Кириш Регистрация

Такрорий видеолавҳалардан фойдаланиш - футболдаги инқилобми?

Баҳо:
+ | -

Баҳсли ҳолатларда видеотакрордан фойдаланиш фикри ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттердан чиққанди. Унга кўра, баҳсли ҳолатда икки жамоа мураббийлари майдонда юз берган жараённи такрор кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлишлари кўзда тутилган. Бу имтиёздан бир бўлим давомида икки марта, ўйин тўхтатилган пайтдагина фойдаланиш мумкин. Агар ҳакамнинг дастлабки хулосаси тўғри чиқса, жамоанинг видеотакрорларни сўраш сўрови сони камайиб боради. Бу амалиёт теннис, волейбол ва Америка футболида аллақачон амалиётдан ўтган.

Блаттер ҳакам ва мураббийлар учун майдон четига махсус мониторлар ўрнатилишини таклиф қилганди. Бундан ташқари, ФИФА раҳбари ушбу янгиликдан фақат телевидение орқали трансляция қилинадиган ўйинларда фойдаланиш мумкинлигини ҳам билдирган. Мазкур қоидани илк бор 2015 йили Янги Зеландияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида синаб кўриш режалаштирилган, лекин техник тайёргарлик якунига етмагани боис жараён ортга сурилганди. Ўшанда аксарият мутахассислар умумий хулосага кўра, бу қоида мукаммал ишлаб чиқиладиган бўлса, футболга катта фойда келтиришини билдиришган.

ИЛК МАРТА

Мазкур лойиҳа футболда икки жамоа мураббийларининг талабига кўра эмас, балки ҳакамларнинг ишини енгиллаштириш мақсадида жорий қилинди. Бошқа спорт турларида видеотакрорлар фақат мусобақалашаётган тараф вакилининг талабига кўра ўйин давомида саноқли марта амалга оширилади. Футбода эса бу ерда ҳеч қандай чеклов йўқ.

2016 йил 8-18 декабрь кунлари Японияда ўтказилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк бор видеотакрорлардан фойдаланилди. Мусобақа давомида мазкур янгиликка «Реал Мадрид» вакиллари Зайниддин Зидан ва Лука Модрич ўз эътирозларини билдиришган.

Видео ёрдамчи ҳакам, яъни video assistant referee (VAR) дея аталаётган бу янгилик футбол қоидаларининг таркибий қисми эмас. Мазкур тизим 4та ҳолатга ойдинлик киритади: 1. Гол; 2. Пенальти; 3. Қизил карточка; 4. Хатони аниқлаштириш (футболчига сариқ ёки қизил карточка берилишини ҳал этиш).

ЭРМАТОВ - ВИДЕОҲАКАМ!

ФИФА рефериси, ҳамюртимиз Равшан Эрматов Конфедерациялар кубоги-2017 турнирида видеотакрорлар бўйича рефери ассистенти вазифасини бажармоқда.

Олдин хабар берганимиздек, ФИФА учрашувларни бошқариш учун 9 нафар бош ҳакамни танлаб олган. Эрматов эса уларнинг ичида йўқ эди. Ўзбекистонлик рефери ФИФА таснифидаги мусобақаларда иккинчи марта қўлланилаётган янги тизимни ишлатишда кўмакчи вазифасини ўтайдиган бўлди. У асосан осиёлик ҳакамлар Алиризо Фағони (Эрон) ва Фаҳад Ал-Мирдаси(Саудия Арабистони) ҳакамлар гуруҳига бириктирилган.

Маълумот учун, Эрматов ФИФАнинг кетма-кет иккинчи йирик мусобақасида бош ҳакам сифатида эмас, балки видеоассистент сифатида ишлаши белгиланмоқда. Бунгача ФИФА видеотакрорларни илк марта синовдан ўтказган 2016 йилги клублар ўртасидаги ЖЧда ҳам баҳрайнлик ҳакам Наваф Шукрулла гуруҳига Эрматов видеоассистент сифатида бириктирилган ва улар бу мусобақада 2та баҳсда қатнашгандилар.

ИЛК МАРТА ГОЛ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Конфедерациялар кубоги-2017 доирасидаги 18 июнь санасида бўлиб ўтган Португалия - Мексика учрашувида бош ҳакам Нестор Питан португаллар футболчиси Пепенинг голини ҳисобга олмади. Аниқроғи, ўйиннинг 21-дақиқасида киритилган тўп видеоёрдамчи офсайд қайд этганидан сўнг бекор қилинган.

Мазкур ўйин видео ёрдамчи ҳакамлари сифатида Жэйр Марруфо (АҚШ) ва Далибор Журжевич (Сербия) тайинланганди.

ИТАЛИЯ ВИДЕОТАКРОРЛАРГА ТАЙЁРМИ?

Италия футбол федерацияси президенти Карло Тавеккио 2017|2018 йиллар мавсумидан бошлаб «А» серия ўйинларида видеотакрорлардан фойдаланилишини маълум қилди.

«Баҳсли вазиятларни кўриб чиқиш учун алоҳида хона талаб этилади. Ўйинни камида 8та камера суратга туширади. 2 миллион евро атрофидаги харажатларни «А» серия ўз зиммасига олади. ФИФА ҳали якуний рухсатни бермади, лекин бунга қаршилик билдирмаса керак. Шу боис, биз келаси мавсумдан бошлаб видеотакрорлардан фойдаланмоқчимиз»,-деди сеньор Тавеккио.

Ушбу янгилик жорий қилиниши билан дарвоза ортида ишлайдиган ёрдамчи ҳакамлар тайинлови бекор қилинади. Шу ўринда, «А» сериянинг якунланган мавсумида голни автомат равишда аниқлайдиган тизимдан фойдаланилганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, жорий мавсум видеотакрорлар Германия, Бразилия, Португалия, Голландия, АҚШ ва Австралия чемпионатларида ҳам синаб кўрилади.

ЯНГИЛИККА МУНОСАБАТ

ФИФА президенти Жанни Инфантино Конфедерациялар кубоги 1-туридан ўрин олган Австралия ва Германия ўртасидаги учрашувдан сўнг (2017 йил 19 июнь) мусобақада янги тизим (VAR) ишлаётганлигидан мамнун эканлигини айтди. Мазкур баҳсда Равшан Эрматов видеоёрдам гуруҳида ишлади. Учрашувнинг ўзи эса Германия фойдасига 3:2 ҳисобида якунланди.

«VAR тизими қўлланилаётганидан жуда мамнунман. Видеоёрдамчиларнинг ҳакамларга тўғри қарор қабул қилишда қандай ёрдам бераётганини кўрмоқдамиз. Тизимнинг Конфедерациялар кубогида синовдан ўтиши бизга жараёнларни ва ҳакамлар билан алоқа қилишни яхшилашда ёрдам беради. Мухлисларнинг кўп йиллар давомида орзиқиб кутганлари юз берди. Видеоёрдам тизими бу замонавий футбол келажагидир»,-деди Инфантино.

«Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер ушбу янгиликка ўз муносабатини билдираркан, жамоаси иштирокидаги бир қатор баҳсларда видеотакрордан фойдаланилганда вазият бош-қача якунланиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Мен 2006 йили Чемпионлар Лигаси финалида «Барселона» урган биринчи голни танлаган бўлардим. Ўшанда «офсайд» бор эди, биз баҳс якунланишига 30 дақиқа қолганида 1:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Биласиз, менга худди шу мусобақа бош соврини етишмайди ва ўша тўп киритилган эпизод муҳим саналарди. Иккинчи ҳолат эса айнан «Барселона»га қарши кечган 2011 йилги учрашувда Робин ван Персига кўрсатилган қизил карточка билан боғлиқ. Биз жуда кучли рақибга қарши баҳс олиб бораётгандик. Ўшанда ҳакамнинг қарорини қабул қилиш жуда оғир эди. Футболчимизнинг четлатилиши бизнинг имкониятларимизга нуқта қўйганди.

Ниҳоят, яқиндагина бўлиб ўтган яна бир ҳолатни эслаб ўтмоқчиман. «Бавария» билан Чемпионлар Лигаси учрашувида Косельни четлатилиб, дарвозамига пенальти белгиланган вазиятда Левандовски «офсайд»да турганди. Ёдимга тушган вазиятлар шулар, балки бошқа яна кўплаб шунга ўхшаш вазиятларни эслай олмагандирман?!»,-деди Венгер.

УЕФАнинг собиқ президенти, маълум муддатга футбол соҳасида фаолият юритишдан четлатилган Мишель Платини ҳам миллионлар ўйинида видеотакрорлардан фойдаланиш жорий қилинишига ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Ўйлашимча, бу қарор тўғри эмас, лекин синаб кўриш мумкин. Агар самара келтирса, нега уни қўлламаслик керак? Шахсий фикрим, бундай ишламаслик лозим. Майли, балки мен ноҳақдирман. Ҳар ҳолда бу уринишлар видеоускуналар ишлаб чиқарувчи компаниянинг бизнеси ривожланиши учун эмасдир?! Агар шундай бўлса, бу жуда ёмон ҳодисадир. Футбол - ажойиб ўйин. Баъзида ҳакамларнинг хатолари уни томошабоп қилади. Видеотакрорлар жозибани бузиб қўймаслиги керак»,-деди Платини L~Equipe нашрига берган интервьюсида.

ШИФОКОРЛАР ҲАМ АЛОҚАДОРМИ?

Футбол ассоциациялари халқаро уюшмаси (IFAB) ҳар йили ўтказиладиган мажлисида янги қоидани тасдиқлаши мумкин. Унга биноан, жамоа шифокорларига учрашувлар вақтида видеотакрорларни кўриш рухсат этилади.

Associated Press хабар беришича, сўнгги вақтларда ўйинчиларда мия чайқалиши кўп кузатилмоқда, аммо шифокорлар ўз вақтида ташхис қўя олмаяптилар. Шунинг учун футболчилар ўйнашда давом этиб, кейинчалик муаммоларга дуч кел-яптилар. Агар тиббиёт ходимларига видеотакрорларни кўриш рухсат этилса, мураббийдан ўйинчини ўз вақтида алмаштиришни сўраб мурожаат этишлари мумкин бўлади.

ХУЛОСА

Видеотакрорлар масаласи эндигина амалиётга татбиқ этилаётгани боис унинг камчилик ва ютуқлари борасида тортишувлар бўлиши аниқ. Тўғри, айнан шу янгилик туфайли ўйинда кутилмаган танаффуслар юзага келяпти. Лекин адолат юзасидан тан олайлик, уларнинг вазифаси футболда адолат тамойилини янада тўлиқ қарор топтиришга қаратилган. Миллионлар ўйинида жозиба йўқолиши борасидаги эътирозларга келсак, бу гапларда ҳам жон бор. Лекин бекор қилинган Ўзбекистон-Баҳрайн ўйини ёки «Барселона»-«Челси» дуэлларини бир ёдингизга келтиринг. Агар ўша пайт бу тизим (ёки технология) жорий этилганида, ҳозир футбол қандай бўлиши мумкин эди?

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:55, 05.07.2017.
Ўқилди: 4408 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.