбол ҳокимиятининг давлат раҳбарининг қариндошлари, яқин дўстлари ёки камида сафдошлари томонидан эгаллаб олинганидир. Масалан, Қозоғистонда президент Назарбоевнинг ҳозир марҳум куёви футболни бошқарган, энди эса ҚФФ рулида (вице президент сифатида) — президентнинг яна бир қариндоши. Тожикистонда футбол билан президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам шуғулланади. Озарбойжонда эса — «Сокар» давлат нефть компанияси раҳбари. Россияда президент Путиннинг дўстлари. Беларусь ва Туркманистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар.
– Нега сиз Жаҳонгир Усмонов ЎФФни бошқаришга қодир эмас, деб ҳисоблайсиз? Ахир футзал ассоциациясининг мақтанишга арзигулик натижалари бор эмасми?